Линклар

logo-print

“Бронза аскар” жанжалга сабаб бўляпти

  • Сарвар Усмон

Эстония парламенти томонидан Таллиндаги “Бронза аскар” ҳайкали борасида яқинда қабул қилинган қонун бу мамлакатнинг Россия билан кейинги йилларда анча совуқ бўлган муносабатларни янада совутиб юборди.

10 январь куни қабул қилинган ва 20 январь куни кучга кирадиган қонунга биноан Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган совет аскарлари хотирасига Таллинда ўрнатилган “Бронза аскар” ҳайкали бошқа жойга кўчирилиши мумкин. Ҳайкал жойи алмашиши шаҳардаги қабристонга дафн этилган рус аскарлари хокининг ҳам бошқа жойга кўчирилишини англатади. Бу ҳолат эса Москванинг жаҳлини чиқарди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу қарорни “ҳақоратомуз”, дея баҳолади.

“Бу қарорни ҳақоратомуз қарор ҳисоблаймиз. Тарихдан сабоқлар чиқариб олиш ва ажратувчи чизиқларсиз ягона, умумий Европа қуриш заруратидан келиб чиқадиган мақсадлар билан бу қарорнинг мутлақо алоқаси йўқдир”, - деди С.Лавров.

Шуни айтиш керакки, “Озодлик” мухбири билан суҳбат чоғида мазкур масалада фикр билдирган россияликлар ҳам ўз вазири билан якдил бўлди.

Эстониянинг Иккинчи жаҳон уруши даврида Совет Иттифоқи томонидан босиб олиниши ва эстон SS легионининг фашистлар Германияси томонида туриб советларга қарши курашгани Россия-Эстония муносабатларини чигаллаштириб келаётган масалалардир.

Эстониядаги Мудофаа масалалари тадқиқот маркази эксперти, журналист Кадри Лиик Россия билан Эстония Иккинчи жаҳон уруши давридаги воқеаларни икки хил талқин этишини айтади.

У кўчирилиши мумкин бўлган ҳайкал масаласига тўхталиб: “Бу ҳайкал 1940 йилларнинг охирида Таллиннинг “озод қилиниши” аталмиш воқеа муносабати билан ўрнатилган эди. Совет қўшинининг 1944 йил кузида Таллинга кириб келишини “халоскорлик”, деб атайдилар. Бу воқеани эстонлар ҳар доим бошқача баҳолаб келган. “Халоскорлар” кетди, лекин оккупантлар қолаверди, “совет халоскорлари” Эстонияда Совет Иттифоқи тарқаб кетгунича турди”, - деди.

“Халоскорлар” сўзини киноя билан ишлатади Кадри Лиик.

Унинг айтишича, эстонларнинг Сибирь ва собиқ Иттифоқнинг бошқа минтақаларига сургун қилиниши уларнинг русларга ёмон муносабати сабабларидан биридир.

Руслар Эстония аҳолисининг 25 фоизини ташкил қилади.

“Вақт ўтган сари руслар жамоаси ҳайкалнинг маъносини ўзича кенгайтириб олди. Улар учун бу ёдгорлик 1944 йилнинг кузида Таллинга кириб келган аскарлар хотирасига ўрнатилган ҳайкалгина эмас, балки русларнинг Иккинчи жаҳон уруши давомида чеккан барча заҳматларини эслатувчи тимсолдир”, - дейди Кадри Лиик.

Эстониялик руслар ҳар йили 9 май куни “Бронза аскар” ҳайкали олдида йиғилиб, Ғалаба байрамини нишонлайди. Бу ҳолат эса, журналистнинг фикрича, 9 майни асло Ғалаба байрами сифатида тан олмайдиган эстонларнинг ғашини келтирмоқда. Ўтган йил 9 май кунги тадбирлар руслар билан эстон миллатчилари ўртасидаги можарога айланиб кетди. Воқеага полиция аралашишга, томонларни ажратишга мажбур бўлди.

Хўш, ҳайкал ва қабрлар чиндан ҳам бошқа жойга кўчириладими? Ҳозирча, дейди эстон журналисти, бу масалага на ҳа ва на йўқ, деб жавоб бериб бўлади. Чунки март ойида парламент сайлови ўтказилади ва қонун бекор қилиниши ҳам мумкин. Баъзи сиёсий партиялар рус сайловчилари кўнглига қарашга мажбур.
XS
SM
MD
LG