Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:08

Муҳаммад Солиҳ “утка”га жавоб қайтарди


Ўзбекистоннинг мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ ўзининг Истанбулда Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев билан учрашгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Бу ҳақдаги хабарни Ўзбекистон ҳукуматига мойил “Пресс-уз.инфо” сайти айрим қирғиз манбаларига асосланиб тарқатган эди.

Ўша хабарда айтилишича, Қирғизистон раҳбари Қ.Бақиев ноябрь ойида туркий тилли давлатлар саммитида қатнашиш учун Истанбулга борган чоғида М.Солиҳ билан яккама-якка суҳбатлашган.

Аммо Қ.Бақиев ўзбек мухолифати лидери билан нима ҳақда суҳбатлашгани хабарда айтилмаган.

М.Солиҳ бу хабарни мутлақо асоссиз, деб атади.

“Истанбулда туркий тилли давлатлар саммити ўтаётган пайтда мен Германияда эдим. Демак, учрашганим йўқ”, - деди М.Солиҳ.

Шунингдек, “Пресс-уз.инфо”даги хабарда Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон исломий ҳаракатининг маънавий етакчиси, деб келтирилади.

“Бу аҳмоқона гап. Мен Ўзбекистон исломий ҳаракатини тан олмайман ва унинг лидери ҳам эмасман. Менинг лидерлик қилган ташкилотим “Эрк” демократик партияси”, - деди бунга жавобан М.Солиҳ.

Қ.Бақиев Қирғизистонда аввалги президент Аскар Ақаевнинг қочиши билан якун топган “лола инқилоби”дан сўнг ҳокимият тепасига келган. Ҳозир эса уни ҳокимияти мухолифат нишонига тушган.

Муҳаммад Солиҳ Интернетда тарқатилган юқоридаги хабарни ўзига ва Қирғизистон президентига қарши уюштирилган фитна ўлароқ баҳолади. Шу билан бирга, у Қирғизистон ҳукумати расмийлари ва сиёсатчилари билан учрашиш истаги борлигини рад этмади.
XS
SM
MD
LG