Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:02

Қирғизистонлик хожилар халокатининг тавсилоти


Ҳаж ибодатини адо этиб, Саудия Арабистонидан автобусда қайтаётган 22 нафар қирғизистонликлар хожи 12 январь куни аварияга учраб ҳалок бўлгани тўғрисида ўз вақтида хабар берган эдик. 13 январь куни фожеанинг айрим тафсилотлари маълум бўлди.

Қирғизистон республикаси “Диний ишлар бўйича давлат комиссияси” раҳбари муовини Арҳарбек Садабаевнинг “Озодлик” радиосига билдиришича, фожеа Саудия Арабистони ҳудудида, мамлакатнинг Бирлашган Араб амирликлари билан чегарасига 15 чақирим қолган жойда юз берган.

Қирғизистонликлар тушган автобус қуюқ туман туфайли ҳалокатга учраган. Мадинадан йўлга чиққан хожилар 13 январь куни Дубай шаҳридан Қирғизистонга учишлари керак эди.

Арҳарбек Садабаевга кўра, ҳалокат оқибатида нобуд бўлганлар, аввал хабар қилинганидай, 22 эмас, 23 кишидир.

"Авария оқибатида 23 фуқаромиз қазо қилди. Уч киши оғир жароҳат олган. Қолганлари саломат" ,- деб хабар қилди Қирғизистон республикаси “Диний ишлар бўйича давлат комиссияси” раҳбари муовини.

Қирғизистон ҳукумати 13 январь куни қурбон бўлганларнинг дастлабки рўйхатини ҳам эълон қилди.

Рўйхатдагиларнинг ҳаммаси Ўш вилоятидан бўлиб, уларнинг 7 нафари Қорасув туманидаги Қашқарқишлоқдан, 2 нафари Шарқ қишлоғидан, 3 киши Ўш шаҳридан, 4 хожи Аравон, 1 хожи Новқат туманларидан. Қолган 6 кишининг қайси тумандан эканлиги кўрсатилмаган.

Нобуд бўлганларнинг ярми аёллардир.

"Қирғизистон ҳукумати жабр кўрганларга ёрдам бериш ва ҳалок бўлганлар жасадларини ватанга олиб келиш учун барча зарурий чораларни кўраяпти", - дейилади ҳукумат матбуот хизмати тарқатган маълумотномада.
XS
SM
MD
LG