Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:10

Ўрганиш мумкиндир, ўрганганни тадбиқ этишчи...


Германияга сафарини давом эттираётган Ўзбекистон ҳукумати делегацияси ҳозиргача Германия ташқи ишлар вазири ўринбосари Гернет Эрлер билан учрашиб, Андижон воқеаларини муҳокама қилди.

Германия Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, ўзбекистонлик меҳмонлар Германия қамоқхоналаридан бирида бўлиб, немис ҳамкасбларининг тажрибаси билан танишган.

15 январь куни Германияга келган Ўзбекистон делегацияси сафида адлия вазири Фозилжон Отахонов, ички ишлар вазири ўринбосари Алишер Шарафуддинов, омбудсман Сайёра Рашидова, Бош прокуратура ва парламент вакиллари бор.

Бу гуруҳ Андижон воқеаларидан кейин Германияга келган Ўзбекистоннинг энг нуфузли делегацияси ҳисобланади.

Уч кундан бери немис тупроғида меҳмон бўлаётган ўзбек делегацияси Гернет Эдлер билан Андижон воқеаларидан ташқари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари масаласи борасида ҳам фикр алмашди.

Германия Ташқи ишлар вазирлиги Андижон воқеалари хусусида немис ва ўзбек расмийлари нималарни гапиргани тафсилотларини ошкор қилмади.

Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказишга рухсат бермагани учун расмий Тошкентга нисбатан жазо санкцияларини жорий қилган Европа Иттифоқининг асосий аъзоларидан бўлмиш Германия расмийлари бу нозик масала юзасидан қандай фикрларни билдириши мумкин?

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей ўзининг дипломатик тажрибасидан келиб чиқиб, бундай учрашувларда томонлар бир-бирига тилёғламалик қилиш билан чекланишини айтади.

“Одатда бундай юқори даражадаги дипломатик учрашувларда томонлар бир-бирига хушомадгўйлик қилади. Агар учрашувда Андижон масаласи умуман кўтарилган бўлса, немис томони бу масалада жуда одобли ва расмий тилда гапиргандир, ўзбек томони эса аслида биз 700 кишини эмас, расмий маълумотга кўра, атиги 170 кишини ўлдирган эдик, деган сўзларни айтиши мумкин. Шундан кейин Германия расмийлари меҳмонларга миннатдорлик билдиради. Бундай учрашувларда, айниқса, Андижон масаласига бармоқ орасидан қарашга уриниб келаётган Германия билан учрашувда қандайдир тортишувлар ёки Ўзбекистон томонининг расмий версиясини инкор этувчи фактлар муҳокама қилинганига ишониш қийин”, - дейди К.Мюррей.

Ўзбек делегация немис тупроғига Германия ҳукуматининг махсус дастури бўйича келган. Бу дастур Германиядаги вазият билан меҳмонларни, хусусан, ўзбекистонлик меҳмонларни мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти, ҳуқуқий тизим, қамоқхоналардаги аҳвол билан таништириб, тажриба алмашишни кўзда тутади.

Германия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакиласи Памила Прешеу сафардан кўзланган мақсад Ўзбекистонда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳатларда Германиянинг тажрибасидан фойдаланиш йўлларини ўрганишдан иборат эканини билдирди.

“Мазкур ташриф ўзбекистонлик меҳмонлар учун немис мутахассислари билан жиноят ҳуқуқи ва ҳуқуқ меёрлари масалаларини муҳокама қилиш имконини беришига умид қиламиз. Ҳатто инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан ҳам бу муҳимдир. Чунки жиноят ҳуқуқини ислоҳ қилиш орқали инсон ҳуқуқларининг ҳурмат қилинишга эришиш мумкин. Бу Германиянинг Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон билан ҳам мулоқот ўрнатиш стратегиясининг бир қисмидир”, - деди П.Прешеу.

Ўзбекистонда икки йил элчи бўлиб ишлаган ва у ердаги ҳукумат тизимни яхши билган К.Мюррей немис ўлкасига сафар қилган Ўзбекистон расмийлари бирор тажриба ўрганиб кетишига, ўрганса ҳам уни ўз юртида тадбиқ қилишига ишонмаслигини айтди.

“Йўқ, бунга бунга умид қилиб ҳам бўлмайди. Масалан, омбудсман Рашидовани олайлик, бу аёл ҳам режимнинг бир қисмидир. У умуман омбудсман бўлишга лойиқ бўлмаган аёл. Мен шахсан омбудсманга шикоят билан мурожаат қилган одамларнинг кейинчалик МХХ томонидан олиб кетилиб калтаклангани ҳолатларини биламан. Чунки Рашидованинг идораси ҳамма нарсани МХХга чақиб беради. Шунинг учун Германия ҳукумати гўёки Ўзбекистон омбудсмани билан тажриба алмашаётгани тутуруқсизликдан бошқа нарса эмас”, - деди К.Мюррей.

Унинг фикрича, Германия Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ҳақида қайғурмоқда, дейиш ўзини ўзи алдаш бўлади. Германия Марказий Осиёдаги диктаторлик режимлари билан яқин алоқаларни ўрнатиш орқали иқтисодий манфаатларини қондиришни кўзлайди.

“Ўзбекистон делегациясининг Берлинга сафаридан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида амалий ишларни олиб боряпмиз-ку, дея Андижон воқеаларидан кейин Тошкент режимига нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилишга баҳона ахтаришдан иборатдир”, - деди собиқ элчи.
XS
SM
MD
LG