Линклар

Қатл куни ҳамон номаълум

  • Ҳасанжон

Ироқнинг собиқ диктатори Саддам Ҳусайннинг ортидан тез орада қатл этилиши кутилаётган унинг икки ёрдамчиси қачон осиб ўлдирилиши ҳамон номаълумлигича қолмоқда.

Улар 4 январь куни қатл этилиши мумкинлиги кутилаётган эди. Бироқ ироқлик расмийлардан бири суд ҳукми ижроси 7 январга кечиктирилиши мумкинлигини билдирди.

Саддам Ҳусайннинг президентлик даврида Ироқ разведка хизмати бошлиғи бўлган Барзан ал-Тикритий ва Инқилобий суднинг собиқ раиси Авод ал-Бандар ноябрь ойида Саддам билан бирга инсониятга қарши жиноят содир этишда айбдор топилган ва суд томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинган эди. Улар 1982 йилда Дужайл қишлоғида президентга суиқасд уюштиришга уринган 148 шиани ўлдиришда айбланди.

30 декабрь куни Саддам Ҳусайн қатл этилгандан кейин Барзан ал-Тикритий ва Авод ал-Бандарга берилган жазо ҳам тезда ижро этилиши кутилган бўлса-да, ҳозирча унинг қачон ижро этилиши номаълум бўлиб қолмоқда.

3 январь куни БМТнинг инсон ҳуқуқлари идораси раҳбари Луиза Арбур Ироқ президенти Жалол Талабонийга мурожаат қилиб, Саддам Ҳусайннинг собиқ ёрдамчиларини осиб ўлдирмасликка чақирди.

Кўплаб инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам Ироқ расмийларини Дужайл воқеаси бўйича судланганларни қатл этилмаслика чақирмоқда.

“Ҳьюман райтс уотч” ўлим жазосига умуман қарши. Айниқса, Дужайлда содир этилган қатлиомлар бўйича Саддам Ҳусайн ва икки сафдошининг олий жазога ҳукм этилганига қарши. Биз улар устидан ўтказилган суд жараёни борасида кўп хавотир билдирдик. Судда йўл қўйилган қатор камчиликлар ва ҳозирги вазият инобатга олинса, ўлим жазосининг берилиши ўринсиз”, - деди “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти матбуот вакили Умри Шоҳ “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Бағдод ҳукумати ва Вашингтон расмийлари Дужайл воқеаси бўйича ўтказилган суд адолатли бўлган, деган фикрда. Улар Ироқ суд тизими айбдорларга олий жазо қўллаш ҳуқуқига эгалигини айтяпти.

Саддам Ҳусайн қатл этилиши юзасидан дунё раҳбарлари турлича муносабат билдирмоқда.

БМТ бош котиби сифатида расман иш бошлаган Пан Ги Мундан Саддам Ҳусайннинг қатл этилганига муносабат сўралганда унинг жавоби бундай бўлди: “Олий жазо масаласини БМТга аъзо ҳар бир давлат ўзича ҳал қилади. Бош котиб сифатида мен жиноятчиларга жазо берилмаслиги тарафдори эмасман. Айни пайтда мен халқаро ҳамжамиятнинг ҳар бир аъзоси халқаро гуманитар қонунларнинг барча жиҳатини инобатга олган ҳолда иш кўради, деган умиддаман”.

БМТ Хартияси ўлим жазоси бекор қилинишини назарда тутгани боис, бош котибнинг 2 январь куни Нью-Йоркда берган бу баёноти мунозараларга сабаб бўлди.
XS
SM
MD
LG