Линклар

Тескари самара берган ёрдам

  • Фаррух Юсуфий

АҚШнинг сўнгги беш йил давомида Ўзбекистонга хавфсизлик борасида кўрсатган ёрдами ачинарли натижаларни берди, деб ёзилади Американинг “РАНД Корпорейшн” тадқиқот-таҳлил маркази ҳисоботида.

Американинг тўртта давлат - Ўзбекистон, Покистон, Афғонистон ва Салвадорга кўрсатиб келган ёрдамини баҳолашга бағишланган мазкур ҳисоботда айтилишича, хавфсизлик масаласида Тошкент билан ўрнатилган ҳамкорлик Вашингтоннинг демократия ва инсон ҳуқуқлари ғояларини илгари суриш мақсадига, айниқса, катта путур етказган.

Мазкур ҳужжатда 2001 йилдан 2005 йилгача Вашингтон билан Тошкент хавфсизлик борасида қилиб келган ҳамкорлиги, хусусан, Ўзбекистон ҳукуматига бу соҳада кўрсатилган ёрдамнинг самараси қандай бўлганига баҳо берилади.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев “РАНД Корпорейшн” берган хулосалар унинг учун янгилик бўлмагани, чунки Оқ уйнинг Ўзбекистондаги ички ва ташқи таҳдидлар билан курашиш учун Оқсаройга берган ёрдами бошқа мақсадларда ишлатиб келингани бошданоқ маълум эканини айтди.

Ҳисоботда ёзилишича, 11 сентябрь воқеаларидан кейинги беш йил давомида Ўзбекистон АҚШдан хавфсизлик таҳдидларига қарши кураш учун юзлаб миллион доллар ёрдам олган.

2002-2004 йилларда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимида ишлаган Крэйг Мюррей Вашингтоннинг Тошкент билан хавфсизлик соҳасида қилган ҳамкорлиги ўзи тарғиб этишини айтиб келадиган демократия ва инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан тескари самара берганини билдирди.

“Менимча, бу давр мобайнида хавфсизлик масаласида қилинган ҳамкорлик мутлақ ҳалокатли бўлди. Хусусан, АҚШ Марказий разведка бошқармасининг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига кўрсатган ёрдамини бунга мисол қилиш мумкин. 2002 йилнинг ўзида МРБ МХХни 80 миллион долларга тенг қимматбаҳо ускуна билан таъминлади. Бу ёрдам репрессив режимни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг янада тоталитар режимга айланишига ҳисса қўшди. Бу эса Америка ташқи сиёсатининг энг ҳалокатли жиҳатларидан биридир”, - дейди собиқ элчи.

Ўзбекистондаги қатағон машинасининг кучайиши қандай оқибатларга олиб келганига Андижон воқеаларини мисол қилиш мумкинлигини айтади К.Мюррей.

4 январь куни эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистондаги тузумга мамлакат ичкариси ва ташқарисидан турли кучлар, хусусан, “Ал-Қоида” билан яқин алоқалари бўлган Ўзбекистон исломий ҳаракати таҳдид солаётгани, 2001 йилгача эса қўшни Афғонистондаги “Толибон” режими ҳам Ўзбекистон учун таҳдид сифатида кўрилгани эътироф этилади.

Крэйг Мюррей Ўзбекистон исломий ҳаракати ёки “Толибон” таҳдиди ҳақидаги Ўзбекистон ҳукумати ўйлаб топиб, усталик билан тақдим этган бу уйдирмалар АҚШ учун репрессив режимни қўллаб учун яхши баҳона бўлганини таъкидлайди.

“Толибон” ҳам, Ўзбекистон исломий ҳаракати ҳам ҳеч қачон Ўзбекистонга жиддий таҳдид солмаган. Менимча, Ўзбекистон исломий ҳаракатидан келаётган таҳдид ўта бўрттириб кўрсатиб келинган. Айниқса, 2002 йилда Афғонистондаги жангларда Ўзбекистон исломий ҳаракати деярли йўқ қилиниб, эҳтимолий таҳдиднинг ўзи ҳам йўққа чиққандан кейин Тошкент режими ўйлаб топган хавфсизлик таҳдидлари ҳақидаги уйдирмаларни баҳона қилиб ёрдам кўрсатиш, менимча, Вашингтон томонидан ўта калтабинлик бўлган”, - деди К.Мюррей.

“РАНД Корпорейшн” ташкилоти агар АҚШ келгусида ҳам Ўзбекистонга хавфсизлик масалаларида ёрдам кўрсатишни ният қилса, шу пайтгача тутиб келган сиёсатини қайта кўриб чиқишни тавсия қилади.

К.Мюррей эса Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда хавфсизлик таҳдидларига қарши курашнинг энг самарали йўли Ўзбекистондаги каби режимларга бу борадаги ёрдамнинг тўхтатилиши эканини таъкидлади.

“Ҳеч ким Ўзбекистон билан хавфсизлик масаласида ҳамкорлик қилмаслиги лозим. Ўзбекистон хавфсизлик идоралари каби репрессив машинани фақатгина шу йўл билан тўхтатиш мумкин. Ўзбекистон МХХ билан ҳамкорлик қилиб, уни ислоҳ қилиш мумкин, деган фикр бемаъниликдир. Ўзбекистон МХХ ҳам, Ички ишлар вазирлиги қўшинлари ҳам тарқатиб юборилиши керак. Чунки таҳдидларга қарши кураш учун армиянинг ўзи етарлидир. Ташқи таҳдидларга қарши алоҳида армия, мамлакат ичкарисида ўз халқига қарши кураш учун алоҳида қўшинларни ушлаб туриш ғояси жуда ғалати ғоядир. Шунинг учун келажакда Ўзбекистонда хавфсизлик мақсадларига Ғарб томонидан бериладиган ҳар қандай ёрдам учун МХХ ва Ички ишлар вазирлиги қўшинларининг тарқатиб юборилиши асосий шарт бўлиши керак”, - деди Крэйг Мюррей.
XS
SM
MD
LG