Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:31

Ўзбекистон қонуний президентсиз қолди...ми?


Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституцияси ва қонунларига кўра, 21 январь куни давлат раҳбари Ислом Каримовнинг иккинчи президентлик муддати ўз якунига етди.

22 январдан бошлаб, амалдаги қонунларга кўра, Ўзбекистон президентсиз қолди. Бироқ Ўзбекистон расмийлари ва қонунларга кўра эндиликда собиқ президентнинг ўзи бу вужудга келган вазиятга парво қилмаяпти.

Гапни тарихга бир назар ташлашдан бошласак. Ислом Каримов биринчи марта 1991 йилдаги сайловда, ўша пайтда амалдаги Конституцияга кўра, беш йилга президент этиб сайланди. 1995 йилда ўтказилган референдумда унинг биринчи президентлик муддати 2000 йилгача узайтирилди. 2000 йилнинг 9 январида ўтказилган сайловда Ислом Каримов қарийб 92 фоиз овоз билан рақиби Абдулҳафиз Жалолов устидан ғалаба қозониб, яна беш йилга президентликка сайланди.

Ўзбекистонда 2002 йил 27 январда ўтказилган навбатдаги референдумда эса мамлакат Конституцияси яна ўзгартирилиб, Ўзбекистон президентининг ваколат муддати беш йилдан етти йилга узайтирилади. Бир президентнинг бошлаган ишларини битириши учун беш йил етарли бўлмайди, унга камида етти йил керак бўлади, деган Олий Мажлис депутатлари, Конституцияга киритилган янги тузатишларни амалдаги президент, яъни беш йилга сайланган И.Каримовга ҳам қўллаб, унинг муддатини етти йилга узайтирди. Шунда ҳам Конституцияга кўра, 2000 йилнинг 22 январида Ўзбекистон президенти сифатида иккинчи муддатга фаолиятини бошлаган И.Каримовнинг ваколати 2007 йилнинг 22 январида тугади.

И.Каримовнинг 2007 йил 22 январдан бошлаб мақоми қандай бўлади, деган савол туғилади.

2002 йилда ўтказилган референдум натижаларидан яна бири ўлароқ, янги президент сайлови амалдаги президентнинг ваколати тугаган йилнинг декабрь ойи учинчи декадаси биринчи якшанбасида ўтказилиши айтилган.

Лекин на Конституция ва на Ўзбекистон Республикасининг президентлик сайлови ҳақидаги қонунда президент ваколати тугагандан бошлаб, яъни Ўзбекистонда бугун вужудга келган вазиятда декабрнинг охиригача мамлакатга ким раҳбарлик қилиб туриши кўрсатилмаган.

Туғилаётган ноқулай саволни Ўзбекистон расмийлари муҳокама қилишни истамаётган бўлса-да, “Озодлик” бу мужмал вазиятга Ўзбекистон Конституциявий суди раиси ўринбосари Бахтиёр Мирбобоевдан изоҳ олишга муваффақ бўлди.

“Олий Мажлиснинг сайловга оид қарори бор. Хабарингиз бор, бизда референдум ўтказилган (2002 йилнинг 27 январида ўтказилган референдум назарда тутиляпти) ва президентнинг ваколати етти йил қилиб белгиланган. Ана шундан кейин президент сайлови қачон ўтказилади, деган саволга Олий Мажлис қарорида жавоб берилган. Айтилганки, президент сайлови 2007 йил декабрнинг учинчи ўн кунлиги биринчи якшанбасида ўтказилади. Бу 23 декабрга тўғри келади”, - дейди Б.Мирбобоев.

Унинг таъкидича, Ислом Каримовнинг ваколати автоматик равишда 23 декабргача тугамаган ҳисобланади.

“Ваколати муддати ҳали тугамаган, деб ҳисобланади. Конституцияда бунга оид норма бор. Конституциянинг 117-моддасига қарасангиз, у ерда сайлов президент ваколати тугаган йилнинг декабрида ўтказилади, деган жойи бор”, - деди Б.Мирбобоев

Шу ўринда Конституциянинг президентга оид моддалари 89-моддадан 97-моддагача эканини эслатиб ўтиш жоиз. 90-моддада айтилишича, Ўзбекистон президенти мамлакат фуқаролари томонидан етти йиллик муддатга сайланади. И.Каримовнинг етти йиллик муддати эса 2007 йилнинг 22 январида тугайди.

Унақасига ҳам, бунақасига ҳам гап 2007 йилнинг 22 январига келиб тақаляпти. Б.Мирбобоев вужудга келган вазиятга изоҳ берар экан, Олий Мажлис бу муаммонинг ечимини ҳам топиб қўйганини айтди.

