Линклар

logo-print

“Туркманбоши”ликка асосий даъвогар ислоҳотлар ваъда қилмоқда

  • Замира Шукур

Туркманистон президентлигига асосий даъвогар сифатида кўрилаётган мамлакатнинг муваққат раҳбари Қурбонқули Бердимуҳаммедов кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилишини ваъда қилмоқда.

Туркманистон президентлигига даъвогарлар - нефть ва газ саноати вазири ўринбосари Эшонқули Нуриев ва муваққат президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов Туркманбошидан қолган ҳашаматли “Макон” саройида сайловчилар билан дастлабки учрашув ўтказиш билан мамлакатда сайловоли кампаниясини бошлаб берди.

Давлат телевидениеси томонидан кўрсатилган мазкур учрашувда муваққат президент таълим ва бошқа соҳаларда ислоҳотлар қилиш устивор мақсадларидан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, у ўтиш даврининг ўта муҳим масалалари билан бандлиги боис, президентликка даъвогарлар учун ажратилган эфир вақтидан воз кечиши, аниқроғи уни ўз рақибларига совға қилажагини билдирди.

Сайловчиларни билан учрашувни “буюк сардор Туркманбоши” сиëсатини оғишмай давом эттириш ҳақидаги баёнотдан бошлаган Қ.Бердимуҳаммедов мамлакатда ишсизлик муаммосини йирик завод ва фабрикалар қуриш орқали ҳал этажагини маълум қилди.

Сайловда ғолиб бўлишига деярли шубҳа йўқлиги ҳозирданоқ маълум эканини айтилаётган муваққат президент: “Мен Туркманистон аҳолиси Интернет борасида дунëда мавжуд энг илғор технологиялардан фойдаланишга ҳақли ҳисоблайман. Туркманистон дипломларининг хорижда тан олиниши, болаларимизнинг хориж олийгоҳларида таълим олишига йўл очиш учун биз ўз ўқув дастурларимизни бутунлай қайта кўриб чиқишимиз лозим”, - деди.

Бундай баëнот муваққат президентнинг Туркманбошидан қолган тузумни ислоҳ қилмасликнинг иложи йўқлигини қисман бўлса-да, очиқ тан олаëтганига ишоратдир. Зеро, Сапармурод Ниëзов мактаблардаги ўқишни 9 йилга, олий ўқув юртларидаги таълим муддатини эса 4 йилга тушириш орқали Туркманистон дипломларининг хорижда мутлақ тан олинмаслигини таъминлаган эди.

Гарчи Қ.Бердимуҳаммедов илк сайловолди чиқишида халққа яна талайгина яхши ўзгаришлар ваъда қилган бўлса-да, халқаро жамоатчилик, хусусан, муҳожиратдаги туркман мухолифати бу гапларни ишончсизлик билан қарши олди.

Туркман мухолифати томонидан номзоди президентликка кўрсатилган Худойберди Ўрозов Қ.Бердимуҳаммедов ўзи тушиб қолган вазиятнинг тутқуни экани, ундан ҳақиқий ислоҳотларни кутиш гўлликдан бошқа нарса эмаслигини айтди.

“Агар ислоҳот бўлса, халқ ўзини озми-кўпми эркин ҳис қила бошлайди. Халқ ўзини эркин тутишга ўтса, булар ҳокимиятда бир кун ҳам қолмайди. Бердимуҳаммедов қарийб 7 йилча Соғлиқни сақлаш вазирлигини бошқарди ва бу соҳани бутунлай хонавайрон қилди. Мана сизга унинг ислоҳотлари! Ҳақиқий ислоҳот қилиш учун калла керак, халқ олдида масъулият ҳисси керак. На Бердимуҳаммедов ва на унинг ëнидагиларда бу нарса йўқ”, - дейди Туркманистон бош вазирининг собиқ ўринбосари ва Марказий банкнинг собиқ раиси Худойберди Ўрозов.

Х.Ўрозов сўзларига кўра, Туркманистоннинг ўтиш даври ҳукумати “бир гуруҳ жиноятчилар тўдаси” бўлиб, на халқаро жамоатчилик ва на туркман халқи бундай тўданинг ҳокимиятда қолишига йўл бермайди.

Ҳозирча туркманистонликларнинг бундай ишончга муносабатини ўрганиш имконсиз. Аммо хориж ҳукуматлари эълон қилаëтган расмий баëнотлардан уларнинг Туркманистондаги ўтиш даври жараëнларига аралашишга орзуманд эмаслиги кўринмоқда.

3 январь куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Шон МакКормак эълон қилган баëнот туркман мухолифати ҳафсаласини анчагина пир қилган бўлса ажаб эмас.

“Туркман халқи ва Туркманистон ҳукумати бораëтган сиëсий жараëнларни мутлақ ўзлари бошқариши лозим. Биз ўтиш даврининг бир қисми ўлароқ, эркин, очиқ ва адолатли сайлов ўтказилишига умид қилмоқдамиз. Аммо сиëсий жараëнларнинг қандай ривожланишини туркманистонликларнинг ўзи ҳал қилмоғи керак. Мамлакатдаги барча қатламларни сиëсий жараëнга қўшишни исташса, биз уларга қўлдан келган ëрдамимизни берамиз. Биз бундай ишнинг Туркманистон учун, туркман халқи ва дунë учун ҳам фойдали эканига ишонамиз. Аммо бу ишни уларнинг ўзи қилмоғи керак”, - деди Шон МакКормак.
XS
SM
MD
LG