Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:43

Меҳнатни фермер қилиб, фойдани пахта заводи кўряпти


Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ширкатларини фермер хўжаликларига айлантириш давом этмоқда. Жорий йилда биргина Жиззах вилоятида 6 та ширкат фермерларга бўлиб берилади.

Бу ҳақда “Правда востока” газетасига таяниб хабар тарқатган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг ёзишича, ширкатларни фермерликларга айлантиришни мамлакат президенти 2006 йил ноябрда қабул қилган қарор асосида тузилган махсус комиссия ва ишчи гуруҳлари амалга оширади.

Ўзбекистонда ширкатларни фермер хўжаликларига айлантиришни жадаллаштириш 2005 йилнинг охиридан бошланди. Бу ишга жуда катта эътибор берилган ўтган қишлоқ хўжалик йили ҳам ортда қолиб, фермерлар шу кунда фойда-зарарининг ҳисоб-китобини қилиб бўлди.

Бухоролик Болтабой ока ўзбекистонлик минглаб фермерлардан бири. “Озодлик” мухбири у билан ўтган йил якунлари ҳақида суҳбатлашди.

- Болтабой ака, ўтган қишлоқ хўжалик йилида қанча майдонда деҳқончилик қилдингиз?
- 2006 йили 26 гектар майдонга пахта экдим. Пахта заводи билан шартнома тузиб, ҳар гектардан 40 центнердан, ҳаммаси бўлиб 100 тонна пахтани килосини 255 сўмдан топшириш мажбуриятини олдим.
- Қўл остингизда қанча деҳқон ишлади?
- Терим мавсумида ишлаган ҳашарчилардан ташқари йил давомида 7 деҳқон ишлади.
- Шартномадаги мажбуриятингизни бажара олдингизми?
- Ҳосил яхши бўлмади, 100 тонна эмас, аранг 75 тонна пахта топширдим.
- Ўтган йили қанча фойда кўрдингиз?
- Барча харажатлар – кредитни қайтариш, солиқлар, ёнилғи, минерал ва маҳаллий ўғит, ер ва мактаб фондлари, хуллас, ҳамма солиқ ва тўловларни ҳисоблаб чиққанимдан кейин 319 минг сўмлик зарар билан чиқдик.
- Йил бўйи ишлаб зарар кўрганингизни қандай тушуниш мумкин? Кимдир фойда кўриши керак-ку?! Фойда кўрилмаса, нега ишлайдилар?!
- Фойдани пахтани сотиб олган завод кўради. Кўргандаям жуда катта фойда кўради. Мисол учун мендан сотиб олган 75 тонна пахтадан 35 фоиз тола чиқсаям, 25 тонна тола бўлади. Ҳар тоннасини 1400 доллардан ҳисобласангиз ҳам 36 минг доллар бўлади. Буни сўмга кўпайтирсангиз 47 миллион сўм бўлади. Бу фақат толанинг пули. Чигитниям пулга чақсангиз 100 миллионга боради. 100 миллиондан бизга қайтаргани бор-йўғи 26 миллион сўм бўлди. Хуллас, фойдани пахта заводи кўради. Заводнинг ортида ким турганини ҳеч ким билмайди.
- Фойда кўрган фермерлар ҳам борми?
- Бўлиши мумкин. Ери меникичалик бўлган фермер, пахтаси яхши бўлиб берган тақдирда, кўпи билан 5 миллион сўм даромад олади. Долларга кўчирсангиз 3,5 минг бўлади.
- Сиз зарар кўрган бўлсангиз, иши юришган фермер бир йиллик меҳнат эвазига 3,5 минг долларгина топса, унда Ўзбекистон ҳукумати айтаётганидай, “ер ўз эгасини топгани”га қандай ишониш мумкин?
- Фермерни ҳали ер эгаси, деб бўлмайди. Етиштирган ҳосилига эгалик қилолмаса, қандай қилиб эга бўлсин?! Етиштирган ҳосилига биров хўжайинлик қилса, қўлини қайириб тортиб олса, қандай қилиб эга бўлсин?! Фермер хўжалигига айлантириш энг осон йўл. Ҳеч нарса бермасдан пахтани олаверади давлат. Колхоз даврида дотация берарди. Колхозлар қарздор бўлиб қолса, кечворишга мажбур бўларди. Ҳозир эса фермер шартномада белгиланган пахтани етказиб бера олмаса жарима тўлаяпти.
XS
SM
MD
LG