Линклар

Экологияга оид хабарлар


Ҳиндистоннинг Тамилнаду штатида ўтаётган илмий анжуманда чиқиш қилган бош вазир Манмухон Сингх Ғарб давлатларини “атроф-муҳитга нисбатан исрофгарчилик билан ҳаёт кечираётганлик”да айблади.

Беш мингга яқин одам қатнашган анжуманда бош вазир саноати тараққий этган давлатларни атроф-муҳитни қутқариб қолиш учун муқобил энергия манбаларини топишга чақирди.

Маълумотига кўра, АҚШ, Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Япония Ер атмосферасини энг кўп ифлослантираётган давлатлар ҳисобланади.

*** *** ***

2006 йилда Австралияда об-ҳаво ҳарорати ўртача меъёрдан юқори бўлди.

Мамлакатда 1910 йилдан буён об-ҳаво ҳарорати мунтазам қайд этиб келинади. Гидрометеорология марказининг 3 январь куни эълон қилган йиллик ҳисоботига кўра, 2006 йил мамлакатда энг иссиқ йил келган 11 йил қаторида қайд этилган. Ўтган йили Австралияда ҳаво ҳарорати 2005 йилдагига қараганда бироз паст бўлган.

*** *** ***

БМТ Каспий ҳавзаси мамлакатларига жорий қилинган балиқ увилдириғи, яъни икра экспорти чекловини 2 январь куни бекор қилди.

Сўнгги йилларда Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Эрон ва Озарбойжонда увилдириқ олинадиган балиқ турлари кескин камайиб кетаётгани боис, 2006 йилда БМТ Каспий ҳавзаси давлатларидан икра импорт қилишни тақиқлаган эди. Бир килограмм қора икра ўртача тўққиз ярим минг доллар туриши сабабли бу давлатларда браконьерлик авжига чиққан.

Атроф-муҳит ҳимоячилари БМТ икра экспорти чекловини бекор қилганига норозилик билдирмоқда. Хусусан, Қозоғистондаги атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи “Табиат” гуруҳи раҳбари Мэлс Элеусизов “Озодлик” радиосига БМТ қабул қилган қарор Каспий ҳавзасида икра олинадиган балиқлар сони янада камайишига сабаб бўлишини айтди.

“Чеклов бекор қилингани жуда ёмон бўлди. Увилдириқ олинадиган балиқларга энди бандитларча ҳужум бошланади. Бир йил ичида балиқлар сонини кўпайтириш имконсиз. Бу мораторий бир неча йил сақланиши керак эди. БМТ қабул қилган бу қарордан жуда хафаман”, – деди М.Элеусизов.

*** *** ***

Глобал иқлим ўзгариши атроф-муҳит ва она табиатга катта зарар келтирмоқда. 2006 йил бу жараён аввалги йиллардагига қараганда ёмонроқ оқибатлар билан давом этди. Ғарб олимлари фикрича, Арктика музликларининг эриши келаси 50 йил давомида қуруқликда яшайдиган ҳайвон ва ҳашаротлар турлари кескин камайишига сабаб бўлиши мумкин.

Олимлар сўзларига кўра, ҳайвонлар, ҳашаротлар, ўсимликлар ва бошқа жонзотларнинг йўқ бўлиши Ер пайдо бўлгандан, яъни қарийб уч ярим миллиард йилдан бери давом этиб келаётган табиий жараёндир. Муаммо шундаки, одам фаолияти, яъни антропоген омиллар сабабли ҳозирги кунда жонзотларнинг йўқ бўлиши аввалгига қараганда минг мартадан 10 минг мартагача тез суръатда юз бермоқда.

Мутахассислар ҳозир дунёда 15 минг 589та жонзот тури йўқ бўлиб кетиш таҳдида остида эканини айтади. Баъзи олимлар эса бу кўрсаткич янада катта эканини билдиряпти. Курраи заминимизда сут эмизувчи ҳайвонларнинг тўртдан бир қисми, шунингдек, ҳар саккизта қушнинг бири, қуруқлик ва сув тошбақаларининг ярми бутунлай йўқ бўлиб кетиш хавфига дуч келмоқда.

Хўш, бу жараён Ўзбекистонда қандай кечмоқда? Қайси ҳайвон турлари йўқ бўлиш таҳдидига учрамоқда? Бунинг сабаблари нимада?

Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Зоология институти директори ўринбосари Искандар Мирабдуллаевнинг таъкидлашича, айрим жонзотлар бутунлай йўқолиш таҳдидига учрашига турли омиллар, аввало, инсон фаолияти сабабчи. Сўнгги 100 йил ичида экин майдонларининг кенгайгани, ўрмон ҳудудлари қисқаргани, сунъий сув ҳавзалари барпо этилгани, дарё сувларининг далаларга буриб юборилиши Орол денгизининг қуриши баробарида турли жонзотларнинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши таҳдидини пайдо қилган.

“Ушбу омиллар Бухоро кийиги сонининг камайиб кетишига, ноёб Турон йўлбарси ва бошқа ҳайвон турлари йўқ бўлиб кетишига ёки улар сони кескин камайишига сабаб бўлди. Одам фаолиятининг салбий оқибатлари, аввало, умуртқали ҳайвонлар, сут эмизувчилар оиласига кирувчи ҳайвонлар, қушлар ва балиқларга салбий таъсир этди”, – дейди ўзбекистонлик олим.
XS
SM
MD
LG