Линклар

logo-print

Россиядаги сиёсий муҳожирлар кўмакчига эга бўлди

  • Сарвар Усмон

“Сиёсий эмигрантларга кўмак”, “Центразия” – бу марказий осиёликлар томонидан яқинда Москвада тузилган жамоат ташкилотларидир. Улар мазкур минтақалик сиёсий муҳожирларга ёрдам беришни мақсад қилган.

“Сиёсий эмигрантларга кўмак” ташкилоти таъсисчиларидан бири туркманистонлик мухолифатчи Ботир Муҳаммедовнинг айтишича, Россия пойтахтида кейинги йилларда ватанида таъқибу тазйиқларга учраган марказий осиёлик, айниқса, ўзбекистонлик ва туркманистонлик кўплаб мухолифатчилар тўпланиб қолган. Лекин уларга бу ерда ҳам тинчлик йўқ.

“Биз Ўзбекистон ҳамда Туркманистон махсус хизматларининг Россия ҳудудида фаоллашуви билан боғлиқ бир қанча муаммоларга дуч келяпмиз. Мухолифатчиларга тез-тез ҳужумлар қилишяпти”, - дейди Б.Муҳаммедов.

У сўзининг исботи сифатида туркманистонлик бир неча мухолифатчининг калтаклаб кетилганини, айрим ўзбекистонликларнинг ўз юртига мажбуран олиб кетилганини эслатди.

“Россия фуқароси, миллати ўзбек Рустам Мўминов Ўзбекистон хавфсизлик хизмати сўровига биноан Ўзбекистонга топшириб юборилди. Унинг кейинги тақдири нима бўлгани номаълум”, - деди Б.Муҳаммедов.

Б.Муҳаммедовнинг билдиришича, “Сиёсий эмигрантларга кўмак” ташкилоти ўз олдига марказий осиёлик мухолифатчиларга ҳуқуқий ва гуманитар ёрдам кўрсатишни мақсад қилиб қўйган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, асли ўзбекистонлик Баҳром Ҳамроев ҳам “Сиёсий эмигрантларга кўмак” ташкилоти таъсисчиларидан бири. У ташкилот тузилгандан буён ўтган бир ойдан сал кўпроқ вақт ичида муайян ишлар қилишга улгурилганини айтди.

“Академик Сахаров марказида 1992 йили Наманганда юз берган воқеалар тўғрисидаги фильмни намойиш қилдик, йиғилганларга расмий Тошкент олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатга муносабатимиз қандайлигини баён қилдик”, - дейди Баҳром Ҳамроев.

Унинг сўзларига кўра, сиёсий эмигрантлар Россияда юрган марказий осиёликларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқини танийдиган ва кўп ҳолларда ўзини ҳимоя қила биладиган қатламидир. Ёрдамга, асосан, меҳнат мигрантлари муҳтож.

“Ўзбекистон раҳбарлари Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари борлигини ҳам тан олмай турган бир пайтда минтақадаги бошқа мамлакатлар ҳукуматлари, масалан, Қирғизистон ва Тожикистон ўз фуқароларининг муаммолари билан яқиндан шуғулланади”, - дейди Б.Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG