Линклар

Сиёсий мухолифат бирлашишга чақириляпти

  • Сарвар Усмон

Марказий Осиёдаги сиёсий мухолифат ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари минтақадаги диктаторлик режимларига қарши туриш ҳамда демократияни ривожлантириш йўлида бирлашиши керак.

“Тошкентдаги “Халқ дипломатияси” клуби томонидан куни-кеча уюштирилган матбуот анжуманида иштирок этган ҳуқуқ ҳимоячилари якдиллик билан шундай фикрга келди”, деб хабар қилди Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси.

Матбуот анжуманида чиқиш қилганлар фикрича, Туркманистон президентининг вафоти минтақа мамлакатлари сиёсий саҳнасидан авторитар раҳбарларнинг табиий равишда кетишини бошлаб берди, бироқ айни пайтда Туркманбоши ўлимидан кейинги воқеалар ҳам ташвиш уйғотмай қолмайди.

Анжуман иштирокчилари Туркманистондаги “Оғзибирлик” ҳаракатининг собиқ лидери Нурберди Нурмамедовнинг Туркманбоши вафотидан 2 кун ўтиб, 23 декабрь куни бедарак йўқолганидан чуқур ташвиш билдирди.

Туркманистон бирлашган демократик мухолифати вакиллари сўзларига кўра, Н.Нурмамедовни расмий Ашхобод хуфёна ҳибсга олган ва шу кунда уни қамоқда сақлаяпти.

Туркман мухолифати лидерларидан бири Авди Қулиевнинг айтишича, Н.Нурмамедов мамлакат раҳбарлигига муносиб киши ва шунинг учун ҳам Туркманистон бирлашган демократик мухолифати уни президентликка мухолифатнинг ягона номзоди сифатида кўрсатган.

Туркман мухолифатчилари 27 декабрь кунги махсус баёнотида Туркманистон раҳбариятидан Н.Нурмамедовни озод этишни талаб қилди.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Туркманистон президентлигига номзоди кўрсатилаётган Н.Нурмамедовнинг бедарак йўқолиши бу мамлакатда бир диктатор ўрнига бошқаси келаётгани аломати эканини айтмоқда.

“Шунинг учун Марказий Осиёдаги сиёсий мухолифат ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари минтақадаги диктаторлик режимларига қарши туриш ҳамда демократияни ривожлантириш йўлида бирлашиши керак”, - деди ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Марказий Осиёдаги барча мухолифатни бир ёқадан бош чиқаришга чақираётган бир пайтда АҚШда таъсис этилган Ўзбекистон демократик конгресси ўзбекистонлик мухолифатчиларнинг ўзларини бирлашишга даъват қилди.

Конгресс раиси Жаҳонгир Маматов тарқатган мурожаатномада: “Диктатура режимига қарши сиёсий кураш майдонига куч сифатида туша олиш учун ўзбек мухолифатининг битта - ягона йўли бор. У ҳам бўлса, қарашлари, низолари, баҳслари билан бирга улар бир нечта эшиклардан кириб, битта эшикдан бирлашиб чиқмоқлари керак. Шундагина уларни дунё тан олади, халқ уларга эргашади ва кураш майдонига йўл очилади. Бу босқич Наврўз байрамига қадар тугатилиши керак”, - дейилади, жумладан, мурожаатномада.
XS
SM
MD
LG