Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:35

Тарғибот машинаси чарчамайди


АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни дин эркинликлари қўпол равишда бузилаётган ўта хавотирли давлатлар рўйхатига киритганига жавобан Ўзбекистоннинг бунга билдираётган раддиялари оқими камаймаётир.

Ноябрь ойида АҚШнинг халқаро диний эркинликлар бўйича элчиси Жон Ҳанфорд Ўзбекистонни диний эркинликлар қўпол бузилаётган давлатлар қаторида тилга олар экан, “Ўзбекистонда ўтган бир йил ичида ҳукумат диний эркинликни чеклаш учун қонунларини кучайтиргани ва бу Ўзбекистондаги шундоқ ҳам жиддий бўлган вазиятни янада ёмонлаштиргани”ни билдирган эди.

Давлат департаменти ҳисоботида эса “Ўзбекистонда экстремистик ташкилотларга алоқаси бўлмаган минглаб мусулмонлар таҳқирлангани, ҳибсга олингани ва кўпчилиги диний эътиқоди учун қамоқхоналарда ҳатто қийноққа солингани” айтилган эди.

Давлат департаменти ҳисоботи эълон қилингандан буён икки ой муддат ўтганига қарамай, бу ҳисобот ва АҚШни қораловчи мақолалар расмий Тошкент нуқтаи назарини ифодаловчи сайтларда ва маҳаллий ахборот воситаларида ҳали ҳам босилмоқда.

Диний эркинлик масалалари билан шуғулланувчи “Форум 18” ташкилоти таҳлилчиси Феликс Корли бу ҳаракатлар Ўзбекистон ҳукумати ҳисоботдан жиддий хавотирдалиги белгиси эканини таъкидлади.

“Сўнгги ойларда ўзбек тарғибот машинаси мамлакатдаги диний эркинлик вазиятига доир бундай ёппасига чиқишларни кучайтирди. Афтидан, Ўзбекистон диний эркинликларни бузувчи давлат экани айтилган ҳисобот расмий Тошкентни анча хавотирга солган кўринади”, - дейди Феликс Корли.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам шу фикрда. У декабрь ойида Ўзбекистондаги турли жамоа ва динлар вакиллари Давлат департаменти хулосасига муносабат билдириб, АҚШнинг Тошкентдаги элчисига хат билан мурожаат қилганини эслатди ва бундай ҳаракатлар Ўзбекистон ҳукумати буйруғи остида амалга оширилаётган бўлиши мумкинлигини назардан қочирмади.

Давлат департаменти ҳисоботида Ўзбекистон диний эркинликлар қўпол равишда бузилаётгани айтилган Эрон, Хитой, Мьянма, Саудия Арабистони, Шимолий Корея ва Эритрея қаторида тилга олинган. АҚШ қонунчилигига кўра, бу рўйхатга киритилган давлатларга қарши иқтисодий чекловлар жорий этилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG