Линклар

logo-print

Гуантанамо қамоқхонаси ташкил этилганига беш йил тўлди

  • Ҳасанжон

АҚШнинг Кубадаги ҳарбий базасида дунёнинг турли бурчакларида қўлга олинган ва террорчиликда гумон қилинаётган шахслар сақланаётгани билан танилган Гуантанамо қамоқхонаси ташкил этилганига беш йил тўлди.

Бундан беш йил олдин Афғонистонда толиблар ҳокимиятдан ағдарилганидан бир неча ҳафта ўтиб Гуантанамо қамоқхонасига 20 кишидан иборат дастлабки маҳбуслар гуруҳи олиб келинган эди.

Вашингтон расмийлари Гуантанамо қамоқхонаси террорга қарши курашнинг муҳим қисми эканини таъкидлаб келмоқда. АҚШ президенти Жорж Буш ўтган йил сўзлаган нутқида мазкур қамоқхонада Американинг энг ашаддий душманлари, яъни бомба тайёрлаш, террорчиларни тайёргарликдан ўтказишда гумонланган ва худкуш бўлиши тахмин қилинган шахслар сақланаётганини айтган эди.

Собиқ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд эса Гуантанамо қамоқхонасини бориб кўргандан кейин унга урушлар тарихида энг яхши бошқарилган ва пухта назорат қилинувчи қамоқхона, дея таъриф берганди.

“Уларга(маҳбусларга) нисбатан яхши муносабатда бўлинади. Уларга уруш асирлари сифатида эмас, ноқонуний жангарилар сифатида қаралади. Билишимча, Женева Конвенциясида назарда тутилган ҳуқуқлар ноқонуний жангчиларга тегишли эмас. Шунга қарамай, биз уларнинг аксарига Женева Конвенцияси талаблари даражасида муомала қилишни режалаганмиз”, - деганди Д.Рамсфелд.

Гуантанамо қамоқхонаси ишга тушгандан буён у халқаро миқёсда тортишувлар ва танқидларга сабаб бўлиб келмоқда. Чунки қамоқхонада сақлаб келинаётган 700га яқин маҳбуснинг аксарига айблов эълон қилинмаган ва уларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Ўтган йили БМТнинг эндиликда собиқ бош котиби Кофи Аннан АҚШ ҳукуматини Гуантанамо қамоқхонасини ёпишга чақирган эди.

“Менимча, эртами ё кеч Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш керак бўлади. Бу масалани ҳал қилиш АҚШ ҳукумати ихтиёрида. Бу имкон қадар тез амалга ошишига умид қиламиз”, - деганди Кофи Аннан.

Гуантанамо қамоқхонаси ишга тушганининг беш йиллиги муносабати билан инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва бошқа фаоллар 11 январь куни АҚШнинг Кубадаги ҳарбий базаси дарвозасигача норозилик юриши ўтказишни режалаштирган. Улар орасида ўғли Ироқда ҳалок бўлган америкалик Синди Шиҳон ва Гуантанамода икки йил сақлангандан сўнг 2004 йилда қўйиб юборилган британиялик собиқ маҳбус Осиф Иқбол ҳам бор.

Ўғли Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган Ливия фуқароси ҳам норозилик юришида қатнашади. Юришнинг яна бир иштирокчиси Зуҳра Зевавий 10 январь куни Гавана шаҳрида АҚШ президенти Жорж Бушга қарата ҳиссиёт билан мурожаат қилар экан: “Мен Жорж Бушдан агар унинг қизи ҳам шу ерда сақланаётган бўлса, у ўзини қандай ҳис қилган бўлишини сўрамоқчи эдим”, – деди.

Ўз душмани томонидан бошқарилаётган Гуантанамо қамоқхонасини қоралаган Куба ҳукумати норозилик намойиши иштирокчиларининг АҚШ ҳарбий базаси олдигача юриб боришига рухсат берилишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG