Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:40

“Озодлик турғунлиги” янада кучаймоқда


“Фридом ҳауз” ташкилоти собиқ иттифоқ ҳукуматларининг эркин матбуотни назорат қилишга уриниши мунтазам тус олгани ва бу 2006 йилда фуқаролик ҳуқуқларининг мазкур ҳудудларда янада таназзулга учрашига сабаб бўлганини билдирди.

Ташкилотнинг 17 январь куни эълон қилинган ҳисоботида қарийб 10 йилдан буён жаҳонда эркин дейишга лойиқ мамлакатлар сони ўзгаришсиз қолаётгани айтилади ва тадқиқот муаллифлари бу жараëнни “озодлик турғунлиги”, деб атайди.

“Бундай турғунлик, аниқроғи эркинликдан чекиниш жараëни, айниқса, Марказий Осиë минтақасида кўзга яққол ташланади, - дейилади ҳисоботда. - 2006 йил давомида жаҳон бўйлаб кўзга ташланган хавотирли жараëнлардан бири ҳукуматларнинг инсон ҳуқуқлари ва демократик эркинликлар тарғиботи ва ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилот ва ҳаракатларга нисбатан тазйиқларининг кучайиши бўлди. Демократия тарафдорларини таъқиб қилиш амалиëти, айниқса, собиқ СССРнинг авторитар давлатларида яққол кўзга ташланди”.

Инсоннинг фундаментал эркинликларига нисбатан муттасил тажовуз борасида Ўзбекистон ва Туркманистон дунëдаги энг ëмон давлатлар рўйхатидан жой олган ва “Фридом ҳауз” таҳлилчилари томонидан сиëсий ҳуқуқлар мутлақ йўқ, деб топилган Шимолий Корея, Ливия ва Куба қаторига қўшилган.

Ҳисобот муаллифларидан бири Крис Уолкернинг таъкидлашича¸ Ўзбекистондаги эркинликлар вазияти, айниқса, 2005 йилдан бери ëмонлашишда давом этмоқда.




“Ўзбекистон ҳукуматининг ниҳоятда репрессивлашгани оқибатида мамлакатдаги фуқаролик эркинликлари траекторияси кейинги йиллар ичида кескин пасайиб кетди. 2005 йилда Андижон воқеалари бундай кескин ëмонлашувнинг ўзига хос рамзига айланди. Ўзбекистон ниҳоятда репрессив полиция давлати ва 2006 йилда бу ерда эркинлар устидан ўрнатилган назорат фақат кучайди ва ўзи шундоқ ҳам ўта қийин вазиятни янада ëмонлаштирди”, - дейди таҳлилчи.

Ташкилот ҳисоботи хулосасига кўра, Ўзбекистондаги вазиятнинг ëмонлашувига Каримов режимининг Россия билан яқинлашуви ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатган. Зотан, собиқ иттифоқ республикаларининг аксарияти Россиядан ҳайиқиш баробарида Путин босган қадамни такрорлашга мойил. Россияда ўзгача фикрловчиларга нисбатан тазйиқнинг кучайиб бораëтгани Москванинг Ўзбекистон каби иттифоқчиларини репрессия, айниқса, эркин матбуотга қарши босимни кучайтиришга рағбатлантирмай қолмади.



“Собиқ иттифоқнинг аксар ҳудудларида 2006 йили матбуот секторига босим муттасил ва кескин бўлди. Ҳукуматлар ҳуқуқий, иқтисодий ва сиëсий воситалар орқали матбуотни ўз назоратига олишда алоҳида ғайрат кўрсатди”, - дейди К.Уолкер.

Гарчи бу жараëн Марказий Осиё давлатларининг барига хос бўлса-да, ташкилот тадқиқотчилари минтақа ҳукуматларининг фундаментал эркинликларга нисбатан тазйиқи кўлами бир-биридан фарқланишини ҳам тан олади.

Нисбатан либерал ҳукуматга эга Қозоғистонда вазият Ўзбекистон ва Туркманистондан яхши бўлса-да, Остона нефтдан келаëтган улкан даромадни вазиятни ўнглаш эмас, балки сиëсий эркинликларни чеклашга сарфлаётгани таъкидланади ҳисоботда.

“Қозоғистондаги улкан ëнилғи бойликларига қарамай, бу мамлакат ўз фуқароларининг эркин сайловлар, муқобил сиëсий кучларга эга бўлиш, эркин матбуот каби сиëсий эркинликларини таъминлаш борасида жуда ночор вазиятдадир”, - дейди Крис Уолкер Қозоғистоннинг 2006 йилги ҳисоботда ҳам яна эркин бўлмаган давлатлар рўйхатида қолганини шарҳлар экан.

Гарчи Қирғизистон 2006 йилда ҳам МОдаги энг эркин, жаҳон кўламида эса қисман эркин давлат, деб баҳоланган бўлса-да, ҳисобот муаллифлари Қирғизистонда сиëсий талотўплар давом этаëтгани боис, унинг оқибати ҳақида аниқ башорат қилишнинг қийинлигини таъкидламоқда.



“Ўтган 2006 йил давомида биз ислоҳотларни илгари силжитиш борасида Қирғизистонда ҳақиқий кураш бўлганини кузатдик. 2005 йил баҳорида, ҳукумат алмашгунига қадар ислоҳот уринишлари ноизчил эди. 2005 йил баҳорида ҳокимиятга келган кучлар ислоҳот ўтказишга урингандек бўлди, аммо бу борада улар эришган муваффақият жуда чекланган бўлди”, - деди К.Уолкер.
XS
SM
MD
LG