Линклар

Жорж Бушнинг машаққатлари янада кўпаядиган кўринади

  • Замира Шукур

АҚШ президенти Жорж Буш ўзининг Ироққа оид янги стратегиясини эълон қилиши кутилаётган бир пайтда Конгрессни назоратга олган демократлар Ироқдаги уруш кўламини кенгайтиришга йўл қўймаслигини таъкидламоқда.

“Қаршимизда президент Бушнинг маълубиятга учраган Ироқ сиëсатини бундан кейин ҳам давом эттирамизми, деган савол турибди. Бағдоддаги ҳарбийлар сонини ошириш сиëсатини кейинги 12 ой ичида икки марта синаб кўрдик. (Оқ уй) маъмуриятидаги дўстларимиз бахтига қарши бу сиëсат акс натижа берди. Муаммога ҳарбийдан аввал сиëсий ечим топиш лозим”, - деди якшанба куни телемунозарада иштирок этган Сенатнинг халқаро муносабатлар қўмитаси раиси Жозеф Байден.

У январь ойидан Конгрессни ўз назоратига олган демократлар Жорж Бушнинг Ироқ сиëсатига дарҳол таъсир кўрсатиш ниятида эканини билдирди.

Шу мақсадда 5 январь куни Конгресс ва Сенатдаги демократлар етакчилари президентга мактуб йўллаб, уни Америка қўшинларини Ироқдан олиб чиқишни бошлашга чақирди. Бу эса Жорж Бушнинг шу кунларда жамоатчиликка эълон этилиши кутилаëтган Ироқдаги янги стратегияси бош бандига тамоман зиддир. Янги режада АҚШнинг Ироқдаги 140 минг ҳарбийси сонини яна 20 мингга ошириш, Ироқ иқтисодини тиклаш учун эса қўшимча 1 миллиард доллар сарфлаш кўзда тутилгани айтилмоқда.

Шунингдек, Оқ уй раҳбари Ироқдаги мазҳаблараро тарангликни юмшатиш учун Бағдод ҳукуматидан маҳаллий сайловлар ўтказиш, нефтдан келаëтган даромадни минтақалар ўртасида тенг тақсимлаш ва “Баас” партиясининг собиқ аъзоларига нисбатан сиëсатни юмшатишни ҳам сўраш ниятида.

Аммо бу стратегия ҳозирданоқ Вашингтонда қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Гарчи мухолифатдаги демократлар Буш стратегиясини танқид қилишда якдил бўлса-да, унга муқобил таклиф билдириш борасида келишувга эриша олмаяпти.

Ҳозирча демократлар етакчилари Ироқ урушига ажратилаëтган маблағни камайтириш билан пўписа қилишдан нарига ўта олмаётир. Шу билан бирга, Ж.Байден каби демократлар Ироқ урушини Конгрессдан туриб бошқариш учун етарли ваколат йўқлигини ҳам тан олмоқда.

АҚШ Конституцияси ўрнатган ваколатлардаги бу чекловни Сенатдаги республикачилар раҳбари Мич МакКонел ҳам тилга олди.

“АҚШ Конгрессининг урушни бошқаришни ўз қўлига олиш имконияти чекланган. Бу борада Конгрес қилиши мумкин иш Ироқдаги қўшинларга ажратилган пулни қисқартириш, холос. Аммо мен Конгресс бунга бориб етмайди, деган ишончдаман. Конгрессда резолюциялар қабул қилишимиз, эшитувлар ўтказишимиз, нима қилиш кераклиги ҳақида мубоҳаса қилишимиз мумкин, холос. Конгрессда уруш тактикасини бошқариш ваколати йўқ ва бўлиши ҳам керак эмас”, - деди Мич МакКонел.

Демократлар ўзининг Қуролли кучлар олий бош қўмондони ҳисобланмиш президентнинг Ироқ урушидаги стратегиясига амалий таъсир ўтказиш ваколатлари чекланганини тан олса-да, кенг жамоатчилик диққатини сафарбар этиш орқали янги режани таҳрир қилишга уринмоқда. Айни шу мақсадда келаси уч ҳафта давомида Конгрессдаги демократлар Ироқ уруши юзасидан ўндан ошиқ эшитув ўтказишни режаламоқда. Бу эса президентлик муддатининг қолган икки йилида Жорж Бушнинг ҳаëти жуда ширин бўлмаслигига берилаëтган очиқ огоҳлантирувдир.
XS
SM
MD
LG