Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:59

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Ироқда қўлга олинган беш нафар эронлик зудлик билан қўйиб юборилишини талаб қилди


Эрон Ироқдаги АҚШ кучлари томонидан ҳибсда ушлаб турилган беш нафар эронлик қўйиб юборилишини талаб қилди. Эрон расмийлари улар “консулхонага алоқадор шахслар” эканини иддао қилмоқда. Бироқ АҚШ ҳарбийлари Ирбил шаҳрида қўлга олинган мазкур шахслар Эроннинг Инқилоб Посбонлари ташкилотига алоқадор эканини таъкидламоқда.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Муҳаммад Али Ҳусайний 14 январ куни Теҳронда журналистларга қўлга олинган эронликлар “консуллик идорасига алоқадор шахслар экани”ни айтди:

“Америкаликлар беш нафар эронликни дарҳол қўйиб юбориши керак ва Ирбилдаги идорамизга етказилган моддий зарар учун товон пули тўлаши керак”, – деди Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Бироқ АҚШ ҳарбийлари тарқатган баёнотда 11 январ куни Ирбил шаҳрида қўлга олинганлар Эроннинг Инқилоб посбонлари ташкилотига алоқадорлигини билдирилган. Америка ҳарбийларига кўра, мазкур ташкилот Ироқда беқарор вазият содир этиш, Бағдод ҳукумати ва коалиция кучларига путур етказиш мақсадида ироқлик исёнчиларни молия, қуроллар, портловчи моддалар билан таъминлаш, шунингдек, уларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш билан шуғулланганликда айбланган.

АҚШ расмийларига кўра, қўлга олинган эронликларнинг бирортасида ҳам дипломатик паспорт бўлмаган.

Ҳаво, қуруқлик ва денгиз кучларига эга бўлган Эроннинг Инқилоб посбонлари мамлакат Олий руҳонийси Оятулло Али Хаманаига тўғридан-тўғри бўйсунади.

АҚШ Давлат Котиби Кондолиза Райс “Нью Йорк Таймс” газетасига Ироқда эронликларга қарши ўтказилган рейд президент Жорж Бушнинг кенг қамровли ҳарбий ҳужум дастури доирасида амалга оширилганини айтди.

“Агар Теҳрон ҳукумати, ўзи иддао қилаётганидек, минтақани барқарорлаштиришда ёрдам беришни хоҳласа, у Ливан, Фаластин ва Ироқликлар хоҳиш-иродасини йўққа чиқаришга уринаётган экстремистларни қўллаб-қувватлашни ва ўзининг ядровий дасутрини тўхтатиши керак”, – деди АҚШ Давлат котиби.

Вашингтон расмийлари Эронни Ироқда АҚШ кучларига қарши курашаётган жанггариларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказаётганликда айблаб келмоқда. Ҳозир Яқин Шарқ давлатларига сафар қилаётган Кондолиза Райс Вашингтоннинг ана шу айбловини яна бир марта қайтарди. Райс Эрон АҚШ ҳарбийларига таҳдид солаётган жанггариларга портловчи мосламалар тайёрлашни ўргатаётгани ва уларни керакли анжомлар билан таъминлаётганини исботловчи кўплаб далиллар борлигини таъкидлади.

Жуст Хилтерман “Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи”нинг Иорданиядаги сиёсий таҳлилчиси. Унинг Озодлик радиосига айтишича, ҳамма муаммо Эроннинг Ироққа таъсирини камайтириш бўйича АҚШда сиёсий стратегияси йўқлигидадир. Унинг фикрича, АҚШ Ироқдаги эронлик гуруҳларни ёки йўқ қилиши керак ёки Эрон билан Ироқ борасида келишувга эришишга ҳаракат қилиши лозим.
XS
SM
MD
LG