Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:18

2006 йил мустақил Ўзбекистонда энг ёмон йиллардан бири бўлди


“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти инсон ҳуқуқлари вазиятига доир йиллик ҳисоботида Ўзбекистонни яна танқид қилди. Унда 2006 йил мустақил Ўзбекистоннинг 15 йиллик тарихидаги энг аянчли йиллардан бири бўлгани таъкидланади.

Ташкилотнинг 600 саҳифалик ҳисоботида Шимолий Корея, Бирма ва Туркманистон дунёнинг энг репрессив давлатлари сифатида тилга олинади. Хитой, Россия, Қозоғистон, Эрон ва Ўзбекистон эса инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлашган ва мустақил матбуот доим ҳужумлар остида бўлган давлатлар сифатида танқид қилинади.

ҲРУнинг бу йилги ҳисоботида АҚШдаги вазиятга ҳам алоҳида урғу берилган. Унда Жорж Буш маъмуриятининг терроризмга қарши қўллаётган усуллари, жумладан, қийноқлар, судловсиз қамоққа олишлар, маҳбусларни ҳақоратлаш амалиёти Америка обрўсига путур етказгани билдирилади. Шу боис, ташкилот ўзининг бу йилги ҳисоботини террор уруши тутқунлари сақланаётган Гуантанамо қамоқхонаси ташкил этилганига беш йил тўлган кунда эълон қилди.

“Ташкилотимиз бу ҳисоботни эълон қилиш учун Гуантанамо қамоқхонаси ташкил топганига беш йил тўлган кунни танлагани сабаби ҳисоботда асосий урғу инсон ҳуқуқлари вазияти таназзулга юз тутаётганига берилганидир”, - деди ҲРУ ижрочи директори Кеннет Роуз.

Унинг айтишича, Жорж Буш маъмуриятининг терроризмга қарши уруш доирасида қийноқлар қўллаш, судловсиз қамоққа олиш сиёсати дунёнинг кўпгина қисмларида Америкага бўлган ишончни йўққа чиқарган.

ҲРУ ҳисоботининг Марказий Осиёга оид қисмида Андижон воқеаларига эътибор қаратилиб, Ўзбекистон ҳукумати тинч намойишчиларни қирғин қилишда яна бир бор айбланади. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аҳволи 2005 йилда ҳукуматнинг май ойида Андижондаги намойишчиларни қирғин қилишидан сўнг янада ёмонлашгани ва бу ёмонлашув 2006 йилда аянчли тус олгани қайд этилади. Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари ўринбосари Рейчал Денбер 2006 йил Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти учун энг ёмон йиллардан бири бўлганини таъкидлади.

“2006 йилни Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти учун мустақилликнинг 15 йилидаги энг ёмон йиллардан бири, деб аташ мумкин. Ҳозирга қадар ҳукумат 2005 йил 13 май кунги Андижондаги тинч намойишчилар ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилгани юзасидан жавобгарларни жазога тортиш борасида ҳеч қандай қадам қўйгани йўқ. Бунинг ўрнига воқеалар учун масъуллигини рад этмоқда ва мустақил, шаффоф текшириш ўтказишга уринаётганларни таъқиб қилмоқда”, - деди Р.Денбер.

2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин ўнлаб инсон ҳуқуқлари фаоллари, мустақил журналистлар ҳамда мухолифат аъзолари қамалди. Андижон борасида ҳукумат версиясига тескари фикр билдирганларнинг кўпчилиги таъқибга учради, айримлари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

“Ўтган 15 ой давомида Ўзбекистондаги қатағонлар юзлаб одамни мамлакатдан қочишга мажбур қилди. Уларнинг кўпчилиги қўшни Қирғизистонга қочди. Қирғизистон эса инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва халқаро ҳамжамият чақириқларини четга суриб, Андижон воқеаларида айбланаётган беш ўзбек қочқинини расмий Тошкентга қайтариб берди”, - деди Р.Денбер.
XS
SM
MD
LG