Линклар

logo-print

Йўқ рўйхатнинг (балки мутлақо махфийдир) қурбоними ёки...

  • Барно Анвар

14 январь куни ўзбек-қирғиз чегарасидаги “Дўстлик” божхона постида андижонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, врач Гулбаҳор Тўраева ҳибсга олинди.

Норасмий манбалардан олинган ушбу маълумотни тасдиқлаган яқинларининг билдиришича, Г.Тўраева ёнидан ҳуқуқ ҳимояси соҳаси ва ўзбек мухолифати вакилларига тегишли адабиётлар топилгани учун ушланган. У вояга етмаган ўғли билан 16 январга қадар - икки кун давомида ўша ерда тутиб турилган. Кейин эса Миллий хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бошқармасига жўнатилган.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг турмуш ўртоғи Фарид Ангелдиннинг айтишича, у хотинининг ҳибсга олинганидан фақат 16 январь куни хабар топган.

“Гулбаҳорнинг ҳибсга олинганини қариндошлардан эшитдим. 14 январь куни ҳибсга олишибди. 16 январь куни Миллий хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бошқармасига жўнатишибди. Мендан телефон рақамларимни олиб қолишди ва икки-уч кунда хабарлашишини айтишди, холос”, - деди Ф.Ангелдин.

Унинг сўзларига кўра, чегара пости ва уйда тинтув ўтказилган чоғда Гулбаҳор Тўраева ёнидан ўзбек мухолифати вакиллари, жумладан, “Эрк” демократик партияси етакчиси, шоир Муҳаммад Солиҳ ва шоир Рауф Парфининг шеърий тўпламлари, мухолифат вакили Мақсуд Бекжоннинг ҳуқуқий мазмундаги китоби мусодара қилинган.

“Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот-идоралари бу китоблар мамлакатда тақиқланган, деган сабабни келтирди. Аммо бу китобларнинг тақиқлангани ҳақида ҳеч қаерда айтилмаган. Гулбаҳор ҳам буни билмасди”, - дер экан Ф.Ангелдин хотинига Жиноят кодексининг 159-моддаси (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) 1-банди билан айб қўйилганини айтди.

Андижонлик врач Г.Тўраева шифокорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мақсад қилган ташкилот очган ва бу иш билан 2004 йилдан буён шуғулланаётган эди. 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Г.Тўраева вазиятни ўрганиш ва воқеа қурбонлари, жабрланганлар сонини аниқлашга киришган ҳамда Андижон шаҳрида бир неча кун ўликхона вазифасини бажарган 15-мактабдан туриб оммавий ахборот воситаларига маълумот берган эди.

Андижон воқеаларидан сўнг у ерда нима бўлганини ўрганишга киришган аксар ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистларга нисбатан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари таъқиб-тазйиқ бошлади. Кўпчилик мамлакатни тарк этди.

Андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси, ҳозир Европа давлатларидан биридан бошпана топган Дилшод Тиллахўжаев Г.Тўраева мамлакатни ташлаб кетмаганини айтар экан, Г.Тўраеванинг ҳибсга олиниши, шубҳасиз, унинг ҳуқуқ ҳимояси соҳасидаги Андижон воқеаларидан кейинги фаолияти билан боғлиқлигини таъкидлади.

“Г.Тўраева фаолиятини тўхтатмади. Яқинда у Германия элчихонасида инсон ҳуқуқлари фаоллари билан ўтган учрашувда қатнашди. Шунинг учун маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан сиқувга олинган эди”, - деди Д.Тиллахўжаев.

“Эрк” партиячи бош котиби Отаназар Орипов аслида Ўзбекистонда тақиқланган адабиётлар рўйхати йўқлиги, бор бўлса ҳам уни оддий одамлар ёки мухолифат вакиллари билмаслигини айтади.

“Эҳтимол махсус хизматлар қўлида бундай рўйхат бордир. Аммо бунақа рўйхатни биз кўрмаганмиз ва оддий одамлар ҳам бу ҳақда билмайди. Агар тақиқланган китоблар рўйхати бўлса, буни очиқ эълон қилиш керакмасми, ахир?! Оддий одамлар буни билиши керак-ку?!”, - деди О.Орипов.
XS
SM
MD
LG