Линклар

Ангела Меркел Россияга ишонмайди, лекин...

  • Ҳасанжон

Россия президенти Владимир Путин 21 январь куни Сочида айни пайтда Европа Иттифоқига раислик қилаётган Германия канцлери Ангела Меркел билан учрашади.

А.Меркелнинг В.Путин билан бўладиган бу учрашуви анча олдин режалаштирилган амалий ташрифдир.

Германия 1 январь куни олти ойга ЕИ раислигини қабул қилиб олди. А.Меркел ва В.Путин учрашувидан кейин ЕИ ва Россия муносабатларида кескин ўзгариш бўлиши кутилмаётган бўлса-да, сўзлашув чоғида муҳим масалалар кўтарилиши айтилмоқда.

Шу ой бошида Россия ва Беларус ўртасида газ нархи масаласида келишмовчилик юзага келгандан сўнг Россия Беларус ҳудуди орқали Германия ва ЕИнинг бошқа давлатларига нефть экспорт қилишни тўхтатган эди. Ўз навбатида, бу кўпчиликда Россия ишончли нефть таъминотчиси эмас, деган фикр пайдо қилди. Сочи учрашувида Германия раҳбарининг В.Путиндан ЕИга нефть етказиб беришни кафолатлашни талаб қилиши кутилмоқда.

“Россия ва жаҳон муаммолари” журнали муҳаррири Фёдор Лукьянов фикрича, учрашув чоғида В.Путин Германия канцлерини Россия ЕИнинг ишончли нефть таъминотчиси бўлиб қолишига ишонтиришга уринади.

“Менимча, бу масала қизғин муҳокамалар мавзуси бўлади. Чунки нефть экспорти тўхтатилгандан кейин ЕИ жиддий ташвишга тушган. Бундай нохуш таассурот пайдо бўлгани Россия расмийлари ҳафсаласини пир қилган. Чамаси Путин юз берган воқеа ўткинчи қийинчилик экани ва у ортда қолганига Меркелни ишонтириш ва уни тинчлантиришга уриниб кўради”, – дейди россиялик журналист.

ЕИ билан маслаҳатлашмай нефть экспортини тўхтатиб қўйгани учун А.Меркел бошқа давлатлар раҳбарлари каби Россияни танқид қилган эди.

Сочи учрашувида ЕИ-Россия ҳамкорлигига оид янги шартнома масаласи ҳам муҳокама этилиши кутиляпти. Мазкур битим энергетика хавфсизлиги, савдо-сотиқ ва инсон ҳуқуқлари масалаларини ҳам ўз ичига олиши кўзда тутилган.

Россия-ЕИ ўртасидаги амалдаги 10 йиллик келишув муддати жорий йил ноябрь ойида тугайди.

Ўтган йил Польша ЕИнинг Россия билан янги шартнома тузиш борасида музокаралар бошлашига вето қўйган эди. Бунга Россия ҳукуматининг Польшадан гўшт импорт қилиш ҳақидаги бир йиллик тақиқни бекор қилмагани сабаб бўлганди. В.Путин ва А.Меркелнинг Сочидаги учрашувида бу масалага ечим топилиши эҳтимолдан йироқ экани айтилмоқда.

Кузатувчилар фикрича, келиб чиқиши шарқий германиялик бўлган А.Меркел Россияга унчалик ишонмайди. Шу боис, у ғарбий европалик кўпгина раҳбарлар каби Россияни танқид қилишдан тортинмайди.

Германиядаги Россия ва МДҲ мамлакатлари тадқиқот маркази таҳлилчиси Александр Рар А.Меркелнинг Россияга муносабати ҳақида қуйидагиларни айтди: “Коммунистик тузум қулагандан кейин Германиянинг собиқ раҳбарлари Ҳелмут Кол ва Герҳард Шрёдер Россияга иттифоқ тузиш мумкин бўлган янги ҳамкор сифатида қаради. Улардан фарқли ўлароқ, Меркел хоним Россиядан узоқроқ бўлишни афзал кўради. Менимча, у Россиядаги эски коммунистик ғояларни ҳозиргача унута олмаган. Аммо Меркел Германиянинг иқтисодий манфаатларини қўллаб-қувватлаши кераклигини жуда яхши билади. Шу боис, у Россия билан стратегик ҳамкорликни тарғиб қилишда давом этади. Аммо ўзаро алоқалар самимий эмас”.

Кузатувчиларнинг айтишича, В.Путиннинг А.Меркел билан муносабати Германиянинг олдинги раҳбари билан бўлгани каби самимий бўлмаслиги мумкин. Бироқ ўзаро муносабат қандай бўлишидан қатъий назар ҳозирги вазият мустаҳкам алоқа ўрнатиш кераклигини талаб қилмоқда.
XS
SM
MD
LG