Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:22

Амнистия қилинганларга эътибор аслида ҳам зўрми?


Ўзбекистон расмийлари мамлакат Конституцияси қабул қилинганига 14 йил тўлгани муносабати билан эълон қилинган амнистия ижроси юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини билдиряпти.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг ёзишича, амнистияга тушиб, уйга қайтган одамларга ҳозир моддий ва маънавий ëрдам кўрсатилмоқда. Улар ўз мутахассислиги бўйича иш билан ҳам таъминланмоқда.

Фарғона вилоятида шу кунгача 111 шахс амнистия қилинган. Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган шаxсларнинг жамиятда ўз ўрнини топиб олиши, меҳнат фаолиятини давом эттиришида вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Ижтимоий кўникма маркази яқиндан кўмак бераëтгани хабар қилинади.

Мазкур марказлар томонидан уларнинг ижтимоий ҳаëтга қайта мослашувини таъминлаш, ишга ëллаш, саломатлигини тиклаш, паспорт, қарилик пенсияси, ногиронлик нафақаси олиши ëки ўқишини давом эттиришига кўмаклашиш борасида аниқ тадбирлар ишлаб чиқилаëтгани айтилади.

Фарғонадаги Ижтимоий кўникма маркази ходими Абдуқодир Раҳимовнинг билдиришича, шу кунгача амнистия қилинганлардан 16 нафари шу ташкилотга мурожаат қилган.

“Улардан беш нафари аëллар. Бир киши нафақа ëшида. Амнистияга чиққанлар учун 36та иш жойи ажратилган. Бизга мурожаат қилганларнинг ҳаммаси фуқаролик паспорти билан таъминланган. Ҳокимлик ҳузуридаги махсус комиссия уларнинг берган аризасини кўриб чиқиб, тиббий кўрикдан ўтишига, паспортини тўғрилаш ва транспорт харажатларини ҳисобга олиб, энг кам иш ҳақининг 6 баробари миқдорида моддий ëрдам кўрсатиш ҳақида қарор чиқарди”, - деди А.Раҳимов.

Сурхондарë вилоятида ҳам амнистия қилинганларга ëрдам бериш учун бир қанча ишлар қилинаётгани айтилади.

Денов тумани ҳокимининг “Озодлик” мухбирига ўзини Хурсандбек, деб таништирган ўринбосари сўзларига кўра, Ижтимоий кўмак марказига 73 киши мурожаат қилган, уларнинг 48 нафари иш билан таъминланган.

“Амнистия қилинган ҳар бир одамга 68300 сўмдан берилган. Бу пуллар паспортларини тўғрилаш ва бошқа биринчи даражали ëрдам учун берилган. Учта ғишт заводимизга ишчи керак. Бундан ташқари, агар энергетиклар бўлса, электр тармоқлари корхонасида иш билан таъминлаш учун имконият бор. Газ таъминоти корхоналарига ҳам, агар мутахассис бўлса, ишга жойлаштиришнинг имкони бор”, - деди ҳоким ўринбосари.

Аммо вазият бунчалик силлиқ эмас ва амнистия қилинган ҳар бир одам ҳам ишини топиб кета олмаëтган кўринади.

“Мен оғир тан жароҳати етказганликда айбланиб ҳибсга олинган эдим. Бу ҳодиса 2005 йил охирида юз берди. Яхшиям Конституция куни бор экан, мени амнистияга тушдим. Раҳмат ҳукуматимизга. Энди ишга жойлашиш муаммо бўлиб турибди. Касбим бўйича ҳисобчиман, ҳужжатимни бир ташкилотга олиб бориб қолдириб келган эдим, бугун қўнғироқ қилиб, ҳужжатимни олиб кетишимни айтишди”, - дейди яқинда амнистия қилинганлардан бири Линия Асанова.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов амнистия қилинганларнинг давлат томонидан маблағ билан таъминланиши расмийлар айтаётганидек осонгина кечмаслигини таъкидлади.

“Амнистия қилинганларга нари борса 8000-10000 сўм атрофида пул берилади. Пул беришнинг ҳам ўзи бўлмайди. Мажлис ўтказилади, қоғозбозлик қилинади, натижада қамоқдан чиққан шахснинг бу пулни олишга боргиси ҳам келмайди. Кўп ҳолда улар ҳеч қандай моддий ëрдам ололмайди. Бундан ташқари, иш масаласи ҳам бор. Аслида Ўзбекистонда иш масаласи билан боғлиқ вазият яхши эмас. Шунга қарамай, қонун бўйича амнистия қилинганлар иш билан таъминланиши керак. Бироқ бу масала бизда муаммо ҳозирча”, - дейди Суръат Икрамов.
XS
SM
MD
LG