Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:21

Саддам Ҳусайн қандай қатл этилганини тасвирловчи видеолавҳа одамлар хиссини қўзғатмоқда


Мобил телефонга ëзиб олинган Саддам Ҳусайннинг дорга осилиши манзараси¸ 30 декабр куни ироқликлар¸ қолаверса бутун араб дунëсига Ироқ давлат телевидениеси кўрсатган суратларнинг тамом аксидир. Қатл тасвири ўша куниëқ давлат телевидениеси томонидан овозсиз кўрсатилган эди. Бугунга келиб ироқликлар орасида қўлма-қўл бўлиб кетган¸ айни пайтда Интернет саҳифаларига ҳам кўчган мобил телефонга ëзилган видеотасвир эса¸ айнан ўчирилган овозларни жамоатчиликка тақдим этди.

Бу овозларда¸ нафақат ўлим олдида турган Саддам Ҳусайн хақ ва ҳислари¸ балки суннийлар жамоаси эҳтиросларини ҳақоратлавчи сўзлар акс етган.

Тасвир¸ Саддамни дор олдига олиб чиқишга келган қоровулнинг қамоқ ҳужраси эшигини радикал шиаларнинг Имом ал-Маҳдий армияси етакчиси, радикал шиа уламоси Муқтадо ас-Садр номини улуғлаб очиши билан бошланади.

Қоровул ва жаллодлар шунингдек¸ Муқтадонинг 1980 йили Саддам томонидан ўлдирилган амакиси Муҳаммад Бақир ал-Садрни ҳам улуғлаб¸ қичқиришган.

Қоровуллар: “Оллоҳим¸ Имом ал-Маҳдийнинг ўз жамолини кўрсатишини тезлаштир! Муқтада¸ Муқтада¸ Муқтада!”
Саддам Ҳусайн: “Ўзларингча¸ қаҳрамонлик қилаяпман деб ўйлаяпсизларми”.
Қоровуллар: “Яшасин Муҳаммад ал-Бақир! Ҳозир жаҳаннамга кетасан! Ўлим олдида турган одамга бунақа гапларни гапирманглар¸ илтимос!”
Саддам Ҳусайн: “Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқ¸ Муҳаммад унинг расулидир! Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқ¸ Муҳаммад унинг расулидир!”

Бу Саддам ўлими олдидаги сўнгги дақиқаларда у ва уни дорга олиб келаëтганлар ўртасида бўлиб ўтган гап-сўзлардир.

Саддам Ҳусайнни дор олдига олиб келар экан¸ шиа мазҳабига мансуб қоровул ва жаллодларнинг Муқтада ва Муҳаммад ал- Бақир номларини улуғлаб бақиришлари¸ Саддамни исломий амалларга зид равишда ҳақоратлашлари¸ суннийлар томонидан Саддам ўлдирилишининг Ироқда адолат қарор топиши эмас¸ балки шиаларнинг қонга қон¸ жонга жон қабилидаги қасоси дея талқин этилишига йўл очди. Бундай талқин эса¸ шундоқ ҳам уруш ҳолатига келиб қолган мазҳаблар ўртасидаги адоватни янада кучайтирди.

Айни шундай кайфият¸ айтилишича¸ Ироқ ҳукумати ичидаги шиа-сунний партиялари орасидаги ихтилофни ҳам кескинлаштирган¸ Ироқ суннийлари ва унинг атрофидаги сунний давлатлар аҳолиси орасида янги қасос иштиëқини туғдирган.

Мазкур видеотасвир жамоатчиликка тарқалиши билан¸ суннийлар норозилик намойишларига чиқа бошладилар. 2 январ куни ҳам шундай намойишлар қайд этилди.

Бағдод ва бошқа шаҳарларда кенг тарқалган эҳтиросларда¸ Саддамнинг бундай ҳақоратли қатли учун асосий жавобгарлик АҚШ ҳукуматига юклатилмоқда ва бундан мақсад мусулмонлар номусини ерга уришдир¸ дейилмоқда.

Аммо Вашингтон бундай айбларни инкор этмоқда. Шунингдек¸ АҚШ расмийлари Саддамнинг айнан қурбон ҳайити куни қатл этилишига мутлақ аралашмагани¸ қатл кунининг Ироқ ҳукумати томонидан белгилангнаини таъкидламоқдалар. Бундай уринишларга қарамай¸ Саддам Ҳусайннинг дорга осилиш олдида ҳақоратлангани Ироқдаги мазҳабий тарангликни кучайтириш орқали¸ Жорж Бушнинг Ироқда тинчлик ўртанишга оид янги тактикасини муқаддимаданоқ мураккаблаштиргани айтилмоқда. Мазкур янги тактика эса¸ Ироқдаги 140 минглик Америка қўшинлари сонини яна 20-30 мингга кўпайтиришни кўзда тутади.
XS
SM
MD
LG