Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:23

Ўзбекистон делегацияси Германияда


Ўзбекистон адлия вазири Фозилжон Отахонов ва ички ишлар вазири ўринбосари Алишер Шарафуддинов етакчилигидаги делегация Германияга сафар қилмоқда.

Бу мансабдорлар гуруҳи 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан кейин Германияга сафар қилаётган ўзбекистонлик энг юқори даражали делегациядир.

Мазкур ташриф давомида Ўзбекистоннинг ахлоқ тузатиш муассасалари, судлов ва ҳуқуқ-тартибот тизимларини ислоҳ этиш ҳамда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият муҳокама этилади.

Айни пайтда Европа Иттифоқига раислик қилаётган Германия тузилманинг Марказий Осиё давлатлари бўйича ягона стратегиясини ишлаб чиқмоқда. Бу стратегия Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқотни жадаллаштириш орқали мазкур мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ўнглашни назарда тутади.

30 йилдан кўпроқ вақт муқаддам Германия Совет Иттифоқи ва ГДР билан мулоқотни жадаллаштириш ташаббуси билан чиққан эди. Бу ташаббус “Янги Шарқ сиёсати” номини олганди. Германия Совет Иттифоқи ва ўзининг социалистик кучлар назорати остидаги қисми билан яхши алоқа ўрнатди.

Вақт ўтиб Совет Иттифоқи қулади, Германия ўзининг тарихий ҳудудини бир давлатга бирлаштирди.

Германиянинг Марказий Осиё борасида ишлаб чиқаётган янги сиёсати ҳам айнан ўша даврларни эслатади.

Германия 2005 йилда Андижондаги ғалаённи қонли бостириб, инсон ҳуқуқларини кенг кўламда поймол этишда айбланган Ўзбекистон ҳукуматидан юз ўгирмади.

Ўша қонли воқеадан сўнг мамлакатга ташриф буюрган ўнлаб немис делегациялари сафида ўтган йил сўнггида минтақага сафар қилган Германия ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Штайнмайер ҳам бор.

Энди эса Германия Ўзбекистондан келган юқори мартабали расмийларга мезбонлик қилмоқда.

“Бу конструктив мулоқотнинг бир қисми бўлиб, мазкур ташриф аҳамиятини пасайтирмасдан айтишим мумкинки, бундай мулоқотларни олиб бориш Марказий Осиё давлатлари бўйича янги сиёсатимизнинг муҳим қисмидир”, - деди Германия Ташқи ишлар вазирлиги вакиласи Памила Прешеу.

Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари А.Шарафуддинов ва адлия вазири Ф.Отахонов етакчилигидаги делегация Германияга 14 январь куни келди. Улар қарийб бир ҳафта бу ерда қолиб, юқори мартабали немис расмийлари, парламент ҳамда нодавлат ташкилотлар вакиллари билан учрашади. Германиянинг ахлоқ тузатиш муассасалари, судлов ва ҳуқуқ-тартибот тизими билан танишади.

16 январь куни ўзбек делегациясининг “Ҳьюман райт уотч” ташкилоти вакиллари билан учрашуви режалаштирилган.

ҲРУ Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқот ўрнатаётган Германия ҳукуматига қаршилик билдираётгани йўқ. Аммо у Германиядан ҳамкорликни давом эттириш учун Тошкентга аниқ шарт қўйиш кераклигини уқтирмоқда.

“Улар Андижондан сўнг мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият мутлақо номақбуллигини билдириши ва бу борада аниқ яхшиланишни талаб қилиши лозим”, - дейди ҲРУнинг Германиядаги идораси раҳбари Мариен Ҳюеваген.

Айни пайтда Германия Ўзбекистон ҳукумати билан олиб бораётган мулоқот бу мамлакатдаги сиёсий вазиятни яхшилай олиши борасида шубҳалар ҳам мавжуд.

Германияда ишлаётган ўзбекистонлик журналист Галима Бухорбоеванинг айтишича, ўтган давр мобайнида Ўзбекистондаги сиёсий вазият фақатгина ёмонлашиб борди.

“Ҳозир бўлаётган жараёнлар, яъни Германия Андижон қирғинига қисман бўлса-да, жавобгар бўлган одамларни таклиф этиб, уларни иссиқ кутиб олаётгани Ўзбекистон ҳукуматини фақатгина битта хулоса чиқаришга етаклайди. Ўзбекистон ҳукумати турли Ғарб давлатларнинг сиёсий манфаатларини ишлатиб, ўз мамлакати одамларини қийнашда давом этавериши мумкин”, - дейди Г.Бухорбоева.

Бироқ айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ЕИ ва хусусан, Германия билан муносабат ўрнатишдан манфаатдор эканини билдирмоқда.

“Бундай муносабатларни биз вақтинчалик ўрнатаётганимиз йўқ. Бу бизнинг ташқи сиёсат стратегиямиздир. Биз мамлакатдаги вазиятни амалда ҳам ўзгартиришга тайёрмиз”, - деди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мулозими.
XS
SM
MD
LG