Линклар

Қирғизлар Россия билан қўшфуқаролик қилмоқчи


Қирғизистон ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенқулов қирғизистонлик меҳнат мигрантлари билан учрашув чоғида Россия расмийлари билан икки фуқаролик масаласида музокаралар олиб борилиши тўғрисида маълум қилди.

Юртдошлари билан Москвада учрашган вазир Россия билан қирғиз мигрантларга махсус квоталар ажратиш масаласини ҳам муҳокама қилаётганини билдирди.

“Икки фуқаролик масаласи кун тартибидаги энг асосий масала бўлди. Бу жуда қийн масаладир. Яқин кунларда бу борадаги музокараларни бошламоқчимиз”, - деди А.Жекшенқулов.

Қирғизистон конституциясида икки фуқаролик масаласи қайд этилган. Бундан ташқари, унда бошқа давлатларда яшовчи қирғизлар, фуқаролигидан қатъий назар, Қирғизистон фуқаролигини иккинчи фуқаролик сифатида қабул қила олиши кафолатланган.

Қирғизистонлик таниқли сиёсий шарҳловчи Ғанижон Холматовнинг айтишича, бу масала илк бор мустақилликнинг биринчи йилларида ўзбек мухолифати томонидан кўтарилган эди.

“Ўзбек мухолифати Ўзбекистон ташқарисида яшовчи ўзбеклар ҳам, фуқаролигидан қатъий назар, Ўзбекистон фуқароси бўла олади, деган таклифни киритган эди ўшанда. Бироқ бу масала ечимини топмаган ва Ўзбекистон конституциясида ҳам қайд этилмай қолганди. Бугунги кунга келиб икки фуқаролик масаласи долзарб мавзулардан бири бўлиб қолди. Буни Қирғизистон ҳукумати тушуниб етмоқда. Чунки Россияда бугунги кунда бир миллионга яқин қирғизистонлик меҳнат қилмоқда. Улар мамлакатни валюта билан таъминловчи асосий манбадир. Шунинг учун ҳам ҳукумат уларнинг Россиядаги ҳаётни енгиллаштиришга, шароит яратиб беришга ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати ҳам бу масалани ўйлаб кўриш фурсати етганини англамоғи керак. Бугун Россиядаги меҳнат мигрантларининг асосий қисмини ўзбеклар ташкил этиши ҳеч кимга сир эмас”, - дейди Ғанижон Холматов.

Шу йилнинг январь ойи ўрталарида Россияда меҳнат мигрантларига чекловлар қўйилган қарор қабул қилинди. Бу қарорга кўра, Россияга келаётган меҳнат мигрантлари учун квота жорий этилади.

Қирғизистон ташқи ишлар вазирининг Москвадаги учрашувлари вақтида ҳам бу масала кўтарилган. Вазирнинг билдиришича, Қирғизистон президенти россиялик ҳамкасби Владимир Путинга қирғизистонлик меҳнат мигрантлари учун 500 минг квота берилишини илтимос қилиб мактуб йўллаган. Бу масала айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ўрганилмоқда.

“Бундай чораларнинг барчаси сизларнинг Россиядаги ҳаётингизни енгиллаштиришга, сизларга меҳнат қилишингиз учун шароит яратиб беришга қаратилган”, - деди А.Жекшенқулов қирғизистонлик мигрантлар билан учрашувда.

Қирғизистон ҳукуматининг бундай чора-тадбирлари Россиядаги қирғизистонлик меҳнат мигрантлари ҳаётини ҳақиқатан ҳам енгиллаштиряптими ёки фақат қоғоздагина қолиб кетмоқдами?

“Озодлик” мухбири Ўшда шу савол билан Россиядан қайтган меҳнат мигрантларининг айримлари орасида сўров ўтказди. Сўровда иштирок этган 30 одамнинг 22 нафари Қирғизистон ҳукуматининг чора-тадбирлари Россиядаги қирғизистонлик мигрантлар ҳаётини енгиллаштираётганини айтди. 8 нафари эса ҳозирча бу борада ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмагани, бироқ икки фуқаролик масаласи ижобий ҳал этилишидан умидвор эканини билдирди.
XS
SM
MD
LG