Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:01

Янги конституция – янги қарама-қаршиликлар


Қирғизистонликлар янги йилни янги конституция билан кутиб олди. Унда президентга анча катта ваколатлар берилган. Қирғизистонга сўнгги бир ярим ой ичида конституция икки марта ўзгарди.

2006 йил 8 ноябрда мухолифатнинг 50 минг кишилик бир ҳафталик намойишидан сўнг Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев янги конституцияни имзолаган эди. Бироқ ўтган йил декабрь ойида Қирғизистон ҳукумати истеъфога кетди ва мамлакатда янги сиёсий бўҳрон юзага келди. Чунки янги конституцияга кўра, ҳукуматни фақат парламент шакллантирар, бунинг учун эса парламент ҳам тарқатилиши ҳамда партиявий асосда янги сайлов ўтказилиши зарур эди. Сиёсий бўҳронни бартараф этиш мақсадида 2006 йилнинг энг сўнгги кунида Қирғизистон парламенти янги таҳрирдаги конституция лойиҳасини қабул қилди.

Конституциянинг янги таҳрири парламентда 4 марта муҳокама қилинди ва 2006 йил ниҳоясида кўпчилик овоз билан қабул қилинди.

“Ҳукумат тизимлари ўртасида келишмовчилик ва бўҳрон кучайиб кетгани сабабли билан парламентнинг қирқдан ортиқ депутати конституциянинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқдик. Уни парламентнинг кўпчилик депутати тасдиқлади. Бундан кўзланган асосий мақсад мамлакатда вужудга келган сиёсий бўҳронни бартараф этишдир”, - дейди парламент депутати Айдарбек Каримқулов.

Айни пайтда конституция лойиҳаси имзоланиш учун президентга жўнатилган. Бироқ маҳаллий таҳлилчилар Қ.Бақиев бу конституцияни имзолашига шубҳа билан қарамоқда.

Қирғизистондаги “Отамакон” партияси лидерларидан бири Тошпўлат Болтабоевнинг айтишича, янги конституция мамлакатдаги сиёсий кучлар билан келишилмасдан қабул қилинган. Бундан ташқари, бу конституцияга парламентдаги мухолиф депутатлар овоз бермаган. “Ислоҳотлар учун” ҳаракати эса Қ.Бақиев янги конституцияни имзоласа, яна кўп минг кишилик намойишлар уюштириши ҳақида огоҳлантирган.

“Янги сиёсий кучлар майдонга чиқади ва янги конституциянинг бекор қилинишини, ижро ҳокимияти ва президент истеъфосини талаб қила бошлайди”, - дейди Т.Болтабоев.

Сиёсатшунос Карибек Бойбосунов фикрича, янги конституция мамлакатдаги вазиятни янада мураккаблаштиради.

“Уч–тўртга бўлиниб кетган сиёсий кучлар айни пайтда ўз позицияларини аниқламоқда. Улар яқин орада очиқ кураш бошлайди ва янги конституцияга қаршилик кўрсатади. Баҳор фасли мамлакатимизда тинч ўтмайдиган бўлиб қолган. Шунинг учун баҳорда қаршиликлар бошланади ва бунинг натижасида ҳукумат ҳам алмашиб кетиши мумкин”, - дейди К.Бойбосунов.
XS
SM
MD
LG