Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:39

Расмийлар Тошкент “Исломнинг маданий пойтахти” бўлганидан бехабар қолди


Маркази Марокашда жойлашган Исломий маориф, фан ва маданият ташкилоти Ўзбекистон пойтахти Тошкентни Ислом оламининг 2007 йилги маданий пойтахтларидан бири, деб эълон қилди.

Ташкилот ходими доктор Мустафо Зебоҳнинг айтишича, ташкилот ҳар йили Африка, араб давлатлари ва Осиёдаги учта шаҳарни маданий пойтахтлар ўлароқ танлаб олади.

“Биз Тошкентни Ислом оламининг 2007 йилги маданий пойтахтларидан бири сифатида танладик. Бу йил тўрт шаҳарга шундай мақом берилди. Улардан иккитаси араб шаҳарлари - Марокашнинг Файз ва Ливиянинг Триполи шаҳри, Африкадан Сенегал пойтахти Дакка, Осиëдан эса Тошкент танланди. Шаҳарлар қадим исломий обидаларга қанчалик бойлигига қараб танланади”, - деди М.Зебоҳ.

Ўзбекистонда Тошкентга бундай мақом берилгани ҳақида эшитишмаган кўринади.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизмати ходими Рустам Давлатов вазирликнинг бу янгиликдан хабари йўқлигини айтди ва буни ўзича изоҳлашга уринди.

“Мен расмий электрон почтамизни текшириб чиқдим. Исломий маориф, фан ва маданият ташкилотидан ҳеч қандай хат келмаган. Факс ҳам юборилмаган. Байрам кунлари келган бўлса, барча жойларда бўлгани каби вазирлигимиз ходимлари ҳам дам олган. Шунинг учун биз бу маълумотни ҳозирча тасдиқлай олмаймиз”, - деди Р.Давлатов.

Тошкент шаҳри бунëд бўлганидан бери ўн уч марта фотиҳлар ҳужумига учраган, тўрт марта ер билан яксон қилинган ва етти марта қаттиқ зилзилани бошдан кечирган.

Ўтган аср охирида мустақил давлат пойтахтига айланган шаҳар бунгача бир-бирининг ўрнига келган империя ва шоҳликлар чеккадаги камтар вилоят бўлиб қолиб, дунёга буюк саркарда ва афсонавий ҳукмдорлар номларини туҳфа этган эмас. Аммо Тошкент ислом дунёсида машҳур кишиларга доимо бой бўлган. Уларнинг номлари ва ҳаётлари билан боғлиқ етти қадамжо шу кунгача бутун Марказий Осиёда табаррук ҳисобланади. Бу валийларнинг баъзилари ҳақиқий тарихий шахслар бўлган. Улардан бири - Зангиота номи билан машҳур шайх Ойхўжа ибн Тожхўжа ибн Мансур мақбараси Тошкентдан 15 километр жануби-ғарбда жойлашган.

Ўзбекистон пойтахтида, шунингдек, Абулқосим, Бароқхон ва Кўкалдош мадрасалари, Юнусхон, Зайниддин бобо ва Каффол Шоший мақбаралари, Шайхонтоҳур ва Ҳазрати Имом мажмуалари, бошқа тарихий бинолар сақланиб қолган.

Исломий маориф, фан ва маданият ташкилоти ходимлари эса мана шундай бой исломий обидалари учун Тошкентнинг Ислом дунëси пойтахтларидан бири, деб танлангани тантанали нишонланишини билдирди.

“Биз ҳар йили бу шарафли номга лойиқ топилган шаҳарларда маданий ҳафта уюштирамиз. Бу йил ходимларимиз Тошкентга боришни ва у ерда катта маданий тадбирлар ўтказишни режалаштирган. Бунинг қачон ва қаерда ўтишини эса Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги расмийлари билан бамаслаҳат ҳал қиламиз”, - деди доктор Мустафо Зебоҳ.

Бундай тантаналаргача эса ҳали вақт бор кўринади. Унгача Ўзбекистон расмийлари ўзи яшаётган шаҳри азимнинг Ислом оламининг 2007 йилги маданий пойтахти сифатида танланганидан хабар топиб улгурса, ажаб эмас.
XS
SM
MD
LG