Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:34

Милиция суриштирувни бошлади, аммо...


Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бўлими ходимлари таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаеванинг калтакланиши юзасидан суриштирув бошлади.

49 ёшли Е.Урлаева пайшанба куни 4 нотаниш аёл томонидан шафқатсизларча калтаклаган ва ҳуқуқ ҳимоясига оид ҳужжатлари ҳамда сумкасидаги пуллари ўғирлаб кетилган эди.

“Ҳозир Мирзо Улуғбек тумани милицияси калтакланганим ва ёнимдаги ҳужжат ҳамда пуллар ўғирлаб кетилгани юзасидан суриштирувни давом эттирмоқда. Бу иш билан терговчи Ҳусан Тангабаев шуғулланяпти. Душанба кунига суд тиббий экспертизаси ўтказиш белгиланган”, - деди Е.Урлаева.

Е.Урлаева терговчилар номаълум аёлларнинг тахминий фотороботларини тайёрлагани ва уларни топишга ишонтиришганини билдирди. Лекин у ўзини дўппослаган аёллар ўткинчи безори бўлиши мумкин эмаслиги ва ўзи билан шу йўсинда ҳисоблашадиган шахсий душманлари ҳам йўқлигини таъкидлади.

“Милиция терговни шунчаки хўжакўрсинга ўтказаётгандек туюляпти менга. Ҳозирча ҳеч ким қўлга олингани йўқ”, - деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Е.Урлаева калтаклаб кетиш ҳукумат томонидан унинг ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида норозилик пикетлари ўтказишини тўхтатиш учун уюштирилган бўлиши ҳам мумкинлигини тахмин қиляпти.

Аввалроқ Е.Урлаева бир неча ҳуқуқ ҳимоячилари билан биргаликда Ташқи ишлар вазирлиги олдида пикетлар ўтказган ва ўзбек расмийларини Брюсселда берган ваъдалари устидан чиқишга чақирган эди.

“Ҳозир Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳолати юзасидан мониторинг ўтказиш муддати тугашига бир ярим ой қолган бир пайтда биз пикетларни кучайтирган эдик ва назаримда бу ҳукуматга ёқмаган. Улар бизни қўрқитиб ҳам кўрди, пикетга чиқмаслигимиз учун ҳар қандай ишга қўл урди. Мана ҳозир мен уйимда ҳеч қаерга чиқа олмайдиган аҳволда ётибман ва афтидан ҳукумат шуни хоҳлагандир. 4 январь куни 4 аёл мени ҳамманинг кўз ўнгида калтаклаганди”, - дейди Е.Урлаева.

Е.Урлаева ўзини калтаклаган аёллар 40-45 ёшда, ўзбек миллатига мансуб бўлиб, баланд бўйли, жисмонан бақувватлигидан фуқароча кийиниб олган милиция ходимларига ўхшашини айтди.

Е.Урлаева бу билан учинчи марта калтакланган, аввалги икки ҳужум ҳам аёллар томонидан қилинган эди.

“Биринчиси Навоий театри олдида 2002 йилда содир этилган эди. Ойим ва ҳуқуқ ҳимоячиси Лариса Вдовина билан бирга президент девони олдида норозилик пикети уюштирмоқчи бўлганимизда нотаниш аёллар бизга ташланганди. Иккинчи бор ҳокимлик олдида турганимизда аёллар ҳужумига учрагандик. Ўшанда мен билан бирга ҳуқуқ ҳимоячиси Абдужалил Бойматовга ҳам ҳужумга қилинганди. Ҳозир Абдужалил Ирландияда”, - деди Е.Урлаева.

Унинг таъкидлашича, милиция аввалги ҳолатлар бўйича ҳам суриштирув олиб борган, аммо ҳужум қилганлар топилмаган.

Е.Урлаева бу гал ҳам жиноятчилар топилмаслиги аниқлигини айтмоқда. 21 январда 50 ёшга тўладиган Е.Урлаева туғилган кунигача барча жароҳатларининг битиб кетишига умид қилаётир.
XS
SM
MD
LG