Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:46

Қирғизга квота керак, тожикка керак, ўзбеккачи?


Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев Россия президенти Владимир Путинга мактуб йўллаб, ундан қирғизистонлик 500 минг меҳнат мигранти учун квота ажратишни сўради.

Бу ҳақда журналистларга Қирғизистон Миграция давлат қўмитаси раиси Ойгул Рисқулова маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Қирғизистон президентининг таклифи Россия президенти девонида ўрганилмоқда.

Қирғизистонликлар учун квота масаласи икки давлат ҳукуматлари даражасида ҳам кўтарилди. Бош вазир Феликс Қулов Россия ҳукумати раиси Михаил Фрадковга мактуб билан мурожаат қилди.

“Январнинг охири ёки февралнинг бошида Россия Федерал миграция хизмати ва Қирғизистон Миграция давлат қўмитаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳнинг биринчи мажлиси ўтказилиб, унда меҳнат мигрантлари масаласи муҳокама қилинади. Айни пайтда мажлис қаерда ўтказилади – Москвадами, Бишкекдами - шу масала ўрганиляпти”, - деди О.Рисқулова.

Расмий Бишкекнинг меҳнат мигрантлари учун Россиядан президент ва бош вазир даражасида квота сўраётганига Россия ҳукумати 2006 йилнинг ноябри охирида қабул қилган қарор сабаб бўлди.

Бу ҳужжатда айтилишича, Россия бозорларида савдогарлик қилаётган чет элликлар, жумладан, марказий осиёликлар сони 2007 йилнинг 1 апрелидан бошлаб 40 фоизга туширилиши лозим. Яъни 100 савдогарнинг камида 60 нафари россиялик бўлиши шарт.

2007 йилнинг 31 декабригача эса Россия бозорларида чет эллик, жумладан, марказий осиёлик бирорта ҳам савдогар қолмаслиги керак.

Бу талаб нафақат Қирғизистон, балки Тожикистон ҳукуматини ҳам ташвишга солиб қўйди ва яқинда Душанбе Кремлга Россиядан депортация қилинган тожикистонликлар учун амнистия сўраб мурожаат қилди. Бироқ “Азия-плюс” ахборот агентлигининг 10 январь куни хабар қилишича, Россия расмийлари Душанбенинг сўровига рад жавоби берган.

Агентликнинг ёзишича, Россия Федерал миграция хизматининг Тожикистондаги ваколатхонаси раҳбари Евгений Семёнов “сўнгги уч йил давомида Россия Федерациясидан депортация қилинган 50 минг тожикистонликка нисбатан ҳеч қандай миграция амнистияси қўлланилмаслиги”ни билдирган.

Россия вакилининг таъкидича, Россиянинг ички тартибини бузган ва мамлакатдан мажбуран чиқариб юборилган ҳар бир кишининг ҳайдалиш тафсилотларини алоҳида ўрганиб чиқиш мушкул иш. Шунинг учун 50 минг кишини ёппасига амнистия қилиб бўлмайди.

Лекин шунга қарамай, Тожикистон расмийлари масала ижобий ҳал бўлишидан ҳозирча умидини узган эмас.

Россия ҳукуматининг мамлакат бозорларидан марказий осиёликларни ҳайдаб чиқариш тўғрисидаги қарори биргина Ўзбекистон ҳукуматини ташвишга солмаётган кўринади. Зеро, Ўзбекистон ҳукуматининг ўз меҳнат мигрантларини ҳимоя қилишга уринишлари ҳақида бирор жойда жўяли хабар тарқатилмади.
XS
SM
MD
LG