Линклар

logo-print

Шоҳ сохта экан...ми?

  • Ҳурмат Бобожон

http://gdb.rferl.org/9A127F4C-5A03-4F61-9CC6-B62A66879369_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/9A127F4C-5A03-4F61-9CC6-B62A66879369_mw800_mh600.jpg Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Конституцияда белгилангани бўйича охирги муддатга президент этиб сайланганига етти йил тўлди. 2007 йилнинг 22 январида президентнинг ваколат муддати тугайди.

Ўзбекистонда навбатдаги президент сайлови эса 2007 йил декабрда ўтказилиши кутиляпти. Ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташанов фикрича, бу давр ичида Ислом Каримовнинг президентлик ваколати муаллақ бўлиб қолиши аниқ.

“Бу ваколатсиз давр бўлади. Бундан қатъий назар Ўзбекистондек тоталитар жамиятларда бу нарса унча катта аҳамият касб этмайди”, - дейди журналист.

И.Каримов 1989 йилда Совет Иттифоқи таркибида бўлган Ўзбекистон раҳбарлигига тайинланган эди. 1991 йилда Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ўша йилнинг декабрида президент этиб сайланди. Орадан беш йил ўтиб, унинг ваколат муддати референдум йўли билан яна беш йилга узайтирилди. 2000 йилда ўтказилган ва халқаро ташкилотлар танқидига учраган сайлов И.Каримовни яна бир муддат ўз курсисида қолдирди. Кейинчалик президентлик муддати референдум орқали беш йилдан етти йилга узайтирилди.

Аслида Ўзбекистонда президент икки муддатдан ортиқ бу лавозимда ўтирмаслиги керак. Баъзи кузатувчилар И.Каримов Ўзбекистонда президентлик муддати референдум орқали етти йилга узатирилгани баҳонасида яна бир муддатга сайланиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Аммо Ўзбекистондаги “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Аъзам Турғунов И.Каримов яна бир муддат президентликка даъвогарлик қилишга қонунан ҳаққи йўқ, деб ҳисоблайди.

“Президент ўзи чиқиб, мен шу референдумни ўзим учун иккинчи муҳлат ҳисоблайман, деб дунёга жар солган эди. Мана шу муддат ҳам ўтиб кетди”, - дейди А.Турғунов.

1991 йилдан буён мустақил Ўзбекистон раҳбарлигини қўлдан бой бермаётган И.Каримовнинг танқидчилари унинг бошқарувини Сталин даврига қиёслайди. “Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг таъкидлашича, И.Каримовнинг президентлик муддати тугаган бўлса ҳам унинг ваколати қонунийлиги аввалдан шубҳа остида бўлган.

“Чунки сайловлар демократик ўтмаган. Эркин сайлов бўлмаган. Бу ҳақда фақат мухолифат эмас, халқаро ташкилотлар ҳам гапирган. Шунинг учун президентнинг қонуний эканига шубҳалар кўп”, - деди О.Орипов.

Муxолифат 15 йилдан буён президент ва парламент сайловларида иштирок этиш учун уриниб келяпти, бироқ сайловга қўйилмаяпти. Ўтган йилнинг ноябрь ойида И.Каримов Конституциянинг айрим моддаларига ўзгартиришлар киритиш ва сиёсий партиялар ҳақидаги қонун лойиҳаларини парламентга тақдим қилди. Бу ўзгартиришларга биноан 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб парламентда сиёсий фракциялар тузилишига йўл қўйилади ва уларнинг орасида ўзини мухолиф, деб аташга ҳуқуқлилари ҳам бўлиши мумкин.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроев Ўзбекистондаги ҳозир кузатилаётган жараён шу ўзгаришлар билан боғлиқ, деб ҳисоблайди.

“Президент ваколатларини парламентга бериш ва асосий бошқарувни бош вазирга топшириш. Президентлик эса рамзий лавозим бўлб қолади”, - деди Б.Ҳамроев.

2007 йилда бўлиши кутилаётган президент сайловида иштирок этиш учун мухолифатдаги “Бирлик” партияси раиси Абдураҳим Пўлатов ва “Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳнинг номзоди илгари сурилган. Бироқ кузатувчилар бу номзодларнинг сайловда иштирок эта олишини мавҳум баҳоламоқда.
XS
SM
MD
LG