Линклар

logo-print

Журналистнинг ўлими Туркияни халқаро босим остида қолдирди

  • Ҳасанжон

Туркиялик арман миллатига мансуб журналист Ҳрант Динкнинг 19 январь куни ўзи ишлайдиган нашриёт уйи олдида отиб ўлдирилиши Анқара расмийларига нисбатан халқаро босимнинг кучайишига сабаб бўлди.

20 январга ўтар кечаси Ҳ.Динк ишлаган “Агос” газетаси нашриёти жойлашган бино олдида минглаб одам арман журналистининг ўлдириб кетилганига норозилик намойиши ўтказди.

Туркия ва Арманистон байроқларини кўтариб чиққан намойишчилар кўчада юриш қилди.

“Динк Туркияни севган, Туркия учун кўп нарса қилишга интилган, жамоалар ўртасида дўстлик кўприги қуришга уринган зиёли эди. Биз жасур кишилардан бирини йўқотдик”, – деди намойиш иштирокчиларидан бири.

Ҳ.Динк Туркияда 20-аср бошларида арманлар қатлиом қилингани ҳақида бир неча бор гапириб, турк миллатчилари ғазабини қўзғаган. Ўша воқеаларни геноцидга тенглаштиргани учун журналист бир неча марта расмийлар таъқибига ҳам учраган. Ўлимидан олдин у дўстларига номаълум шахслар уни ўлдиришга таҳдид қилганини айтган.

Туркия ҳукумати 20-аср бошларида арманларга қарши геноцид содир этилгани ҳақидаги иддаоларни рад этиб келмоқда.

Арман журналисти ўлдириб кетилгандан кейин Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун кўп йиллардан буён ҳаракат қилиб келаётган Туркияга халқаро босим кучайди.

Ҳ.Динк ўлдириб кетилганига биринчи бўлиб ЕИнинг кенгайиш масалалари бўйича мутасаддиси Олли Рейн муносабат билдирди. У Туркия ҳукумати қотиллларни топиб, муносиб жазолашига умид билдирди.

ЕИ, АҚШ, Арманистон ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари содир этилган қотилликни кескин қоралади.

Миллий телевидение орқали чиқиш қилган Туркия бош вазири Ражаб Тоййип Эрдўғон журналист ўлдирилганига муносабат билдирар экан: “Афсуски, қора ниятли одамлар ўзларининг ёвуз мақсадларига етиш учун бу гал Ҳ. Динкни танлади. Бу қотиллик айрим жамиятларда арман геноциди дея аталаётган масала қизғин муҳокама қилинаётган пайтга тўғри келгани эътиборга лойиқдир”, – деди.

Шанба куни Туркия полицияси Ҳ.Динкни отиб ўлдирганликда гумон қилинаётган шахснинг фотосуратини тарқатди. Бу сурат журналист отиб ўлдирилган кўчага ўрнатилган хавфсизлик камераси ёзган видеотасмадан кўчирилган. Полиция жамоатчиликдан журналистнинг қотилини топишда ёрдам беришни сўради.

Туркия Ички ишлар вазири Абдулқодир Оқсу полиция қотилликни содир этишда гумонланаётган шахсларни қўлга олишга ҳозирча муваффақ бўлмаганини айтди.

Ҳ.Динкнинг ўлдирилиши сабаби маълум эмас. Бироқ ҳамкасблари бу қотиллик сиёсий асосда амалга оширилганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG