Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:56

Кўпчиликка номаълум Муҳсин Нурматов юртига қайтди


“Пресс-уз.инфо” сайтининг ёзишича, Андижондаги 13 май воқеалари чоғида акрамийлик оқимига тасодифан аралашиб қолиб, Ўзбекистонни тарк этган қўқонлик 33 ёшли Муҳсин Нурматов яқинда ўз ватанига қайтиб келган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларининг билдиришича, М.Нурматов Ўзбекистондан чиқиб кетгач, қарийб 20 ойдан буён Россиянинг Иваново шаҳри ҳибсхоналаридан бирида сақланаëтган ўзбеклар билан ишлаган ва уларнинг террор тармоғига тегишлилигини англагач, ўзининг нотўғри йўлдан кетаëтганини тушуниб етган.

“Пресс-уз.инфо”да эълон қилинган мақоладан қилинадиган хулосалардан бири шуки, М.Нурматов Ўзбекистон расмийлари томонидан Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланаётган “Иваново ўзбеклари” билан бирга ишлаган ва топган даромадининг маълум қисмини террор ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун ишлатган.

Аммо Ўзбекистон расмийлари томонидан Андижон воқеалари пайтида Россиянинг Иваново шаҳридан туриб, акрамийлар оқимини маблағ билан таъминлаганликда айбланиб, кейинчалик авф этилгани айтилаëтган М.Нурматов “Озодлик”ка берган интервьюсида бу ҳақда аниқ бир гап айтгани йўқ.

“Ўша йиллари (2004 йил охири-2005 йил боши) мен фаолият юритган “Ўзконтекст” корхонаси ëпилгач, ташқарига чиқиб кетдик. Орадан бир оз вақт ўтиб Андижон воқеалари юз берди. Кейин эса уйга қайтишнинг иложи бўлмади. Ўзга юртларда дайдиб юришга мажбур бўлдик”, - дейди у.

М.Нурматов 2005 йилнинг февралида сафдошларининг ҳукумат томонидан таъқиб қилиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантирувидан сўнг бир гуруҳ юртдошлари билан Москвага, у ердан эса Омск шаҳрига боради. Орадан бир ярим ой ўтиб эса уни Ивановадаги ўзбеклар ўз олдига чақиради.

“Пресс-уз.инфо” М.Нурматов сўзларидан иқтибос келтириб: “Иваново шаҳрида ишлаб топган пулимнинг маълум бир қисмини “Иванова ўзбеклари”га қарашли террор ташкилотларига ўтказишарди”, - деб ëзади.

“Озодлик” мухбири М.Нурматовдан бу маълумотга ойдинлик киритишни сўраганда у: “Ивановода 1-1,5 ой ишлаганмиз. Хақиқатдан ҳам ишлаб пул топганмиз, аммо бу пулларнинг қаерга кетганини билмаганмиз”, - деди.

Сизнинг Ивановода Андижон воқеаларини уюштириш илинжида юрганлар билан ўралашиб қолганингиз айтилади. Ҳақиқатдан ҳам шундай ҳолатлар бўлганми?

“Mен сезмаганман у нарсаларни. Билганимда мен у одамларга аралашмаган бўлар эдим”, - деб жавоб берди М.Нурматов юқоридаги саволга.

“Ўзконтекст” фирмасида фаолият юритганмиз,- дейди сўзларини давом эттириб М.Нурматов. - Сиз айтиб турган (гўёки акрамийларга алоқадор – “Озодлик”) одамлар билан ëнма-ëн ишлаганмиз. Аммо биз фирма раҳбарларининг асл мақсади нима, улар пулларни қаерга сарфлаяпти, булар ҳақида ҳеч нарса билмаганмиз. Биз бола-чақани боқамиз, деб тирикчилик қилганмиз, у ëғи билан қизиқмаганман”.

Унинг сўзларига кўра, хорижда анча юргандан сўнг Ўзбекистонда авф тўғрисида қонун чиққанини эшитиб қолган. “Давлат билан гаплашгандан кейин” авф этилган.

Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакиласи Елена Рябинина “Иваново ўзбеклари” номини олган ўзбекистонлик 13 кишилик қочқинлар гуруҳи иши билан шуғулланиб келади. “Озодлик”ка берган интервюсида у М.Нурматов номини бирон марта эшитмаганини айтади.

“Очиғини айтсам, М.Нурматов ҳақида биринчи марта сиздан эшитяпман. Ҳар ҳолда бу исм менга таниш эмас. Илгари ҳам эшитмаганман. Ҳаттоки, “Иваново ўзбеклари” орасида Украина ва у ердан Европага қочишга муваффақ бўлган ўзбеклардан бири Ҳотам Ҳожиматовдан ҳам Нурматов ҳақида эшитмаганман”, - дейди Е.Рябинина.

Е.Рябинина “Иваново ўзбеклари”га расмий Тошкент қўяëтган айбларни қуруқ ёлғон эканини билдирди.

“Бирор террор амалиëтини қўллаб-қувватлаш мақсадида маблағ юборилгани ëки умуман қаердадир портлаш юз бериши ҳақида ҳеч қандай гап-сўз бўлмаган аслида. Ваҳоланки, “Иваново ўзбеклари”га айни айбловлар қўйилмоқда. Бунинг ҳаммаси ëлғон! Чунки қурол-яроғ сотиб олиш ëки Андижонда қўзғолон уюштириш учун ҳеч ким ҳеч қаерга ҳеч қанча пул жўнатмаган ”, - деди Е.Рябинина.

Кузатувчилар, инсон ҳуқуқлари фаоллари Андижон воқеалари пайтида мамлакатдан қочиб, кейин юртига қайтганларнинг тазйиқларга учраши эҳтимоли ҳақида хавотирлар билдириб келади. Аммо Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқова бундай хавотирларга ўрин йўқлигини айтади.

“Агар хориждан қайтган одамнинг қўли қонга беланмаган бўлса, ҳеч ким ҳеч қачон бу одамларни жиноий жавобгарликка тортмайди. Мен бунга юз фоиз кафолат бераман”, - дейди Светлана Ортиқова.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунгача Андижон воқеалари пайтида қўшни Қирғзизистон ва у ердан учинчи мамлакатга қочганлардан 64 нафари ўз уйига қайтган.

“Пресс-уз.инфо” сайтининг маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларига таяниб хабар қилишича, яқин орада яна бир гуруҳ қочқиннинг Ўзбекистонга қайтиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG