Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:57

Қирғизистон криминаллашиб бормоқда


Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги уч йил ичида мамлакатда 29 та буюртма қотиллик содир этилган. Бу қотилликларнинг асосий қисми 2005 йил март инқилобидан сўнг амалга оширилган.

Буюртма қотиллик қурбонлари орасида Қирғизистоннинг таниқли сиёсатчилари, тадбиркорлари ва мансабдор милиция ходимлари бор.

Қирғизистондаги ўзбек миллий маданий марказлари президент Қурмонбек Бақиевга мамлакатда буюртма қотилликлар сони кўпайиб бораётганидан ташвиш билдириб, икки марта мурожаатнома жўнатган эди. Бунга ўтган йилнинг октябрида отиб кетилган Ўшдаги ўзбек миллий маданий маркази раиси Ойбек Олимжоновнинг қотиллари шу кунгача топилмаётгани сабаб бўлганди.

“Биз конституция гаранти бўлган президентдан халқимизни ҳимоя қилишни талаб қилмоқдамиз. Халқимиз кўчага чиқишдан қўрқмай, ўз уйида бехавотир яшасин. Бугунги кундаги асосий талабимиз мана шу!” - дейди Қирғизистон парламенти депутати Иномжон Абдурасулов.

Бироқ ўзбек жамоатчилигининг бу мурожаатларига Қирғизистон президенти маъмуриятидан шу кунгача жавоб олинмаган. Айни пайтда буюртма қотилликлар ҳам тўхтагани йўқ. 18 январь куни Марказий Осиёдаги энг йирик Қорасув бозори раҳбари Ирисбек Жоошбеков отиб кетилди. Бу одам Қирғизистонда ёлланма қотилликнинг 29 қурбони бўлди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, содир этилган 29 қотилликнинг фақат еттитасигина фош этилган.

Қирғизистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдурасулова милициянинг бундай сустлигини бу тизим ходимларининг ижтимоий ҳимояланмагани билан боғлайди.

“Милиция ходимларининг жиноий тўдалар билан тил бириктириш хавфи фақат Қирғизистондагина эмас, бутун дунёда мавжуд. Шунинг учун бу тизим ходимларига катта маошлар белгиланади, ижтимоий ҳимоя қилинади. Бироқ бизнинг шароитда бундай бўлмаяпти. Уларнинг маоши жуда озлиги ҳам милициянинг самарали фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилмоқда”, - дейди Азиза Абдурасулова.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги эса ёлланма қотилликлар фош этилишидаги сусткашликни бу йўналиш учун давлат томонидан жуда кам маблағ ажратилгани билан изоҳлайди.

Ўш шаҳри ички ишлар бошқармаси раҳбарларидан бири Малик Нуриддинов ҳатто қўшни давлатлардан изи топилган қотилларни Қирғизистонга олиб келиш учун маблағ йўқлигини айтади.

“Бугунги кунда биз молиявий сабаблар туфайли Россиядан изи топилган айрим қотилларни ҳам Қирғизистонга олиб кела олмаяпмиз. Бунинг учун бюджетдан маблағ ажратилмаган. Милиция ҳисобида эса пулнинг ўзи йўқ”, - дейди Малик Нуриддинов.

Қирғизистон жамоатчилиги фош этилган буюртма қотилликларнинг ҳам фақат ижрочиларигина жазоланаётганидан, буюртмачилар эса топилмаётганидан норозилик билдирмоқда.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими раҳбари Мелис Турғанбоев бунинг сабабини изоҳлар экан: “Қотиллик буюртмачиларини аниқлаш борасида ишлаяпмиз. Айрим қотилликларнинг буюртмачилари ким экани бизга маълум. Бироқ қўлимизда аниқ далил-исботлар йўқ. Шунинг учун ҳам бу одамларни қамоққа ололмаяпмиз”, - деди.
XS
SM
MD
LG