Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:24

Хитойдаги ислоҳотлар уйғурларни четлаб ўтяпти...ми?


Хитой коммунистик партияси сиёсий бюроси аъзоси, Хитойдаги энг қудратли раҳбарлардан бири бўлган Луо Ган маҳаллий раҳбарларни ижтимоий тартибсизликлар келиб чиқишининг олдини олиш учун зарурий чоралар кўришга чақирди.

Сўнгги йилларда Хитой иқтисодиёти шиддат билан ривожланмоқда. Пекин коммунистлари бозор иқтисоди ислоҳотларини ўтказиш баробарида сиёсий назоратни бўшаштирмай, ўз қўлида қаттиқ ушлаб турибди.

Давлатга қарашли завод ва фабрикалар хусусийлаштирилиши оқибатида миллионлаб хитойлик ишсиз қолмоқда. Ана шундай ўзгаришлар натижасида 2000 йилдан бери Хитойда 34 миллион ишчи ишсиз қолди. Айни пайтда ижтимоий ҳимоя соҳасига етарлича эътибор қаратилмагани учун миллионлаб одам қашшоқлашди. Хитойлик бойлар ва камбағаллар ўртасидаги жарликнинг кун сайин чуқурлашиб бораётгани норозиликларга сабаб бўлмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Хитойда 2004 йилда 74 минг, 2005 йилда эса 87 мингта рухсат этилмаган норозилик намойиши ва пикетлар ўтказилган.

Гонконг университети профессори Жозеф Чанг “Озодлик” радиосига Хитойдаги ўзгаришлар аҳолининг тобора кўпроқ қисмини ўз қамровига олаётганини айтади.

“Хитой аҳолисининг тобора кўпроқ қисми фарзандларининг билим олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ва турар уй-жойга эга бўлиш имкониятлари камайиб бораётганидан шикоят қилмоқда. Кундалик эҳтиёжни қондириш улар учун тобора қийинлашиб, муаммога айланиб бораётир”, – дейди профессор Жозеф Чанг.

У тилга олган иқтисодий-ижтимоий муаммолар Хитой назоратида бўлган Шарқий Туркистон, яъни Шинжой-Уйғур мухтор туманида мамлакатнинг бошқа минтақаларига қараганда анча ёмон. Шунга қарамай, бошқа хитойликлардан фарқли ўлароқ, уйғурлар норозилик намойиши ўтказа олмайди.

Германиянинг Нюрнберг шаҳрида сургунда фаолият юритаётган Шарқий Туркистон ахборот маркази матбуот котиби Дилшод Рашид “Озодлик”ка бунинг сабаблари ҳақида сўзлар экан: “Шарқий Туркистонда норозиликлар ўказишга рухсат берилмаслигининг биринчи сабаби инсон ҳуқуқлари масаласидир. Ииккинчиси эса уйғурларнинг мустақиллик талаб қилаётгандир. Шарқий Туркистондаги табиий бойликлардан босқинчи хитойликлар фойдаланяпти. Уйғурлар ўз ерида на иқтисод, на сиёсат ва на ҳуқуқ борасида ҳеч қандай манфаатга эришгани йўқ”, – деди.

Пекин коммунистлари ўтказаётган ислоҳотлар уйғурларга қандай таъсир этяпти?

“Хитой Шинжонда босқинчилик сиёсати олиб боряпти. Ислоҳотлардан уйғурлар ҳеч қандай манфаат кўргани йўқ. Ислоҳотлар натижасида хитойликлар турмуш даражаси кўтариляпти. Уйғур қишлоқларида эса бир бурда нонга зор бўлиб яшаётганлар жуда кўп. Улар ўз она юртида бир бурда нонга қорни тўймай оч қоляпти. Бу Хитой ҳукуматининг Шарқий Туркистондаги ислоҳотлари натижаси. Ундан фақат хитойликлар манфаат кўряпти. Уйғурга ҳеч қандай манфаат йўқ. Чунки сиёсий ҳуқуққа эга бўлмаган бир миллат ўзи яшаётган тупроқда ҳеч қандай иқтисодий манфаатга эришиши мумкин эмас”, - дейди Дилшод Рашид.
XS
SM
MD
LG