Линклар

Иттифоқчилар жанжали Европани ташвишга қўйди

  • Замира Шукур

Бир-бири билан мисли кўрилмаган иттифоқчилик келишувига қўл қўйиб, келажакда ҳатто ягона давлатга бирлашиш эҳтимолидан гапириб келган Россия ва Беларус ўртасида газ нархи борасида бошланган келишмовчилик Европанинг қарийб ярмига ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Европанинг бир неча давлати Беларус орқали келаëтган Россия нефтидан мосуво қолаëтган айни кунларда Европа расмийлари ва кузатувчилар бу муаммо учун ким масъул, деган саволга жавоб излаётир.

Россия томони бу муаммонинг юзага келишига Европа давлатларига жўнатилган нефтни ноқонуний равишда ўзлаштириб олган Беларус ҳукумати айбдорлигини айтяпти. Минскдагилар эса Москва Беларус ҳудуди орқали ўтаëтган нефть учун транзит божи тўламаганидан сўнг божни нефть шаклида ундиришга мажбур бўлганини иддао қилмоқда. Икки иттифоқчи жанжали касрига эса ЕИнинг бир неча давлати қолди. Якшанбадан бошлаб Германия, Польша, Венгрия, Словакия ва Чехияга Беларусдан ўтувчи “Дружба” қувурлари орқали Россия нефтининг келиши бутунлай тўхтаб қолди ëки босими кескин пасайиб кетди.

Россиядаги “Алфабанк” таҳлилчиси Кристофер Вефер сўзларига кўра, Россия Европадаги истеъмолчиларга мўлжалланган нефтни камайтиришни эмас, балки Беларусга экспорт қилинаëтган нефтни тўхтатиш мақсадида қувурлар кўзини торайтиришга қўл урган.

“Россия Беларус учун белгиланган нефть ҳажмини қисқартириб, ЕИдаги истеъмолчиларга мўлжалланган нефтни етказишни давом эттирмоқчи бўлди. Аммо Беларус бу ҳаракатга қасдма-қасд ўз улуши, деб билган нефтни олишда давом этди. Оқибатда Польша, Германия ва бошқа давлатларга бораëтган нефть оқими камайди. Бунга жавобан Россия¸ “Дружба”да оқаëтган нефть кўзини бутунлай бекитди”, - дейди К.Вефер.

2007 йилнинг илк кунларида халқаро майдонга ëйилган Россия-Беларус ëнилғи можароси аслида ўтган ëзда бошланган эди. Россия Беларусга сотаëтган газ нархини босқичма-босқич ошириш қарорини маълум қилди ва Минскдан 2007 йилда ҳар минг куб метр газ учун 2006 йилдагига нисбатан икки баравар кўп ҳақ тўлашни талаб қилди. Газ нархи борасидаги узоқ тортишувлардан сўнг Александр Лукашенко янги келишувга розилик билдириши ҳамоно Москва унга яна бир кўнгилсизлик тақдим этди. Россия Беларусга имтиëзли нархда берилаëтган нефтнинг ҳар минг тоннаси учун 180 доллар миқдорида экспорт солиғи солди. Бу эса собиқ совет давлатлари ичида Россиянинг алоҳида марҳаматидан баҳраманд бўлиб келган Беларус иқтисоди учун ниҳоятда оғир зарба бўлди. Чунки Беларус нафақат Россиянинг арзон гази ва нефти истеъмолчиси, балки уни учинчи давлатга бозор нархида сотишдан даромад қилиб келаëтган ягона давлат ҳам эди.

Москванинг бундай қарорига А.Лукашенко ҳам ўзига хос жавоб топди. У Россиянинг Беларус орқали Европага юборилаётган нефти учун 45 доллар транзит божи талаб қилишга ўтди. Энди бундай қарордан Москвадагилар жунбушга келди ва икки ўртадаги жанжал Европага кунига минглаб тонна нефть оқаëтган “Дружба” қувурларининг бекитилишигача бориб етди.

Икки иттифоқчи жанжали учун қиш кунларида ЕИ товон тўлаëтгани тузилма расмийларининг жиддий норозилигига сабаб бўлди.

“Гарчи ҳозирча ëнилғи таъминотига таҳдид бўлмаса-да, на таъминотчи ва на транзит давлатнинг ўзаро маслаҳатсиз шерикларга зиëни тегувчи ҳаракатларга қўл уришини қабул қилиб бўлмас, деб биламиз”, - деди ЕИ раҳбари Хосе Мануэл Баррозо.

Кузатувчилар Россия-Беларус ëнилғи жанжали яқин кунларда ўз ечимини топган тақдирда ҳам у Россиянинг ëнилғи таъминотчиси сифатида қанчалар ишончли шериклиги борасидаги шубҳаларни янада кучайтирганини қайд этмоқда. 2006 йилнинг айни шу кунлари Украина билан юзага чиққан газ жанжалидан зиëн кўрган ЕИ давлатлари ëнилғи борасида Россияга қарамликни камайтириш имконларини излашга киришган эди. 2007 йил бошида Россиянинг бу гал Беларус билан айни шундай жанжалга киришгани бу изланишни янада кучайтирмай қолмади.
XS
SM
MD
LG