Линклар

Қорақалпоғистон насронийлашмоқда...ми?

  • Абдулла Искандар

Қорақалпоғистонлик олим Айтмурот Алниёзов ўзбек ëшлари ғарб миссионерлари таъсирида ўз динидан чиқиб, бошқа дин ва секталар сафига ўтаётганини таъкидлади.

Олим Интернет сайтларидан бирида эълон қилинган мақоласида миссионерлар фаолияти, айниқса, Қорақалпоғистонда жуда кучайганини ёзади. Бу мақолада миссионерлар фаолияти ҳақида ҳам гап боради.

“Қорақалпоғистон ҳудудида жойлашган халқаро нодавлат ташкилот ходими америкалик Скот Гилберт Ўзбекистонга сайёҳлик визаси билан келган пастор Сифелд Кларк билан биргаликда ëшларни насроний динига даъват қилиш билан шуғулланган”, - дейилади А.Алниëзовнинг мақоласида.

Айрим манбаларнинг билдиришича, исломни тарк этиб насронийликни қабул қилган ўзбекистонликлар сони ўн мингларни ташкил қилади. Қорақалпоғистонлик 21 ёшли Лейла улардан бири. У яқинда университетни тугатди.

“Мен дискотекада рақс тушиш ўрнига уйимда, оилам ëнида бўлиб, ибодат қилсам, бунинг нимаси ëмон,- дейди Лейла. - Нукус шаҳрида расман қайддан ўтган битта ҳам черков йўқ, шу сабабли ибодатларни уйда, оила даврасида қиламиз”.

Лейла билан бир шаҳарда яшайдиган олим Айтмурот Алниëзов эса диний оқимлар ва секталар ўзбек ëшларининг ўқишига халақит бераётганини таъкидлайди. Шунингдек, у ёшлар пул эвазига насронийликка ўтаётганини даъво қилади. Лейла эса бу олимнинг фикрларига қўшилмайди.

“Янги эътиқодимиз талаб қилаётган ишлар менга ва тенгдошларимга халақит бермайди. Қандайдир тунги базмларга юргандан кўра ибодат қилган яхши эмасми?! Пул ҳақида эса энди эшитиб турибман. Менимча, ҳеч ким пул эвазига динини ўзгартирмаса керак”, - дейди Лейла.

Лейланинг фикрини Кришна таълимотини даъват этиш билан шуғулланадиган урганчлик Рўзимбой Ҳасанов ҳам тасдиқлайди. Унинг фикрича, кимнинг қайси динга кириши ëки чиқиши эркин бўлиши лозим. Бундан хавотир олишнинг кераги йўқ. Агар ёшларнинг бу ҳаракатларига тўсиқ қўйилса, уларнинг бунга қизиқишлари янада ошади, холос.

Тошкентнинг “Оқтепа” маҳалласида яшовчи 60 ëшли Мавжуда опа мусулмонларнинг ўз динини тарк қилиб, бошқа дин ва секталарга киришини маъқулламайди. Унинг таъкидлашича, исломни тарк этиб, бошқа динга ўтаëтганларни етаклаëтган омил пул топиш ва муҳожирлик мақомини олиб, фаровон насроний мамлакатларга кетишдир.

Қорақалоғистонлик олим А.Алниëзов ўз мақоласида эътиқодини алмаштирган фуқароларнинг дафн маросимларини ўтказиш жараёнида ихтилофлар чиқаëтгани ва бундай ихтилофлар аҳолини нотинч қилаëтганини ëзади.

Кришна тарғиботчиси Рўзимбой Ҳасанов бундай хавотирлар ўринсиз эканини билдирди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мамлакатда прозелитизм, яъни бир диндан бошқасига ўтишга даъват этиш қонун билан тақиқлангани маълум қилди.

Шунингдек, у прозелитизм ҳолатлари билан Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари шуғулланишини қўшимча қилди. Бироқ МХХдан бу борада муносабат олишга бўлган уринишлар бесамар кетди.

Насронийликни қабул қилганларнинг кўпчилиги Қорақалпоғистонда экани айтилади. Бироқ насронийликни қабул қилган Лейла бу республикада қайддан ўтган бирорта черков йўқлиги учун ўзига ўхшаганлар сонини аниқ айтиш имконсиз эканини билдирди.
XS
SM
MD
LG