Линклар

logo-print

Чегарадаги ташвишлар камаярмикин...

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларининг ўзаро визасиз қатнови тўғрисида Қирғизистон билан имзоланган битимни тасдиқлади.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги ахборот агентликлари Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати берган маълумотга таяниб, чоршанба куни хабар қилди.

Ўзбекистон раҳбари тасдиқлаган битим матнида, жумладан, бундай дейилган: “Қирғизистон ҳукумати ва Ўзбекистон ҳукумати ҳар икки мамлакатнинг яроқли ҳужжатга эга бўлган фуқаролари Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудларига 60 сутка давомида визасиз киришлари ёки бу ҳудудлардан чиқишлари ёхуд бу ҳудудлар орқали бошқа мамлакатларга ўтишлари ва шу ҳудудларда қолишларига рози бўлди”.

Бу битим Қирғизистон президентининг 2006 йил октябрда Тошкентга қилган расмий сафари давомида имзолаган ва уни кейинроқ ҳар икки мамлакат парламентлари маъқуллаган эди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходими Медер Абакиров “Озодлик” мухбирига: “Битим томонлар бир-биридан битим ижросига киришишга тайёр экани тўғрисида билдирув олган куни кучга киради”, - деди.

Демак, ўзбекистонликларнинг Қирғизистонга ва қирғизистонликларнинг Ўзбекистонга 60 кунга визасиз бориши айнан қайси санада бошланишини ҳозирча аниқ айтиш қийин.

Янги битим тўла кучга кирган кундан бошлаб 2000 йилнинг 2 июлида қабул қилинган аввалги битим ўз кучини йўқотади.

2000 йилги битим амал қила бошлагандан буён Ўзбекистон – Қирғизистон чегараси можаролар чизиғига айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас.

Қирғизистонлик миллатларо муносабатлар бўйича мутахассис Светлана Ғаффорова фикрича, янги битим чегарадаги кескинликни бутунлай бартараф эта олмаса-да, уни бироз юмшатиши табиий.

“Лекин янги битим ҳам оддий фуқаронинг чегарачи билан жуда кўп ҳолларда кўнгилсизликларга олиб келадиган учрашувини бекор қилмайди. Оддий фуқаро чегарачининг қўполлигига, таъмагирлигига чидашга мажбур”, - дейди С.Ғаффорова.

С.Ғаффарова ҳар икки мамлакат чегарачиларининг умумий маданияти паст, ҳуқуқий саводи эса ҳаминқадар эканини айтар экан: “Ана шундай шароитда чегарачилар ва божхона ходимларининг билимларини ошириш ва бу ишни нодавлат ташкилотлари даражасида ўтказиш керак”, - деди.

Унинг сўзларига қараганда, минтақа давлатлари чегарачилари яхшини ёмондан, жиноятчини қонунни ҳурматлайдиган фуқародан, бир сўз билан айтганда, ҳалолни ҳаромдан ажратишни билмайди ёки хоҳламайди.

Таҳлилчининг сўзларига исбот бўла оладиган энг сўнгги воқеа 9 январь куни Қирғизистон-Тожикистон чегарасида юз берди.

Чегаранинг “Мингўрик” масканида тожикистонлик чегарачилар Боткен вилояти губернатори Султонбой Ойжигитовнинг машинасини тўхтатиб, уни машинадан тушишга мажбур қилди ва унга автомат ўқталди. Шундан сўнг вилоят ҳокими Қирғизистон томонидан ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини ёрдамга чақиришга мажбур бўлди.

Боткен вилояти ҳокимлиги масъул ходимининг 11 январь куни “Озодлик”ка маълум қилишича, айни пайтда мазкур воқеа тафсилотлари ўрганилмоқда.
XS
SM
MD
LG