Линклар

logo-print

Россияда ишга бориш яна қийинлашди

  • Озодлик

15 январдан Россияда муҳожирларни ишга ëллашнинг янги қоидалари кучга кирди. Бу ҳақдаги ҳужжат қонунни бузган муҳожирларга ҳам, ишга ёлловчиларга ҳам анча шафқатсиз.

Қонунга кўра, энди чет элликлар билан меҳнат шартномаси тузган иш берувчилар ўн кун муддат ичида Федерал миграция хизматининг маҳаллий бўлимини хабардор қилиши керак. Талаблар бажарилмаса, иш берувчиларга ҳар бир меҳнат муҳожири учун 250 минг рублдан 800 минг рублгача жарима солинади.

Россия ҳукумати хорижий фуқароларнинг мамлакатда спиртли ичимлик ва фармацевтик маҳсулотлар сотишини ҳам тақиқлаб қўйди. Шу йилнинг 1 апрелидан эса чет эллик савдогарларнинг бозорлардаги салмоғи 40 фоиздан ошмаслиги керак бўлади.

Россиядаги ноқонуний муҳожирлар сони 10 миллиондан ошади. Агар шунча ноқонуний муҳожирнинг ҳеч бўлмаганда ярми қонуний муҳожир мақомини олса, бу Россия иқтисодига сезиларли таъсир кўрсата бошлайди. Мамлакат ғазнаси секин-аста меҳнат муҳожирлари даромадидан тушган солиқлар эвазига бойийди.

“Бугунги кунда Россияда 1 миллион 150 минг хорижлик қонуний меҳнат қилади. Агар 2007 йили қонуний муҳожирлар сони беш-олти миллионни ташкил этса, сезиларли ўзгариш бўлади. Биз учун мамлакатда ўн миллион ноқонуний муҳожир ишлагандан кўра, беш миллион қонунийси ишлагани яхши. Биз муҳожирлар учун бекорга квота ажратганимиз йўқ. Бу Россияга келиб тирикчилик қилмоқчи бўлганларга берилган ўзгача бир сигналдир. Яъни истасангиз келиб, солиқ пулини тўлаб, тирикчилик қилаверинг, деганидир”, - деди Федерал миграция хизмати бошлиғи Константин Ромодановский Москвада ўтган матбуот анжуманида.

Собиқ Иттифоқ парчалангандан сўнг Россияга пул топиш учун келган ноқонуний муҳожирлар ишлаб топган даромадидан солиқ тўламас эди. Бу муҳожирлар ҳар йили ўз юртига юзлаб миллион доллар маблағ жўнатади. Россия ҳукумати ҳам ўз ҳудудида ишлаб топилган пуллардан мамлакатга ҳеч қандай наф йўқлигини тушунгандек. Бунга чек қўйиш учун эса юқорида тилга олинган қонун кучга киритилди.

Константин Ромодановский рўйхатдан ўтмай тирикчилик қилиб юрган муҳожирлар маъмурий жавобгарликка тортилиши ва ҳатто мамлакатдан ҳайдаб чиқарилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Қонун бўйича бу фуқаролар қонунни бузувчилар ҳисобланади. Улар ўтган йили ҳам қонунни бузган ҳисобланган. Қонун бўйича чора кўриладиган бўлса, бу шахслар маъмурий жавобгарликка тортилиши, ҳатто депортация қилиниши лозим. Аммо биз уларнинг аҳволи оғирлигини биламиз. Шунинг учун биз бу вазиятдан чиқиш йўлларини қидирмоқдамиз”, - деди К.Ромодановский.

Ўзбекистонлик Шавкат йилнинг 9 ойини Москвада ўтказади, аниқроғи қурилишда ишлайди. У қайсидир маънода К.Ромодановскийнинг фикрига қўшилади.

“Давлат Қирғизистонга, Тожикистонга, Ўзбекистонга қанчадан-қанча пул кетаëтганини биляпти. Бугун Росиядаги қонуний корхоналарнинг ҳам 80 фоиз ишчиси ноқонуний муҳожирлар. Улар солиқ тўламайди. Давлат улардан солиқ олмоқчи. Энди расмийлар ноқонуний қурувчиларни ушлайди, аста-секинлик билан бозорларга ўтади”, - дейди Шавкат.

Россиядаги муҳожирларнинг айтишича, ўтган ҳафтадаëқ Россия улгуржи бозорларини ноқонуний мигрантлардан тозалаш бошланган. Бозорлар ва савдо расталари жойлашган майдонларни Россия истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, Федерал миграция хизмати, Меҳнат вазирлиги ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан тузилган нуфузли комиссия текшириб юрибди.

Шавкат рус тилини яхши билмайдиган, Россияга нега келаётганини тушунтириб бера олмаётган хорижликлар ҳозирданоқ мамлакатга киритилмай, ортга қайтариб юборилаётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG