Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:10

Туркманларнинг янги раҳбари ҳам эскисига тортяпти


Узоқ йиллар диктаторлик бошқаруви остида яшаб келган Туркманистон халқи умрбод президент Сапармурод Ниёзовнинг ўлимидан кейин ҳам рўшнолик кўрмайдиган кўринади.

Ҳар ҳолда кузатувчилар Туркманбошининг ўлимидан сўнгги воқеалар силсиласи шундай хулосага сабаб бўлишини айтмоқда. Улар Туркманистондаги бугунги вазиятни Сталин ўлимидан кейинги давр билан қиёсламоқда. Ўшанда собиқ иттифоқ раҳбари вафот этгач, унинг ўрнига келган Хрушёв бутун мамлакатда илиқлашувни бошлаган эди. Туркманистоннинг янги раҳбарияти учун эса бундай илиқлашув бегона кўринаëтганга ўхшайди.

Олий давлат органи – Халқ маслаҳатининг Туркманбошининг кутилмаганда нариги дунёга рихлат қилишидан сўнг 26 декабрь куни ўтказилган йиғилиши ишни конституцияни ўзгартиришдан бошлади. Гарчи мамлакатнинг бош қонунига биноан президентлик вазифасини вақтинчалик бажараётган Қурбонгули Бердимуҳаммедов бўлажак президент сайловида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлмаса-да, депутатлар конституциянинг бу ҳақдаги моддасига ўзгартириш киритди ва Қ.Бердимуҳаммедовни президентликка номзод этиб тасдиқлади. Сайловнинг ўзи эса келаси йилнинг 11 февралига белгиланди. Халқ маслаҳати, шунингдек, президентликка яна беш номзодни тасдиқлади.

Туркманбошининг ўлими нафақат туркманлар учун, балки Туркманистонга қўшни бўлган ёки у билан ҳамкорлик қилаётган давлатлар учун ҳам кутилмаган бўлди ва уларни анча довдиратиб қўйди, дейиш мумкин. Чунки ҳеч бир ҳукумат туркманларнинг “Буюк Сардори” тўсатдан вафот этишини кутмаган ва ундан кейин Ашхободда юз бериш эҳтимоли бўлган сиëсий ўзгаришларга тайëр эмас эди.

“Ҳеч қайси ҳукуматнинг Ашхободга нисбатан қўллаши мумкин бўлган муқобил сиëсати йўқ эди. Чунки Туркманистон сиëсий саҳнасида фақатгина Туркманбошининг ўзи ўтирарди. Бошқа сиëсатчилар ҳақида биз ҳеч нарса билмас эдик. Шунинг учун ҳам Ниëзовнинг ўлими кўпчилик учун кутилмаган бўлди”, - дейди москвалик мустақил журналист Санобар Шерматова.

С.Ниёзовнинг дафн маросими баҳона мамлакатнинг янги раҳбарияти билан танишиб олиш ва улкан табиий захираларни қўлдан бой бермаслик илинжида бўлган давлатлар Ашхободга ўзининг юқори мартабали вакилларини жўнатди. Америкаликлар Ашхободга алоқаларнинг янги даврини бошлашини таклиф қилган бўлса, Россия Туркманистоннинг ички ишларига аралашмаслиги ва мамлакатнинг барқарор сиëсат олиб бориши тарафдори эканини маълум қилди.

Айни пайтда узоқ-яқин мамлакатлар ҳукуматлари расмий Ашхободнинг янги қадамларини четдан кузатиб, кейин эса у билан музокаралар бошлаш тарафдори кўринади. Аммо бундай музокараларга бироз вақт бордек. Чунки ҳали Туркманистоннинг янги раҳбарияти тўла шаклланиб бўлгани йўқ. Туркманистон президенти вазифасини вақтинчалик бажараётган Қ.Бердимуҳаммедов эса куни-кеча сўзлаган нутқида ким мамлакат президенти бўлишидан қатъий назар Туркманбошининг сиёсатини давом эттириши лозимлигини таъкидлади.

Демак, мамлакат янги Туркманбоши пайдо бўлишига тайёрланмоқда эканда?

