Линклар

logo-print

Қирғизистонда парламент тақдири ҳал бўляпти


Қирғизистон ахборот агентликлари мамлакат Хавфсизлик кенгашининг 11 январда бўлиши кутилаётган йиғилишида парламентнинг тарқатиб юборилиши масаласи муҳокама этилиши ҳақида хабар тарқатмоқда.

Қирғизистон парламентидаги мухолифат ўтган йилнинг 9 ноябрида мамлакат президенти ваколатларини чекловчи конституциянинг қабул қилинишига эришган эди. Бироқ орадан бир ой ўтиб, президентнинг парламентдаги тарафдорлари яна янги конституцияни қабул қилди ва президентга ваколатларини қайтарди.

Қирғизистон парламенти раиси Марат Султонов фикрича, ҳукумат ва парламент ўртасида бир йилдан бери ўта кескинлашган вазият президентга ваколатлари қайтарилган конституция қабул қилингач барҳам топган.

“Ҳамма гап энди президентда қолди. Парламентдаги барча мунозарали масалаларга ечим топилди. Энди президент янги конституцияни имзоласа бўлди”, - деди Марат Султонов.

Айрим сиёсатчилар янги конституцияга кўра парламентни тарқатиш ҳуқуқига эга бўлган президент ҳозирги шароитда ўз ҳуқуқидан фойдаланишини башорат қилмоқда.

“Президент парламент кўп қонунларни қабул қилмай, конституцияни бузмоқда, деган баҳона билан парламентни тарқатишга маънавий ва юридик асос топади. Иккинчидан эса янги конституцияда президентга катта ваколатлар берилган. У қонунларни ўзгартира олади, сайлов округларини белгилаш ҳуқуқига эга бўлади. Бу орқали эса у парламентга ўз одамларини олиб келиши мумкин”, - дейди Отамакон” партияси раҳбарларидан бири Эркинбек Алимбеков.

Парламент тарқатилса, мамлакатда яна норозилик намойишлари бошланиши, бу эса президент манфаатларига мос эмаслиги ҳақида фикр билдирган айрим депутатлар президент парламентни тарқатиб юборишга ботина олмаслигини айтаётир.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг 11 январь кунги йиғилишидан сўнг юқоридаги фикрлар ҳақиқатга қанчалик мос келиши маълум бўлади. Бу йиғилиш кун тартибига парламент масаласи ҳам киритилган.

Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев ҳар қандай ҳолатда ҳам парламентни тарқатиб юбормаслиги ҳақида бир неча бор гапирган бўлса-да, айни пайтда мамлакатдаги 91 та сиёсий партия янги парламент сайловига тайёрлана бошлади.

“Демократик партиялар бирлиги” ҳаракати ҳамраиси Қубатбек Бойбўлов сўзларига кўра, ҳозир партияларнинг бирлашиш жараёни бошланган ва улар музокараларга киришган. Сайлов яқинлашган сари бу жараён янада қизийди. Қирғизистондаги барча партиялар 5-6 кучли блокка бирлашади.

Ўтган ҳафтада Қирғизистондаги сиёсий партиялар парламенти ҳам ўз йиғилишини ўтказганди. Бу йиғилишда Қирғизистон президентининг парламентни тарқатмаслик тўғрисидаги ваъдаларига қарамай, сиёсий партиялар вакиллари янги парламент сайловига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилган эди.
XS
SM
MD
LG