Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:25

Саддамнинг боши дорга тобора яқинлашмоқда


Ироқ апелляция суди мамлакатнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайнга нисбатан ноябрь ойида чиқарилган ўлим ҳукмини ўз кучида қолдирди. Энди у 30 кун ичида қатл этилиши мумкин.

Саддам Ҳусайн 1982 йилда амалга оширилган жиноят – 148 шиа мусулмонни ўлдиришда айбланиб ўлимга ҳукм қилинган эди.

Ҳукмни ўқиб эшиттирган судья Ориф Абдулраззоқ ал-Шаҳин: “Бизнинг вазифамиз тугади. Энди ҳукмни ижро этиш қолди. Қонунларимизга кўра, у 30 кун ичида ижро этилиши лозим”, - деди.

Апелляция суди, шунингдек, Ҳусайн билан бирга судланган икки шахс устидан чиқарилган ҳукмни ҳам ўз кучида қолдирди.

Ироқ апелляция суди судьяси 26 декабрь куни ҳукмни ўқиётган чоғда Саддам Ҳусайн “Аллоҳу акбар”, дея ҳайқириб шовқин кўтарди.

Апелляция суди ҳукмини Ироқ президенти Жалол Талабоний тасдиқлаши керак. Лекин Ҳусайнни қатл этиш тўғрисидаги дастлабки ҳукмни чиқарган судья, ҳукмни президент тасдиқлайдими-йўқми, бундан қатъий назар мамлакат судлов тизими собиқ диктаторнинг қатл этилишини кафолатлашини айтганди.

Ироқ бош вазири Нури ал-Маликийнинг матбуот котиби Бассам ал-Ҳусайний АҚШ телевидениесига берган интервьюсида мамлакатнинг турли қатламлари вакиллари – юзлаб кишилар Саддам Ҳусайн устидан чиқарилган ҳукмни ижро этиш истагини билдирганини маълум қилди.

Лекин бу Ироқда ҳамма Саддамнинг қонини кўриш истагида, дегани эмас, албатта. Ироқлик шиалар вакиллари бўлган сиёсатчилар қатл тарафдори бўлса, сунний сиёсатчилар Ҳусайн устидан чиқарилган ҳукм шиаларнинг қасди, деган фикрда.

Фикрлар, муносабатлар турфалигини оддий ироқликлар орасида ҳам кузатиш мумкин.

“Очиғи, айни шу кунларда қатл этиш тўғрисидаги ҳукмни қувватламаган бўлардим. Чунки аҳвол янада оғирлашиб кетиши мумкин”, - деди оддий ироқликлардан бири.

Бошқа бир ироқлик эса: “Менимча, бу тўғри, адолатли қарор, чунки унинг ўзидан (яъни Саддам Ҳусайндан) ироқликлар адолат кўрган эмас”, - дер экан, Қурбон ҳайити яқинлашиб қолгани, шунинг учун ҳукмни ижро этиш муддатини бироз кечиктириш тўғри бўлишини таъкидлади.

Айни пайтда Саддам Ҳусайн устидан навбатдаги суд ҳам давом этяпти. Собиқ диктатор 80-йилларда курдларни оммавий қирғин қилишда айбланмоқда.
XS
SM
MD
LG