Линклар

logo-print

БМТ Бош котиби этиб сайланган Бан Ки Мун вазифасини бажаришга киришди

  • Ҳасанжон

БМТ Бош котиби этиб сайланган Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири Бан Ки Мун 1 январ куни ўз вазифасини расман бажаришга киришди. Жанубий кореялик дипломат БМТнинг саккизинчи Бош котиби сифатида ташкилот фаолиятини хавфсизлик, тараққиёт, инсон ҳуқуқлари муаммолари, шунингдек дунёда тинчлик ўрнатиш ва ривожланишни таъминлаш каби масалаларга қаратишни ваъда қилган.

2 январ куни БМТнинг дунёдаги идоралари билан видеотелефон орқали мулоқот қилган янги Бош котиб Бан Ки Мун:

“Мен халқаро саҳнада оғир вазият юзага келган пайт - Дарфур, Яқин Шарқ, Ливан, Эрон, Ироқ, Шимолий Корея ва дунёнинг бошқа минтақаларида бўҳронлар юз бераётган пайтда ўз фаолиятимни бошлаяпман ”, – дея баёнот берди БМТ Бош Котиби.

Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири сифатида фаолият юритиб келган 62 яшар Бан Ки Мун октябр ойида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Бош котиб этиб сайланган эди. У сўнгги 10 йил мобайнида БМТга раҳбарлик қилиб келган 68 яшар ганалик Коффи Аннаннинг ўрнини эгаллади. 14 декабр куни Нью Йоркдаги БМТ Бош қароргоҳида ўтказилган тантанали қасамёд маросимида Бан Ки Мун Бош котиб сифатида ташкилот обрўъсини қайта тиклашга ваъда берган эди:

“Ташкилот ўз номига муносиб равишда ҳақиқий Бирлашган Миллатлар ташкилоти бўлиши учун мен барча ваколатимни ишга соламан. Биз инсоният тарихида ягона бўлган ушбу ташкилотга катта умид билан қараётган дунёнинг миллионлаб одамлари ишончини оқлаймиз”, – дея баёнот берган эди.

Ислоҳотлар жараёни, Инсон ҳуқуқлари бўйича янги кенгаши тузиш, Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблея ўртасида салоҳият бўлингани ва бошқа масалалар Котибият ва Ассамблея ўртасида келишмовчилик юзага келишига сабаб бўлган эди.

Бан Ки Мун ислоҳотлар ўтказиш орқали Котибият ҳамда 192 давлат аъзо бўлган Бош Ассамблея ўртасида ишончни мустаҳкамлашни ваъда қилган:

“Биз келажакка ишонганимиз учун ислоҳотлар ўтказишимиз зарур. Умумий интилишга янги туртки бермоқ учун биз нафақат БМТ дастурлари ва мақсадларига, балки бир-биримизга ишонишимиз керак”, – деган эди янги Бош котиб.

Жаноб Бан ўзининг 36 йиллик дипломатик фаолияти давомида турли лавозимлар жумладан Жанубий Кореянинг Австриядаги элчиси лавозимида, шунингдек, 10 йилдан кўп вақт мобайнида БМТда ишлаган.

Кузатувчилар фикрича, Бан Ки Муннинг Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири бўлиб ишлагани уни БМТ Бош котиби лавозимига муносиб номзод бўлишга тайёрлаган.

АҚШдаги Колумбия университетининг Жанубий Корея тадқиқот маркази раҳбари Ян Хю Ким Хабуш Озодлик радиосига Бан ўз вазифасини сидқи дилдан бажаришини кези келганда эса қаттиққўл ва талабчан раҳбар ҳам бўла олишини айтади:

“У ҳақидаги умумий тасаввур шундан иборатки, у юқори малакали раҳбар ва муроса қилувчи шахсдир. У турли қарашдаги одамлар ўртасида воситачилик қила оладиган шахс”, – дейди америкалик таҳлилчи.

АҚШдаги Колумбия университетининг замонавий Корея тарихи бўйича эксперти Чарлз Армстронг фикрича, Бан Ки Мун БМТда ислоҳотлар ўтказиш кераклигини яхши тушунади ва ислоҳотлар йўлидан боришни жуда хоҳлайди. Армстронга фикрича, Бан корейс миллатига мансуб бўлгани учун Шимолий Корея билан боғлиқ масалалар БМТ Бош котиби сифатида уни ноқулай вазиятга солиши мумкин.
XS
SM
MD
LG