Линклар

logo-print

ЕИ Марказий Осиёни бой беришдан чўчимоқда


Фарух Юсуфий Еврокомиссиянинг ташқи алоқалар комиссари Бенита Ферреро-Валднер Марказий Осиё мамлакатларидаги инсон ҳуқуқлари вазияти хавотирларга сабаб бўлаётган эса-да, ЕИ бу давлатлар билан алоқаларни яхшилаши кераклигини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, акс ҳолда энергетика захираларига бой Марказий Осиё бутунлай Россия ва Хитой томон юзланади.

“Менимча, бу ўринда фақатгина энергия бойликлари эмас, балки бу мамлакатлар билан мулоқот ўрнатиш масаласи ҳам муҳимдир. Агар мулоқот қилмасак, улар Шарқ томон, Россия ва Хитойга юзлана бошлайди. Мен эса бу мамлакатларнинг Европа томон ҳам юзланишини жуда муҳим ҳисоблайман”, - деди Ферреро-Валднер хоним.

У бу мамлакатларда инсон ҳуқуқлари борасида муаммолар борлигини эътироф этди. Аммо энергия ресурсларига бой бўлган бу давлатларда, жумладан, инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятни яхшилашга ҳисса қўшиш учун ҳам мулоқот кераклигини таъкидлади.

Комиссар хоним ЕИнинг амалдаги раиси Германиянинг Марказий Осиёга нисбатан умумий стратегияни ишлаб чиқиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини айтди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Германия бутун ЕИ учун таклиф этаётган бу стратегияни инсон ҳуқуқлари борасидаги умуминсоний қадриятларнинг қурбон этилиши, дея талқин қилмоқда.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Германия бўлими раҳбари Мариана Ҳёвеген вазиятни ўзгартириш учун мулоқот муҳимлигини эътироф этса-да, ижобий силжишларга эришиш учун қуруқ гапларнинг фойдаси йўқлигини билдирди.

“Биз мулоқотга қарши эмасмиз. Мулоқотнинг муҳимлигини тушунамиз. Лекин шу билан бирга, бу мулоқот унинг доирасида қўйилган талаблар бажарилсагина давом этишини ЕИ аниқ айтиши керак. Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари улардан талаб қилинаётган янги қонунларни қабул қилса, инсон ҳуқуқлари борасидаги асосий тамойилларни тан олса ва бу борада муайян қадамларни қўйсагина Европа таклиф этаётган мулоқот бирор натижа бериши мумкин”, - деди М.Ҳёвеген.

Лондон университетининг Марказий Осиё масалалари бўйича мутахассиси профессор Ширин Акинер ЕИнинг Марказий Осиёга оид қабул қилмоқчи бўлаётган стратегиясини сўнгги бир-икки йил ичида йўл қўйилган хатоларни тузатишга уриниш ўлароқ баҳолайди. Чунки, дейди у, Европа Марказий Осиё, хусусан, Андижон воқеаларидан кейин инсон ҳуқуқлари борасида танқидларнинг марказида турган Ўзбекистондан аянчлироқ мамлакатлар билан алоқа қилиб келади.

“ЕИ ва Ғарбнинг бошқа мамлакатлари инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият бир чандон аянчлироқ бўлган давлатлар билан иқтисодий алоқаларга эга. Бу масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, Андижон воқеаларидан кейин инсон ҳуқуқлари борасида, айниқса, жиддий танқид қилинаётган Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, Андижонда аслида нима бўлганини ҳамон ҳеч ким аниқ билмайди. Андижонлик қочқинларнинг қайтаётгани ва жавобсиз қолаётган саволлар воқеалар ҳақида кўплаб шубҳаларни уйғотмоқда. Менимча, ЕИ ва НАТО воқеаларга баҳо беришда бироз шошилганини тушунди ва энди бу борадаги позициясидан қайтиш йўлини тутмоқда”, - дейди Ш.Акинер.

“Жейнс информейшн” стратегик тадқиқот гуруҳининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Мэтью Клементс сўнгги пайтларда Ғарб давлатлари бу минтақага етарли эътибор бермай қўйганини айтади.

“Ғарб давлатларининг Марказий Осиёга оид уринишлари муштараклигини йўқотиб қўйди. Менимча, Ироқда зўравонликларнинг ошиб бораётгани боис, АҚШнинг бу минтақага қизиқиши камайиб қолди. Бошқа томондан, ЕИнинг ҳам Марказий Осиёга инсбатан ягона сиёсати йўқлигини кўриш мумкин. Таклиф этилаётган стратегия қандай жаҳатларга эга бўлиши ҳам ҳозирча номаълум қолмоқда”, - дейди М.Клементс.
XS
SM
MD
LG