Линклар

logo-print

АҚШ Ироқдаги қўшинлари сонини кўпайтирмоқчи

  • Ҳасанжон

АҚШ президенти Жорж Буш Ироқ бўйича ўзининг янги стратегиясини эълон қилишга улгурмасидан аввал унинг режасига Ироқдаги қўшинлар сонини кўпайтириш ҳам кириши ҳақида маълум бўлди.

Жорж Буш бу стратегия ҳақида келаси ҳафтада эълон қилиши кутиляпти.

4 январь куни Германия канцлери Ангела Меркел билан учрашувдан кейин Жорж Буш: “Мен ироқликлар мақсади, яъни мамлакатни ўзлари бошқариши ва ҳимоя қила олишини назарда тутган янги стратегиямни эълон қилишга келаси ҳафтада тайёр бўламан. Мен бу масалада маслаҳатлашувни давом эттиряпман. Мен қандай қарор қабул қилмай, барчаси мақсадимизга етишишга қаратилган бўлади”, – деди.

Ахборот воситаларида пайдо бўлган хабарларга кўра, Вашингтон расмийлари Ироқ бўйича муқобил стратегия ишлаб чиқмай, ҳозирги стратегияни давом эттиришга қарор қилган. Аввал Американинг Бағдоддаги, сўнг Анбар вилоятидаги қўшинларига тахминан 20 минг аскардан иборат қўшимча куч жўнатиш янги режа асосини ташкил этади.

Келаси ҳафтада Жорж Буш Ироқда янги иш жойлари яратиш ва иқтисодий ривожланишга ёрдам бериш мақсадида қўшимча бир неча миллиард доллар ажратишни сўраб, Конгрессга мурожаат қилиши кутилмоқда.

Ироқда демократияни ривожлантиришга сарфланадиган маблағнинг бир қисми, асосан, сиёсий партиялар ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи гуруҳларга берилиши назарда тутилган. Вашингтон расмийлари Ироқдаги қайта қуриш ишларига ҳозиргача 21 миллиард доллар сарфлади. Шунга қарамай, мамлакатда электр ва сув таъминоти, коммунал хизматлар уруш бошланишидан олдинги даражага етгани йўқ.

Буш ўзининг янги стратегияси доирасида Ироқ сиёсатига мутасадди бўлган раҳбарларни ҳам ўзгартиришга киришди. АҚШ Миллий разведка хизмати раҳбари Жон Негропонте 5 январь куни давлат котибининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

“Жон Негропонтенинг бой тажрибаси, соғлом фикрлаши, Ироқ ва терроризмга қарши кураш борасидаги фикрлари унинг давлат котиби ўринбосари лавозимига муносиб номзод эканини кўрсатди”, - деди Ж.Буш.

Айни пайтда АҚШнинг Ироқдаги элчиси Залмай Халилзод мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили лавозимига тайинланиши кутилмоқда. Бироқ бу чоралар Конгресс томонидан “Ироқни ўрганиш гуруҳи” тавсияларига муносиб жавоб, дея қабул қилинадими ёки йўқ, ҳозирча номаълум.

Вакиллар палатасининг янги раҳбари Нэнси Пелоси демократлар Оқ уйдан Ироқ борасидаги ўз сиёсатини ўзгартиришни талаб қилишини айтди.

“2006 йилги сайлов нафақат АҚШ Конгресси назоратида ўзгариш бўлиши, балки мамлакатни янги йўлдан боришга даъват қилувчи чақириқдир. Америка халқи Ироқдаги урушдан бошқа йўлни танлаш ҳақида ҳеч қачон бунчалар аниқ даъват қилмаган”, - деб баёнот берди Нэнси Пелоси.

Оқ уй маъмуриятидаги айрим расмийлар Ироқ бўйича масъул бўлган юқори лавозимли ҳарбийлар ҳам ўзгаришига ишора қилди.
XS
SM
MD
LG