Линклар

Қозоғистонда ноқонуний меҳнат мигрантларини рўйхатга олиш тугади

  • Ҳасанжон

Қозоғистонда МДҲ мамлакатларидан келган ноқонуний меҳнат мигрантларини рўйхатга олиш ишлари тугади. Ўтган йил ўрталарида бошланган бу кампания янги йилга қадар давом этди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, МДҲ мамлакатларидан келган ноқонуний меҳнат мигрантлари фаолиятини қонунийлаштириш жараёнида жами 164 минг 586 киши рўйхатга олинган. Улардан 117 минг 133 нафарини Ўзбекистон, 23 минг 865 нафарини Қирғизистон, 10 минг 760 нафарини Россия Федерацияси ва 4 минг 673 нафарини Тожикистон фуқаролари ташкил этади.

Қозоғистон расмийлари тадбир давомида 100 мингга яқин ноқонуний меҳнат мигранти рўйхатга олинишини тахмин қилган эди. Аммо натижа кутилганидан зиёда бўлди. Қозоғистон бўйича энг кўп гастарбайтер Олмаота шаҳрида рўйхатга олинди.

Ички ишлар вазирлигининг Олмаота шаҳри миграция хизмати бошқармаси бошлиғи ўринбосари Марат Кезимбоев “Озодлик”ка берган интервьюсида: “Бу акциядан мақсад ноқонуний меҳнат минрантларини қонунийлаштириш эди. Олмаота шаҳрида МДҲ мамлакатларидан келиб ишлаётган 25 минг 199 меҳнат мигранти рўйхатга олинди. Қонуний меҳнат мигрантларига Қозоғистонда уч йилгача ишлаш ҳуқуқи берилади”, – деди М.Кезимбоев.

Унинг билдиришича, Жанубий Қозоғистонда 22 минг 51 нафар, Олмаота вилоятида эса 19 минг 512 нафар меҳнат мигранти рўйхатга олинган.

М.Кезимбоев агар чет эл фуқаролари бундан буён Қозоғистон ҳудудида рухсатсиз меҳнат фаолияти билан шуғулланаётгани аниқланса, улар жавобгарликка тортилишини билдирди.

“Рухсатсиз меҳнат фаолияти билан шуғулланганлар маъмурий жазога тортилади. Уларнинг иши судда кўриб чиқилади. Одатда бундай шахслар мамлакатдан чиқариб юборилади”, - деди М.Кезимбоев.

Маълум бўлишича, Қозоғистондаги гастарбайтерлар малака талаб қилмайдиган ишларда ишлаган. Рўйхатга олинган 164,5 минг мигрант ишчидан 115 минги қурилиш, салкам 30 минги хизмат кўрсатиш, 13,5 минги қишлоқ хўжалик соҳаларида, шунингдек, 7 минг 406 нафари уй хизматкори бўлиб ишлаган.

Халқаро миграция ташкилотининг Қозоғистондаги ваколатхонаси ҳуқуқий маслаҳатчиси Айна Шурманбоева ноқонуний меҳнат мигрантлари фаолияти қонунийлаштирилгани икки томон учун ҳам фойдали бўлишини айтади.

“Ушбу тадбир амалга оширилгани натижасида, биринчидан, 164 мингдан ортиқ меҳнат мигранти қонуний мақомга эга бўлди. Иккинчидан, солиқлардан давлат хазинасига бир миллиард тангадан кўп қўшимча маблағ тушиши кутиляпти”, - дейди А.Шурманбоева.

“Интерфакс” ахборот агентлигининг Қозоғистон Ички ишлар вазирлигига асосланиб маълум қилишича, рўйхатга олинган ноқонуний меҳнат мигрантлари орасида энг кўп маош олаётганлари Остонада ишламоқда. Улар ойига 26 минг 700 танга, яъни тахминан 212 доллар маош оляпти. Қозоғистонда меҳнат мигрантларининг бир ойлик ўртача маоши 10 минг 890 тангани, яъни 86 долларни ташкил этади.

Пул топиш мақсадида чет давлатлар, жумладан, Қозоғистонда ҳам ноқонуний ишлаётган ўзбекистонликларнинг айримлари одам савдогарлари қўлига тушиб эксплуатация қилингани ёки улар ойлар давомида ишлатилиб, бир тийин ҳақ берилмасдан ҳайдаб юборилгани ва шу каби бошқа кўнгилсиз воқеалар кўп кузатилади.

Айна Шурманбоева ноқонуний меҳнат мигрантлари фаолиятининг қонунийлаштирилгани ана шундай кўнгилсиз воқеалар камайишига олиб келишини таъкидлади.

“Олдин бу ерга ишлаш учун келганлар одам савдоси билан шуғулланувчилар қўлига тушиб, улар томонидан камида эксплуатация қилиниши ва бепул ишлатилиши таҳдиди мавжуд эди. Энди улар ишлаш учун рухсат олгандан кейин бундай нохуш ҳолатларга тушиш камаяди”, - деди А.Шурманбоева.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, Ҳамдўстлик давлатларидан келган ноқонуний ишчи мигрантлар фаолиятини қонунийлаштириш мамлакатдаги меҳнат бозорига салбий таъсир этмаган. 2006 йилда Қозоғистондаги ишсизлар сони 642 минг кишини ташкил этган.
XS
SM
MD
LG