“Айни масала мавжуд бўлгани учун ҳам Олий Мажлис қарор чиқариб қўйган. Шунинг учун бу масалада Олий Мажлисга мурожаат қилишингиз мумкин. Чунки бу ҳақда Олий Мажлиснинг аниқ қарори бор”, - дейди Конституциявий суд расмийси.

“Озодлик” мухбири унинг маслаҳатига амал қилиб, Олий Мажлиснинг ҳуқуқий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Собир Жабборовга мурожаат қилди. Унга: “Олий Мажлиснинг қарори Конституциясига зид келиши мумкинми, зид келса ҳам Конституциядан устун бўладими”, - каби саволлар берилди.

Аммо парламент вакили бу саволларга жавоб бера олмаслигини айтиб, яна Б.Мирбобоевга мурожаат қилиш ҳақида маслаҳат бериш билан чекланди.

Демак, на Конституциявий суд ва на парламент вакиллари бу саволларга жавоб бера олмагани учун яна Конституциясининг ўзига мурожаат қилишга тўғри келади. Конституциянинг 16-моддасига кўра, Конституциянинг бирор моддаси Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқи ва манфаатлари зиёнига талқин қилинмаслиги керак ва бирорта қонун ёки меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституциянинг меъёрлари ва тамойилларига зид келмаслиги шарт.

Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, “Эрк” партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ мамлакат парламенти муддати тугаган президентнинг ваколатларини ҳеч қандай сайловсиз 23 декабргача, яъни кейинги сайловгача узайтириш ҳақида қарор қабул қилганига шубҳа билдиради. Чунки бундай қарор қабул қилинганида ҳам у ноқонуний бўлишини айтади Муҳаммад Солиҳ.

М.Солиҳ И.Каримовнинг давлат раҳбари лавозимида ортиқ қолиши миллий қонунларга кўра жиноят ҳисобланишини таъкидлайди.

“Мавжуд қонунларга кўра, Ислом Каримов ҳокимиятни куч билан эгаллаб олган ҳисобланади. Бугун Каримовнинг мақоми ишғолчи мақомидир, яъни ҳокимиятни куч билан эгаллаб олган зўравоннинг мақомидир”, - дейди М.Солиҳ.

Ўзбекистон мухолифатининг яна бир вакили, “Бирлик халқ ҳаракати” партияси раиси Абдураҳим Пўлатов вужудга келган вазиятнинг қонунга хилоф жойи йўқлиги ва эътибор беришга лойиқ эмаслигини айтади.

“Ўзбекистон Конституциясига кўра, президентнинг ваколатлари битди. Лекин Ўзбекистон қонуний майдонида ҳамма нарса шунчалик аралаш-қуралаш бўлиб кетганки, қонунлар шунчалик бир-бирига зидки, ҳукумат ҳар қандай шароитда (вазиятдан чиқиш учун) йўл топа олади. Ўзбекистон президентини сайлаш ҳақидаги қонуннинг 39-моддасида айтилганки, Ўзбекистон президенти янги президент ваколатларини олгунча ўз ишини давом эттиради. Шунинг учун қонун нуқтаи назаридан бу ерда катта муаммо йўқ. Шунинг учун бу нарсага ортиқча эътибор бериб ўтирмасдан, мухолифатни бирлаштириш ҳақида ўйлашимиз керак”, - дейди А.Пўлатов.

А.Пўлатов тилга олган Ўзбекистон Республикаси президентини сайлаш ҳақидаги қонуннинг 8-моддасида айтилишича, янги президент сайловининг куни амалдаги президент муддати тугашидан уч ой аввал белгиланиши керак. Ҳарқалай Ўзбекистон ҳукуматининг расмий сайтида жойлаштирилган бу қонуннинг 2000 йил 26 майда қабул қилинган таҳририда ана шундай дейилади. Демак, Олий Мажлиснинг И.Каримовнинг ваколатини 23 декабргача узайтириш қарори бу қонунга ҳам зид келмоқда.

Нима бўлганда ҳам 2007 йил 23 декабрда ўтказилиши айтилаётган президент сайловида янги номзодлар қатнашиши керак, яъни И.Каримов амалдаги Конституция ва бошқа қонунларига кўра, бу сайловда қатнаша олмайди. Чунки 22 январь куни унинг иккинчи президентлик муддати тугади. Конституциянинг 90- моддасига муваофиқ бир шахс икки мартадан ортиқ Ўзбекистон Республикаси президенти бўла олмайди.

2002 йил 27 январь куни ўтказилган референдумга изоҳ берган Ислом Каримовнинг ўзи ҳам ҳокимиятга ёпишиб олиш истагида эмаслиги, жорий президентлиги иккинчи муддат ҳисобланишини таъкидлаган эди.

Муҳаммад Солиҳ эса, тажрибадан келиб чиқиб, 23 декабрда бўлиши айтилаётган президент сайловига Ислом Каримов ўз номзодини қўймаслигига ишонмайди.
XS
SM
MD
LG