“Бу қайсидир маънода риторика, деб ўйлайман. Туркманбошининг мафкураси сақланиб қолиниши аниқ. Туркманбошининг ўрнига худди шундай одам келишини фараз қилиш қийин. Туркманбошини турлича таърифласа бўлади. У Буюк Сардор, “Руҳнома” ва бир неча шеърий тўпламлар муаллифи, туркманларнинг отаси ва ҳоказо. Унга нисбатан муайян ҳурмат бор эди. Энди унинг ўрнига ким келишидан қатъий назар ўша ҳурматни қозониши лозим”, - дейди С.Шерматова.

Туркманистонда сўнгги президент сайлови 1992 йили ўтказилган ва С.Ниëзов 99.5 фоиз овоз тўплаган эди. С.Шерматова ўшанда С.Ниёзов ягона номзод бўлгани, келаси йилнинг 11 февралига сайловда эса ҳозирданоқ бир неча номзод борлиги мамлакатдаги олдинга силжишдан далолат эканини билдирди.

Туркманистон мухолифатининг муҳожиратдаги вакиллари ҳам 11 февралдаги сайловда иштирок этиш истагида ва яқинда бунинг учун Украинадан кўмак сўради.

Киевда ўтказилган матбуот анжуманида Туркманистон Миллий банкининг собиқ раҳбари Худойберди Ўрозов ва Туркиядаги собиқ элчи Нурмуҳаммад Ханамов “Туркманистон учун янги демократик режалар” ишлаб чиқишганини маълум қилган эди.

Бунга жавобан Украина Ташқи ишлар вазирлиги Киев Ашхободнинг ички ишига аралашмаслиги ҳақида ëзма баëнот тарқатди. Ушбу баёнотда Украина Туркманистонда ҳукумат алмашинуви ижобий тарзда ўтиши тарафдори экани ва Туркманистон суверенитетига ҳурмат билан қараши айтилган.

Туркманистонда С.Ниёзов ўрнига бошқаси келиб (чунки аҳоли унинг бундай кутилмаганда ўлиб қолишига ишонмас эди), халқ эркин нафас олишини истовчилар жуда кўп. Бироқ ҳозирги воқеалар сабабли бошқа раҳбарлар келиб ҳам вазият ўзгармагани бот-бот такрорланмоқда.

Куни-кеча айрим оммавий ахборот воситаларида туркман хавфсизлик хизмати ходимлари кўча ва дўконларда одамларга турли саволлар бериб, давлат тузумига қарши фикр айтган одамларни таъқиб қилаётгани ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар пайдо бўлди.

“Озодлик” радиосининг туркман хизмати ходими Муҳаммад Тоҳир ҳам мамлакатда вазият Туркманбоши давридан ўзгармаганини билдирди.

“Мухолифат томонидан президентликка номзоди таклиф этилган Нурберди Нурмамедов бир неча кун муқаддам ғойиб бўлди. Ҳозир унинг қаердалиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. С.Ниëзов вафотидан сўнг ҳозирча ҳеч нарса ўзгармаган. Ўзгача фикрловчилар қандай таъқиб қилинган бўлса, аҳвол шу зайлда давом этмоқда”, - деди М.Тоҳир.

Шу ўринда Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари ҳақида ҳам икки оғиз айтилса тўғри бўлади. Икки қўшни республика ўртасидаги муносабатлар таранг аҳволда бўлгани кўпчиликка сир эмас. Гарчи президентлар икки мамлакат ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик йўқлигини гапириб келган бўлса-да, кундалик турмушга бу гапларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқдек кўринар эди.

Ана шу ҳолатлардан келиб чиқиб, ўзбек-туркман муносабатларининг яқин келажаги қандай бўлиши кўпчиликни қизиқтиради.

“Расмий Тошкент келишса бўладиган, Ўзбекистонни буюк қўшни ўрнида кўрадиган, уни ҳурмат қиладиган ва унинг манфаатлари билан ҳисоблаша оладиган одамларнинг Туркманистон ҳукумати тепасига келишидан манфаатдор”, - деди москвалик журналист С.Шерматова.
XS
SM
MD
LG