Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:56

Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистондан ўрнак оляптимикин?


Қирғизистон мухолифати кейинги пайтларда ҳукумат ўзгача фикрловчиларга нисбатан тазйиқлар ўтказа бошлаганини билдирмоқда. Бироқ ҳукумат бу иддаоларни рад этиб келяпти.

Қирғизистон мухолифатининг билдиришича, ҳукумат мухолифатчиларга қарши ҳужум бошлаган. Мухолифат раҳбари Умурбек Текебоевнинг вилоятларда аҳоли билан учрашувларига ҳукумат томонидан турли тўсқинликлар қилинган, парламент депутати Темир Сариев эса Бишкек аэропортида ўн минг долларни декларация қилмаганлик айби билан ушлаб қолинган. Ҳолбуки, Қирғизистон қонунчилигида мамлакатдан бир миллион долларгача бўлган миқдордаги маблағни декларацияда кўрсатмасдан олиб чиқиб кетиш мумкин. Мухолифатнинг яна бир аъзоси, парламент депутати Иса Умурбековнинг ўғли милиция томонидан қўлга олинган.

“Бу воқеаларнинг барчаси амалдаги ҳукумат одамларни қўрқитиш йўли билан бошқаришга инитилаётганининг исботидир. Шундай давом этаверса, амалдаги ҳукуматнинг умри қисқа бўлади. У ўзига ўзи чоҳ қазимоқда”, - дейди мухолифатдаги “Отамакон” партияси раҳбарларидан бири Умурбек Абдураҳмонов.

“Отамакон” партияси вакили Ильич Норматовнинг айтишича, мамлакат вилоятларида ҳам мухолифат аъзоларига тазйиқлар ўтказилмоқда. Жумладан, “Отамакон” аъзоларидан бири ҳукуматнинг босими остида ўз яшаш жойини ўзгартиришга мажбур бўлган. Жалолобод вилоятида эса партиянинг яна бир аъзоси қонунсиз асосда милиция бўлимида икки соат ушлаб турилган.

“Мақсат Кўчўров оғзаки ариза асосида туҳмат билан милиция бўлимида сақланган. Охир-оқибат ҳеч қандай далил-исбот бўлмагач, у қўйиб юборилган. Жалолобод вилоятида мухолифатнинг бошқа вакилларига ҳам тазйиқлар кучайиб бормоқда”, - дейди Ильич Норматов.

Бироқ Жалолобод вилояти милицияси вакиласи Жилдиз Табалдиева бу маълумотларни рад этади.

“Биз Жалолобод вилояти бўйича барча маълумотларни текшириб чиқдик. Лекин мухолифатчилар қўлга олингани тўғрисида ҳеч қандай маълумот қайд этилмаган. Ҳеч ким ариза билан ҳам мурожаат қилмаган”, - дейди Ж.Табалдиева.

Жалолободдаги “Сентябрь” мустақил телеканали раҳбари Чўлпон Авазбеков телеканал биносига ўзини ҳукумат вакиллари, деб таништирган шахслар ҳужум уюштирганини билдирди.

“Нива” автомашинасида келиб, ўзини ҳукумат вакиллари, деб таништирган номаълум шахслар, улардан икки нафари комуфляжда бўлган, “Сентябрь” телеканали минорасига чиқиб, техник ходимимиз ва қоровулимизни милтиқ ўқталиб қўрқитган. Шундан сўнг улар эфир узатувчи қимматбаҳо аппаратимизни ўғирлаб, ғойиб бўлган”, - дейди Чўлпон Авазбеков.

Шуни айтиб ўтиш лозимки, “Сентябрь” телеканали таъсисчиси Қирғизистон мухолифати раҳбари Умурбек Текебоевнинг яқин қариндошидир. Бироқ ҳукумат расмийлари бу ҳужумга алоқадор эмасликларини билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG