Линклар

Гуантанамо қамоқхонаси ташкил этилганига беш йил тўлди

  • Ҳасанжон

Кубадаги АҚШ ҳарбий базасида Гуантанамо қамоқхонаси ташкил этилганига 11 январ куни беш йил тўлади. Вашингтон расмийлари терроризмга алоқадорликда гумон қилинган шахслар сақланаётган бу қамоқхона террорга қарши курашнинг муҳим қисми эканини таъкидлаган. Мазкур қамоқхонада сақланаётган шахсларнинг аксарига айблов ҳанузгача эълон қилинмаган ва улар ҳуқуқлари поймол қилинган. Шу боис халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва чет эл ҳукуматлари Гуантанамо масаласида АҚШ раҳбарларини танқид қилиб келмоқда. 11 январ куни бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва собиқ Гуантанамо маҳбуслари халқаро норозилик намойиши ўтказишни режалаган.

Бундан беш йил олдин Афғонистонда толиблар ҳокимиятдан ағдарилганидан бир неча ҳафта ўтиб Гуантанамо қамоқхонасига 20 кишидан иборат дастлабки маҳбуслар гуруҳи олиб келинган эди.

Вашингтон расмийлари Гуантанамо қамоқхонаси террорга қарши курашнинг муҳим қисми эканини таъкидлаб келмоқда. АҚШ президенти Жорж Буш ўтган йил сўзлаган нутқида мазкур қамоқхонада Американинг энг ашаддий душманлари, яъни, бомба тайёрлаш, террорчиларни тайёргарликдан ўтказишда гумон қилинган ва худкуш ҳужумчи бўлиши тахмин қилинган шахслар сақланаётганини айтган эди.

Собиқ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд эса Гуантанамо қамоқхонасини бориб кўрганидан кейин уни урушлар тарихида энг яхши бошқарилган ва пухта назорат қилинувчи қамоқхона, дея таърифлаган эди:

“Уларга нисбатан яхши муносабатда бўлинади. Уларга уруш асирлари сифатида эмас, ноқонуний жанггарилар сифатида қаралади. Билишимча, Женева Конвенциясида назарда тутилган ҳуқуқлар ноқонуний жангчиларга тегишли эмас. Шунга қарамай, биз уларнинг аксарига Женева Конвенцияси талаблари даражасида муомала қилишни режалаганмиз”, – деган эди Д. Рамсфелд.

Гуантанамо қамоқхонаси ишга туширилганидан бери у халқаро миқёсда тортишувлар ва танқидларга сабаб бўлиб келмоқда. Чунки қамоқхонада сақлаб келинаётган 700га яқин маҳбуснинг аксарига айблов эълон қилинмаган ва улар ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида маълумотлар олинмоқда.

Ўтган йил БМТ Бош котиби Кофи Аннан АҚШ ҳукуматини Гуантанамо қамоқхонасини ёпишга чақирган эди:

“Менимча, эртами ё кеч Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш керак бўлади. Бу масалани ҳал қилиш АҚШ ҳукумати иҳтиёрида. Бу имкон қадар тез амалга ошишига умид қиламиз”, – деган эди Кофи Аннан.

Гуантанамо қамоқхонаси ишга туширилганининг беш йиллиги муносабати билан инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва бошқа фаоллар 11 январ куни Кубадаги АҚШ ҳарбий базаси дарвозасигача норозилик юриши ўтказишни режалаган. Улар орасида ўғли Ироқда нобуд бўлган АҚШлик урушга қарши бўлган фаол Синди Шихон ҳамда икки йил Гуантанамо қамоғида сақланганидан кейин 2004 йилда қўйиб юборилган собиқ маҳбус британиялик Осиф Иқбол ҳам бор.

Ўғли Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган Ливия фуқароси ҳам норозилик юришида қатнашади. Яна бир юриш иштирокчиси Зуҳра Зевави 10 январ куни Хавана шаҳрида АҚШ президенти Жорж Бушга хиссиёт билан шундай мурожаат қилди:

“Мен Жорж Бушдан агар унинг қизи ҳам шу ерда сақланаётган бўлса, у ўзини қандай хис қилган бўлишини сўрамоқчи эдим”, – деди Зуҳра Зевави.

Ўз душмани томонидан бошқарилаётган Гуантанамо қамоқхонасини қоралаган Куба ҳукумати норозилик намойиши иштирокчиларининг АҚШ ҳарбий базаси олдигача юриб боришларига рухсат берилишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG