Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:55

Фуқароларига ёрдам бериш ўрнига...


Россияда 15 январдан кучга кирган мигрантлар тўғридаги янги тартиб-қоидалар у ерда меҳнат қилаётган юз минглаб марказий осиёликлар, жумладан, ўзбекистонликларнинг ҳам бир ташвишини минг қилмоқда.

Мазкур ҳужжатга биноан 2007 йилнинг 1 апрелигача чет элликлар Россия бозорларида савдо қиладиганларнинг камида 60 фоизи россиялик бўлиши керак. Яъни савдогарларнинг кўпи билан 40 фоизи чет эллик бўлиши мумкин.

2007 йилнинг 31 декабригача эса Россия бозорларида биронта ҳам чет эллик, шу жумладан, ўзбекистонлик савдогар қолмаслиги шарт.

Кейинги кунларда Россия матбуоти ҳам мазкур масалага жуда кенг эътибор қарата бошлади. Кремль чизган чизиқдан чиқмай қўйган Россия давлат телеканалларидан фарқли ўлароқ, мамлакат бўйлаб бозорлар бўшаб қолгани, нархлар осмонга ўрлаётгани, чет элликлар, жумладан, марказий осиёликлар хўрланаётгани, Кремль бошлаган “бозор инқилоби”дан, аввало, россияликларнинг ўзи зарар кўриши тўғрисида ёзилмоқда.

“Новая газета” мухбири Ирина Гордиенко “Озодлик” саволларига жавоб берар экан: “Руслар бозорда сотувчилик қилмайди. Оқибатда чайқовчилик билангина шуғулланадиган йирик савдогарлар пайдо бўлади, рақобат қолмайди ва нарх хоҳлаганича оширилаверади”, - деди.

Кремлнинг эса бу билан иши йўқ. Боз устига, чет элликларни нафақат бозорлардан, балки умуман мамлакатдан сиқиб чиқариш учун барча воситалар ишга солиняпти.

“Москвада банклар, масалан, “Вестерн Юнион” орқали Ўзбекистон, Қирғизистон ёки Тожикистонга пул юборишда одамлар катта қийинчиликларга дуч келяпти. Банклар улардан пул жўнатмаларини қабул қилмаяпти”, - дейди тирикчилигини Москвада ўтказаётган ўзбекистонлик Наргиза.

Россия ҳукуматининг 683-қарори туфайли ўз фуқаролари учун пайдо бўлган муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматлари айрим чораларни кўрмоқда. Яқинда Қирғизистон ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенқулов Москвада қирғизистонлик меҳнат мигрантлари билан учрашиб, уларга ҳукумат кўраётган чоралар тўғрисида гапириб берганди.

Ўзбекистон ҳукумати эса ўз фуқаролари бўлган меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳеч нарса қилмаяпти. Аксинча ўзбек ҳукумати уларнинг Россияда ишлашига тўсқинлик қилиш ҳаракатида.

“Россия ҳукумати Ўзбекистон билан ўзбекистонликларни Россиядан ҳайдаб чиқариш тўғрисида хуфя келишиб олган. Ўзбекистоннинг нефть ва газ бозорига кириши учун Каримов “Газпром”га тўла ҳуқуқ бериб қўйди ва бунга жавобан бизнинг ҳукумат ўзбекистонлик барча мигрантларни Ўзбекистонга ҳайдаш мажбуриятини олган”, - дейди “Новая газета” мухбири Ирина Гордиенко.

Бу маълумотдан сўнг “Озодлик” мухбири Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига боғлана олмагани, бундан икки ҳафта олдин Ўзбекистон Меҳнат вазирлигидан ва Меҳнат миграцияси агентлигидан жўяли жавоб ололмагани сабаби равшанлашгандай бўлди.

Хўш, Ўзбекистон ҳукумати Россияда юрган юз минглаб, балки миллионлаб ўзбекистонликни ватанга қайтариб олиб нима қилади?

Иш билан, муносиб, ҳеч бўлмаса, Россиядагидай иш ҳақи билан таъминлай оладими?

Бу энди алоҳида мавзу.
XS
SM
MD
LG