Линклар

Юз долларга компьютер олиб қолинг

  • Ҳурмат Бобожон

АҚШдаги Массачусетс технология институтида ривожланаётган давлатлар аҳолиси учун мўлжалланган арзон – бор-йўғи юз доллар турадиган лэптоп компьютерлар ишлаб чиқариш лойиҳаси устида ишлар давом этмоқда.

Кундалик ҳаётимизда фойдаланадиган компьютерлар нархи қашшоқ ўлкалар аҳолиси учун анча қиммат. “Ҳар бир бола учун биттадан лэптоп” лойиҳаси улар сотиб олишга қурби етадиган компьютер ишлаб чиқаришни мақсад қилган. Ушбу лойиҳа доирасида биринчи компьютерлар Бразилия, Аргентина, Уругвай, Нигерия, Ливия, Покистон ва Таиландга жорий йил ўрталарида юборилиши айтилмоқда.

“ҲO” деб номланган бу лэптоп компьютер 366МГц частотали процессорга эга. Кундалик ҳаётимизда фойдаланадиган компьютерлардан фарқ қилади. Қаттиқ диск ўрнига 512 Мб флэш-хотира ўрнатилган.

Лойиҳа муаллифларидан бўлган Николас Негропонтенинг айтишича, бу компьютер кўп миқдорда ишлаб чиқарилган тақдирдагина унга кетган харажатлар қопланиши мумкин. Ҳар бир давлат бунинг учун камида миллионта компьютер сотиб олиши керак.

“Агар кимдир менга юз мингта шундай компьютер керак, деса мен унинг хоҳишини бажо келтира олмайман. Миллионта бўлса бошқа гап”, - дейди Н.Негропонте.

Ҳозир Ливия раҳбари Муаммар Қаззофий ўз мамлакати аҳолиси учун миллиондан ортиқ шундай компьютер сотиб олишга иштиёқ билдирган. Ливия раҳбари 2008 йилда бир миллион 200 минг дона 100 долларлик компьютер сотиб олишга тайёрлигини айтган.

Аммо компьютер технологиялари ривожланаётган айни пайтда нархи юз доллар турадиган бу компьютер талаба ўқувчилар талабини қондира олармикин?

Ҳозирча Ливиядан ташқари Нигерия ва Бразилия ҳам бунга қизиқиш билдирган. Постсовет давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам улар изидан эргашармикин? Буниси ҳозирча ноаниқ.
XS
SM
MD
LG