Линклар

logo-print

Германиялик дипломат Ихтиёр Ҳамроевдан хабар олди

  • Барно Анвар

Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходими Уве Берндт 22 январь куни кутилмаганда Жиззахга борди ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев ҳамда уни ҳибсдаги ўғли Ихтиёр билан учрашди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари Б.Ҳамроев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Германия элчихонаси ходимини Жиззахдаги ҳуқуқ ҳимоячилари вазияти ҳамда айнан Ихтиёр Ҳамроев масаласи қизиқтирганини билдирди.

Бироз муқаддам Ихтиёр Ҳамроев қамоқда калтаклангани хабар қилинган эди. Шу кунларда соғлиғи ёмонлашгани боис, у Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидаги шифохонага ётқизилган.

Элчихона ходими Уве Берндт ана шу шифохонага бориб, Ихтиёр Ҳамроев билан яккама-якка суҳбат қилган.

“Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси иккинчи котиби Уве Берндт кутилмаганда уйимизга келди. Жиззахдаги ҳуқуқ ҳимоячилари ва ўғлим Ихтиёр масаласи билан қизиқди. Суҳбатлашиб турган вақтимизда уйга қўнғироқ бўлиб қолди ва ўғлимнинг соғлиғи ёмонлашгани, шу туфайли у Зафаробод туманидаги шифохонага ётқизилганини айтишди”, - дейди Б.Ҳамроев.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, шундай кейин элчихона вакили бирдан Ихтиёр Ҳамроевни ҳам кўриб келишга қарор қилган ва Зафаробод туманидаги шифохонага бориб, Ихтиёр билан алоҳида суҳбатлашган.

“Суҳбатда биз иштирок этмадик. Уве Берндт жаноблари эса кетишдан олдин ўғлим Ихтиёр ва жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячилари билан суҳбатлар асосида ҳозирланган ҳисобот Европа Иттифоқининг февраль ойида бўладиган йиғилишига тақдим қилинишини айтди”, - деди Б.Ҳамроев.

Б.Ҳамроев кейинги вақтда Германия элчихонаси ва бошқа расмийлари Ўзбекистон, хусусан, Жиззах вилоятидаги инсон ҳуқуқлари фаоллари аҳволи билан қизиқаётганини билдирди.

Унинг таъкидлашича, илгари маҳаллий ҳукумат хориж дипломатларининг вилоятдаги вазият билан бевосита танишувига қаршилик кўрсатар эди.

Б.Ҳамроев бундан аввалроқ Германия элчихонаси расмийлари билан учрашаётганида бир гуруҳ нотаниш аёллар унинг уйига бостириб киргани ва уни калтаклаганини эслади.

“Бу гал эса ҳеч қандай қаршилик бўлмади. Улар бемалол бориб, ўғлимни ҳам кўриб келди. Менимча, бунинг бош сабаби Германиянинг ЕИга раислик қила бошлагани ва Ўзбекистон билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилаётганидир. Шу боис, Ўзбекистон расмийлари ҳам айнан шу давлат дипломатларига имкон яратиб беряпти”, - деди Б.Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG