Линклар

Ўзбекистон қуролли кучлари ўзининг 15 йиллигини нишонлади

  • Алишер Сиддиқ

14 январ куни кутилганидек, Ўзбекистон қуролли кучлари Олий бош қўмондони, президент Ислом Каримов мамлакат ҳарбийларини байрам билан қутлади. Сана муносабати билан пойтахт ва вилоятларда турли концерт дастурлари уюштирилди, давлат оммавий ахборот воситалари орқали ҳарбийлар ўз шарафига мақтовларни эшитишди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг байрам табриги ҳам давлат телевидениеси орқали ўқиб эшитирилди. Ўзбекистон армиясининг жанговар таёргалигидан мамнунлигини билдирган Олий бош қўмондон қуролли кучларнинг терроризмга қарши кураш жанговар бўлинмаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Аммо Президент Каримов армия фаолиятини яхшилаш бўйича янги таклифлар киритмади. Президент ўз табригида Ўзбекистон армияси хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик масаласида биринчи галда Россияга кўпроқ аҳамият бераётганини алоҳида қайд этди.

Олий бош қўмондонга кўра, Ўзбекистон ўғлонлари учун мамлакат армиясида хизмат қилиш уларнинг орзусига айланди. Ўзбекистонда ёшларнинг армияда хизмат қилиши давлат ва ҳуқуқ-тартибот идораларига ишга жойлашишлари учун уларга қўйилган талабдир.

Марказий Осиё давлатлари ичида энг серҳарж ва кўп сонли Ўзбекистон армиясида тахминан 60 минг ҳарбий хизмат қилади. АҚШ Марказий разведка бошқармаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати армия таъминоти учун йилига камида 200 миллион АҚШ доллари сарфлайди.

Таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошевга кўра, Ўзбекистон армиясига қилинаётган бундай улкан харажатлар мавжуд таҳдидга мос эмас.

“Ўзбекистон ялпи ички махсулот миқдорининг 5 фоиздан зиёдини армияга сарфлайди. Ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон собиқ шўролар ҳудида етакчилик қилади”, – дейди Т. Йўлдошев.

Унга кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг армия доҳил, куч тизимларга алоҳида аҳамият бериши режимнинг айнан куч тизимларига таянганини кўрсатади.

2005 йил 13 май куни Андижонда содир бўлган ғалаён шоҳидларига кўра, намойишни қонли бостириш чоғида Ўзбекистон армияси ҳам жалб қилинган.
XS
SM
MD
LG